Дарахтларни ноқонуний кесган фуқаролар энди 2 млн сўм жаримага тортилади
Мансабдор шахслар учун эса жарима миқдори 3 млн сўмдан ортиқ
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи online” томонидан эълон қилинди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-модда (Дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш)си биринчи қисми санкциясидаги «учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса – бир бараваридан уч бараваригача» деган сўзлар «беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача» деган сўзлар билан алмаштирилди. Яъни, энди дарахтларни ғайриқонуний равишда кесган фуқаролар 2 027 300 сўм, мансабдор шахслар эса 3 040 950 сўм жаримага тортилади.
Шунингдек, ушбу модда иккинчи қисмининг (Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса) санкциясидаги «бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан етти бараваригача» деган сўзлар «ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн беш бараваридан йигирма бараваригача» деган сўзлар билан алмаштирилди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш