Кредит олиш машмашаси ёки жиноят занжири узилди



 
  Расм манбаси : В Новом Свете

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасидаги билим ва савияси юксалиб бориши баробарида коррупцияга нисбатан жамиятда муросасиз муҳит шаклланмоқда. Қонун-қоидаларни билган ва уларга амал қилаётган, жиноий хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасиз фуқаролар, тадбиркорлар кўмагида жиноий қилмишга қўл урганлар фош этилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда.

Маълумки, тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳимоясига олинмоқда. Бундан руҳланган Сўх туманида яшовчи, «Азамати Бузург» МЧЖ раҳбари И.Аловуддинов туман марказида жойлашган, бўш бинони таъмирлаб, тўйхона қуриш мақсадида  «Агробанк»нинг Сўх тумани филиалидан 500 млн. сўм кредит олиш учун ҳужжатларни тайёрлаб топширади. Бироқ кредит ажратилиши пайсалга солинади. Банк филиали бошқарувчисининг ўринбосари Шоҳиджон вилоят банкида ишловчи танишлари орқали кредит маблағини тезлаштириб олиб бериш  эвазига тадбиркордан 1500 АҚШ доллари  талаб қилади.

И.Аловуддиновнинг тамагирга нисбатан қонуний жазо кўришни сўраб ёзган аризаси асосида Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Банк филиали бошқарувчисининг ўринбосари Ш.Ҳалимов тадбиркорнинг уйида 1000 АҚШ долларини олган пайтида ушланди.  Ш.Ҳалимов «Азамати Бузург» МЧЖга кредитни тезлаштириб бериш ҳақида банкнинг вилоят филиали кредит бўлими бошлиғи билан гаплашгани, пулни унга Фарғона шаҳрига қатновчи такси ҳайдовчилари орқали етказиб бериши лозимлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, жиноятни очишда қатнашиши ҳақида ариза ёзиб берди. Тадбир давом эттирилиб,  «Агробанк» Фарғона вилоят бошқармасининг тадбиркорлик субъектларини кредитлаш шўъбаси мудири С.Қўлдошев такси ҳайдовчиси Б.Эгамовдан 1000 АҚШ долларини олганида ушланди. С.Қўлдошев эса пулни банкнинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Мамадалиевнинг талаби билан МЧЖга кредитни тезлаштириб бериш эвазига олгани, унга бериши кераклигини, жиноятни очишда ёрдам беришини баён этди. Фарғона шаҳридаги кафелардан бирининг ёнида Х.Мамадалиев С.Қўлдошевдан олган 1000 АҚШ долларининг 200 долларини ёнида сақлаб туришини тайинлаб қайтариб бериб, 800 АҚШ долларини чўнтагига сол­ган пайтида  қўлга олинган.

Ўз навбатида Х.Мамадалиевнинг МЧЖга 500 млн. сўм кредит ажратиб бериш масаласини тезроқ ҳал қилиш ҳақида Республика «Агробанк»да ишловчи таниши Ойбек билан гаплашгани, пулни унга бериши лозимлигини баён этиб ёзиб берган аризасига асосан тезкор тадбир давом эттирилди. Ойбек телефонда Х.Мамадалиевга кредитнинг 2-3 фоизи миқдорида пулларни йўловчи таксидан бериб юборишни тайинлаган экан. Банкнинг республика марказий аппарати кредитлаш департаментининг бош мутахассиси О.Юсупов Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудида ёлланма ҳайдовчидан 1300 АҚШ долларини олганида ушланди.

Шу тариқа бефарқ бўлмаган, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишга одатланган фуқаронинг кўмагида бир занжирли жиноятнинг илдизига болта урилди. Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, тамагирлик, порахўрлик ботқоғига ботган О.Юсупов, Х.Мамадалиев, С.Қўлдошев, ва Ш.Ҳалимовларга суд тегишли жазо тайинлади.

Нодирбек ИСМОНОВ,

Бош прокуратура департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-10-11 19:20:26  |  2044 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация