Мерос талашув нафақат ҳуқуқий, балки маънавий муаммо ҳамдир
Конституциямизнинг 54-моддасида мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Маълумки, мулкдор бу каби барча ҳуқуқларидан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади.
Мерос мулки билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти таҳлилидан аниқланишича, бундай низолар асосан амалдаги қонун талабларини билмаслик туфайли келиб чиқмоқда. Оқибатда ворислар бир-бирининг қонуний ҳуқуқларини тан олишни истамайдилар.
2018 йилнинг 9 ойида жами 1 минг 234 та мерос билан боғлиқ иш судлар томонидан кўрилган. Шундан 715 та даъво қаноатлантирилган, 215 та даъво рад қилинган, 171 та иш кўрмасдан қолдирилган, 133 та иш тарафлар ўзаро келишганликлари сабабли юритувдан тугатилган.
Лекин, мерос низоси бир тарафнинг иккинчи тараф қонуний ҳуқуқларини тан олиш билан боғлиқ эканини ҳам унутмаслик керак. Нега деганда, суднинг қонуний ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин ҳам низо барҳам топмаган ҳолатлар ҳаётда учраб турибди. Яъни, афсуски, фақат суднинг адолатли ҳукми билангина қон-қариндошлар муносабати яхши бўлиб қолаётгани йўқ.
Шунинг учун мамлакатимиз суд тизими ходимлари томонидан ворислар ўртасидаги мерос низоларини кўриб чиқишда яқин қариндош бўлган ака-ука, опа-сингилларга тегишли ҳуқуқларини тушунтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, мерос талашаётган яқин қариндошларни яраштириш ва низони тинч келишув йўли билан ҳал этишга йўл очмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойида қуйи судлар томонидан 133 та, Олий судда ишни назорат тартибида кўриш жараёнида 5 та, жами 138 та иш бўйича ворислар яраштирилиб, низога барҳам берилгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Мисол учун, бир ота-она фарзандлари бўлган, ёши 50-60 ёшдан ошган 8 нафар ака-ука ва опа-сингил отаси вафот этганидан кейин мерос мулки бўлган қарийб 14 сотих ер майдонидаги уй-жойларни ўзаро талашишга тушишган. Она ҳаёт, ворислардан 5 нафари мерос улушларидан воз кечган. Турмуши бузилиб, уч нафар фарзанди билан ота уйида яшаб келаётган сингил ва ака-укага ҳуқуқлари тушунтирилиб, уйни бўлиб олиш, ўртадаги муносабатларини сақлаб қолиш таклиф этилди. Уларнинг ушбу таклифга розилиги олиниб, келишув битими имзоланди. Бу оқилона ечимга она ва бошқа ака-ука ҳамда сингиллар ҳам рози бўлишди. Шундай қилиб, тарафлар ўртасидаги уй ва ер низоси барҳам топди.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолат катта ёшли уч нафар ака-ука ва сингил ўртасидаги мерос низоси билан боғлиқ. Бу ҳолатда ҳам 6 сотих ер майдонидаги уйларнинг бир қисми – сингилга, иккинчи қисми эса ака-укаларга қолдирилди. Тарафларни ўзаро келиштириш йўли билан муаммо ҳал этилди.
Мерос ишлари билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти таҳлили яна шуни кўрсатмоқдаки, агар ота-она ҳаётлиги вақтида ўз фарзандларига мол-мулкни бўлиб берган ёки васиятнома қолдирган бўлса, бундай ҳолатларда туғишганлар мерос талашиб юрмайди.
Ачинарли жиҳати шундаки, мерос мулкини талашаётганларнинг аксариятини катта ёшлилар ташкил этади. Бундай бир-бирига яқин қариндош бўлган ёши улуғ инсонларнинг низолашиб юриши оқибатида ҳатто уларнинг фарзандлари ўртасидаги муносабатларга ҳам путур етмоқда. Шундай экан, мерос билан боғлиқ низолар нафақат ҳуқуқий, балки маънавий муаммо ҳамдир.
Бу, ўз навбатида, мерос мулки билан боғлиқ низолар жамиятимизда инсонлар ўртасидаги қон-қариндошлик муносабатларига зиён етказаётгани ҳақида аҳоли ўртасида атрофлича тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришни тақозо этади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббуси билан яқинда “Ворислик ҳуқуқи”, “Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи” номли амалий қўлланмалар тайёрланди. Бу қўлланмаларда ворислик тушунчаси, мерос таркиби, меросхўрлар, васиятнома бўйича ворислик, қонун бўйича ворислик каби ҳуқуқий ҳолатлар содда тилда тушунтирилган. Шунингдек, васиятнома қолдиришнинг аҳамияти, васиятнома намуналари, меросни қабул қилиш масалалари суд амалиётидан мисоллар ёрдамида изоҳлаб берилган.
Ушбу китоблар ўзбек ва рус тилида чоп этилиб, Халқ қабулхоналари, маҳалла фуқаролар йиғинлари кутубхоналарига етказилди. Уларни фуқароларга бепул тарқатиш йўлга қўйилди. Қўлланмаларнинг электрон шакли билан Олий суднинг расмий веб-сайтида (oliysud.uz) танишиш мумкин.
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари
Kun.uz
1 изоҳлар
1.Шарипов.шермамат.бабжнвч.
суд..карорни..нотугрлги..Хакидать.Хабар..бераман...меросни.тулик.хисоблаб.холда.олмочма
Изоҳ қолдириш