Ҳуқуқий таълим-тарбия аҳволи қониқарлими?
Умумтаълим мактабларда конституция, ҳуқуқ каби муҳим фанларни ўқитишда айрим муаммо ва камчиликлар мавжуд.
Хусусан, «Конституция алифбоси» фани 1-4-синфларда алоҳида предмет сифатида эмас, балки «Ўқиш», «Атрофимиздаги олам», «Табиатшунослик», «Одобнома» фанлари ва тарбиявий соат таркибида ўқитилмоқда. «Конституция оламига саёҳат» фанидан эса, 5-6-синфларда «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари»га ажратилган соатлар доирасида дарс берилмоқда. «Конституциявий ҳуқуқ асослари» ўқув предмети бўйича 9-синфда, шунингдек, «Давлат ва ҳуқуқ асослари» ўқув предмети бўйича 8, 10 ва 11- синфларда ҳафтасига атиги бир соатдан ўқитилади, холос.
Ҳуқуққа доир фанлар ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган мажбурий малака талабларига киришига қарамай, умумтаълим мактаблари ўқувчилари бу фанлардан имтиҳон топширмайди.
Агар умумтаълим мактабларининг 8-синф ўқувчилари синфдан-синфга ўтишда учта фандан бири сифатида «Давлат ва ҳуқуқ асослари» ўқув предметини танласа, ўшандагина бу фандан имтиҳон топшириши мумкин. Табиийки, ҳуқуққа доир фаннинг бир қадар мураккаблиги ва уни ўзлаштириш нисбатан қийинроқ эканидан келиб чиқилса, демак, 8-синф ўқувчилари ҳам ушбу дарсдан имтиҳон топширмаслиги ўз-ўзидан равшанлашади.
Ҳуқуққа доир фанларни ўқитишда кадрлар салоҳияти ҳам етарли даражада эмас. Мамлакатимиздаги мавжуд умумтаълим мактабларида «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фанидан дарс бераётган жами 9 минг 255 нафар ўқитувчининг бор-йўғи 88 нафари (0,95 фоиз) «Юриспруденция» мутахассислигига, 3 минг 931 нафари (42,5 фоизи) «Миллий ғоя ва ҳуқуқ» мутахассислигига эга. Қолганлари эса она тили ва адабиёти, тарих ва архивариус, сиёсатшунос мутахассислардир.
Қуйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган халқ таълими вазирининг эшитувида бу жиҳатлар алоҳида таъкидланиб, қизғин муҳакамаларга сабаб бўлди.
Ўзаро мунозара, савоб-жавоб тарзида кечган эшитувда депутатлар нафақат халқ таълими тизимида, балки олий ва ўрта махсус таълим тизимида ҳам ҳуқуққа доир фанларни ўқитишни ҳамда кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтариш масаласига эътибор қаратдилар.
Бу борада мутахассис ва экспертларнинг таклиф ва тавсиялари эшитилди. Жумладан, ҳуқуққа доир фанлардан сифатли таълим бериш даражасини ҳар томонлама ошириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетини бевосита таянч олий таълим муассасаси сифатида белгилаш, университет таркибида ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқий таълим бўйича педагог кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, мазкур фан ўқитувчиларининг билими ва педагогик маҳоратини юксалтиришга қаратилган таъсирчан амалий чораларни кўриш, ўқув предметлари, дарсликлар сифатини давр талаблари асосида тубдан ошириш, ҳуқуқ фанларига оид дарслик ва қўлланмаларда, шунингдек, мазкур фанларни ўқитиш жараёнида такрорланишларнинг олдини олиш ҳамда мураккаб терминологияни қўллашдан сақланиш лозимлиги таъкидланди. Бунда якдил хулосага келиш учун ҳуқуқий дарсликлар муаллифлари ўртасида самарали ҳамкорлик муҳитини яратиш муҳим аҳамиятга эга.
Тадбир якунида қўмита эшитуви бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Нурилло Насриев,
(ЎзАдан олинди).
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш