Адвокат сўрови бажарилмаса – жавобгарлик муқаррар



 
  Расм манбаси : Український тиждень

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг роли ҳамда аҳамиятини кучайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинишида бугунги кун адвокатурасининг ҳолати кўрсатилиб, унинг олдидаги муаммолар бирма-бир санаб ўтилди. Бу бежиз эмас, албатта.

Жумладан, ҳозирги кунгача суриштирув ҳамда тергов органларининг айрим ходимлари томонидан адвокатларнинг ўз ҳимояси остидаги шахслар олдига киришига юзаки важлар билан тўсқинлик қилишлари, бундай ҳолатларда адвокатлар томонидан зарур қонуний чоралар кўриш механизми йўқлиги ҳеч кимга сир эмас.

Мазкур Фармонда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган бир қатор янгиликлар жорий қилинди. Хусусан, шу йилнинг 1 июли­дан бошлаб адвокат низоларни судгача ҳал этиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Авваллари адвокатларнинг суд биносига ташкилий техника воситалари олиб киришига фақат суд раиси рухсати билангина йўл қўйилар, аксарият ҳолларда суд раислари турли баҳоналар билан бундай қурилмалар олиб кирилишига монелик қилар эди. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги Фармони билан адвокатларга суд биносига компьютер, мобиль ҳамда бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқи берилгани уларнинг меҳнатини янада енгиллаштириш билан бир қаторда, судларда ҳақиқий тортишувлик принципига риоя этилиши, қонун устуворлиги таъминланиши ва ҳақиқий қонуний ҳимоя амалга оширилишига кенг йўл очиб беради. Бунда адвокат фақатгина битта талабга риоя қилиши шарт — қайд этилган қурилмалардан суд биноси ичкарисида фойдаланиш суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаслиги керак.

Яна бир муҳим янгилик. Фармон билан адвокат сўровларига жавоб бериш муддатлари қатъий белгилаб қўйилди. Унга кўра, сўровномага у олинган кундан эътиборан кў­пи билан ўн беш кун муддатда жавоб берилиши шарт. Адвокат сўровига биноан маълумотларни ўз вақтида тақдим қилмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этишда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белги­ланган тартибда маъмурий жавобгарликка тор­тилади. Бу эса адвокат сўровномаларининг сўз­сиз бажарилишини таъминлайди.

Илгариги тартиб бўйича адвокатлик бюролари ўзлари жойлашган бинони тураржойлар тоифасидан нотураржойлар тоифасига ўтказишлари шарт эди. Бу ҳолат ҳам адвокатура фаолиятининг ривожланишига салбий таъсир ўтказиб, адвокатлик тузилмаларига монелик қилиш воситаларидан бири эди. Фармон билан адвокатлик бюроси ўз фаолиятини ўзига тегишли бўлган тураржойда амалга ошириши мумкинлиги, ушбу тураржойни нотураржой тоифасига ўтказиш талаб этилмаслиги белгилангани ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида айтганда, Президентимизнинг мазкур Фармони суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, адвокатура тизимини янада ривожлантириш, адвокатларнинг ролини кучайтириш, пировардида, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мустаҳкам ҳимоя қилиш борасида муҳим қадамлардан бири бўлди.

 

Бекзод ПИРХАЛОВ,

Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси

("Инсон ва қонун" газетасидан олинди).

2018-09-28 15:32:07  |  2848 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация