Амалиётда Янги Конституция руҳига зид ҳолатлар бор...



 
  Расм манбаси : 

30 апрель куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририни қабул қилиш учун умумхалқ референдуми ўтказилади. Конституцион ислоҳот доирасида адвокатура институтининг мақоми Асосий қонунда мустаҳкамланаётгани, унинг тергов органи, жумладан прокуратура органлари билан процессуал тенглаштиришга қаратилган ҳаракатлар бўлаётгани қувонарлидир. Зеро, бугунги кунда айнан тергов органи билан адвокатуранинг процессуал тенгсизлиги амалиётда одил судлов обрўсига соя ташлайдиган жиддий камчиликларни келтириб чиқармоқдаки, қуйида шу хусусда ўз мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим.

Маълумки, тергов органи ҳақиқатни аниқлаш учун ўз ваколатлари доирасида (ЖПК талабларига мувофиқ) ахборот-коммуникация воситаларидан керагича фойдаланади. Бироқ адвокатлар учун бу борада ҳар хил сунъий тўсиқлар, чекловлар борлиги ҳеч биримизга сир эмас. Аниқроғи, адвокатнинг ҳимояни амалга ошириш учун ўзи иштирок этаётган тергов ҳаракатлари давомида ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиши чекланган. Ҳозир қоғоз-қалам кўтариб юриладиган бурунги замонлар эмас, маълумот тўплашга хизмат қилувчи техника воситалари – адвокатлар учун ҳам иш қуроллари ҳисобланади. Тергов органи ноутбук, флешка, фотоаппарат, видеокамера, планшет, телефон ва бошқа техникалардан эмин-эркин фойдалангани ҳолда адвокатларнинг бу имкониятдан мосуво этилиши адвокатура ва тергов органи ёхуд айблов билан ҳимоя амалда мутлақо тенг эмаслигини яққол намоён этади.

Адвокат малакали юридик ёрдам кўрсатиш, яъни ҳимояни амалга ошириш ва далиллар тўплаш учун биргина телефон аппаратидан фойдаланмоқда, холос. Шу ҳам агар тергов ИИО тергов бўлимлари томонидан олиб борилаётган бўлса!.. Прокуратура ва ДХХ идораларида  олиб борилаётган тергов ҳаракатларидан ҳимоячининг телефони олиб қўйилмоқда. Адвокат телефонидан уларга қанақа хавф бор? Қолаверса, бу тақиқни ўйлаб топиб, қонун ва мантиққа зид буйруқ билан расмийлаштирган юқоридаги икки идора раҳбарлари Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилган, айримлари жазони ўтаб чиқишган ҳам. Аммо ларнинг ўша эски буйруқлари маънан эскирганига ва аслида коррупцион вазиятни юзага келтиришга хизмат қилаётганига қарамай, ҳануз амал қилиб келмоқда.

Яна бир муаммони айтмасам бўлмайди. Малакали юридик ёрдам кўрсатиши учун адвокат иш ҳужжатлари билан ўз вақтида танишиб чиқиш, тўғрироғи зарур ҳужжатлардан нусхалари унинг ўзида бўлиши лозим – Жиноят-процессуал кодекс талаби ҳам шу. Бироқ амалда ҳужжатлардан нусха олиш у ёқда турсин, кўп ҳолларда уларни бир мартагина кўз югуртириш учун қўлга олиш имкони ҳам бўлмайди ҳатто. Бунақа ҳолатлар ҳам асосан дастлабки тергови прокуратура ёки ДХХ идоралари томонидан олиб борилаётган жиноят ишларида кузатилмоқда. Конституциявий ислоҳот доирасида бу каби муаммолар узил-кесил бартараф этилиши шарт. Зеро, масала адвокатнинг иззат-нафси билан эмас, балки инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш билан боғлиқ масаладир. Чунки тергов органлари адвокатнинг касб мажбуриятларини бажаришига – малакали юридик ёрдам кўрсатишига бундай сунъий тўсиқлар қўйиш билан фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган муқаддас ҳуқуқларига дахл қилишяпти.

Маълумки, қонунчиликка кўра адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан учрашувлар сони ва вақти чекланмаган ҳолда учрашиши мумкин. Аммо қонун чекламаган бу ҳуқуқимизни қонун ижрочилари чеклаяпти. Боз устига, агар шахс ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган бўлса, адвокат у билан ВСҲнинг видеокузатув воситалари ўрнатилган хонасида гаплашишга мажбур бўлаётганлиги фуқароларда адвокатура институтига нисбатан шусиз ҳам мустаҳкам бўлмаган ишончсизлик ҳиссини кучайтирмоқда. Бундан ташқари, адвокатлар ҳибсхонага телефон аппаратини олиб кира оладилар, лекин телефондан ҳимоя остидаги шахс билан суҳбатни ёзиб олиш ва бошқа эҳтиёжларда фойдаланишда бир талай муаммолар мавжуд.

Ҳимояни самарали ташкил қилиш йўлидаги сунъий тўсиқларлардан яна бирини алоҳида қайд этишни хоҳлардим. Биламизки, юридик ёрдам кўрсатиш, хусусан, жиноят ишларида ҳимояни амалга ошириш учун далиллар тўплаш жараёнининг муҳим қисмларидан бири бу адвокатлик сўрови йўллаш орқали турли идоралардан маълумотлар олишдир. Адвокатлар ўз касбий фаолиятида айниқса давлат хизматлари марказларига, кадастр ва архивларга, банкларга сўров юбориб, маълумот ва кўп ҳолларда ҳужжатлардан нусхалар беришни сўрайдилар. Идора ва ташкилотлар эса Вазирлар Маҳкамаси қарорини рўкач қилиб, ҳужжатлардан нусха берганлик учун тўлов талаб қилишмоқда, хизматлар прейскурантида белгиланган миқдорда пул тўламагунча улардан зарур маълумот ва ҳужжатларни олиб бўлмаяпти. Тергов органи айбловга кўмаклашувчи ҳужжатларни бепул йиғаётган вақтда адвокат уларни пулга сотиб олса... билмадим, буни нима деб аташ мумкин. Ҳар не бўлганда ҳам мазкур амалиёт адвокатура институтини халқ назарида давлатга бегона ёки ўгай ташкилот каби кўрсатиб келаётган омиллардан бири экани кундек равшан.

Яна бир мулоҳаза. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳририда 142-моддаси 2-қисми “Адвокатга ўз ҳимояси остидаги шахс билан монеликсиз ва ҳоли учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади” дея баён қилинган. Менимча, бу ўринда “маслаҳатлар бериш” деган сўзларни “ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш” деб ўзгартириш керак. Чунки маслаҳат бериш тор тушунча бўлиб, ҳуқуқий ёрдамнинг бир тури ҳисобланади. Ҳуқуқий ҳимоя эса давлатнинг адвокат орқали амалга ошириладиган функциясидир. Давлат адвокатнинг фуқароларга фақат маслаҳат беришини эмас, балки барча турдаги ҳуқуқий ёрдам кўрсатишини кафолатлаши, тергов ҳибсхоналарида ва бошқа жойларда ҳимояни амалга ошириши учун шарт-шароит билан таъминлаши зарур.

Конституцион ислоҳот муносабати билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга монелик қилаётган, ҳимоя билан айбловнинг ўзаро тенглиги ва тортишувчанлиги принципларининг амалда ишлашига тўсиқ бўлаётган ушбу муаммолар бартараф этилган тақдирда, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида катта қадам ташлаган бўлур эдик.

Умид БЎТАБОЕВ,

Адвокатлар палатасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи

2023-04-25 09:40:00  |  906 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Ноябрь 14, 2023  10:18

1.Гули

Прокуратура, ДХХ, ИИВ ходимлари учун инсон хаёти бир пул. Улар уз ваколатидан фойдаланиб, жиноятчи булмаган инсонларни хам айбдор деб топишиб, инсонлар келажагини барбод килишяпти. «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт келди.- деб таъкидлаб утганди бир пайтлар Президентимиз Ш.Мирзиёев. Афсуски, ҳаётда хали хам бунинг аксини куришимиз мумкин.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация