Реабилитация қилинган шахсларга етказилган моддий зарарни қоплашнинг янги тартиби белгиланмоқда
Зарар маҳаллий бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан тўланади ва кейинроқ айбдор мансабдор шахсдан ундириб олинади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал ва Фуқаролик кодексларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Хусусан, Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра, реабилитация қилинган шахсга етказилган мулкий зарарни қоплаш манбалари (305-модда) ўзгартирилмоқда. Яъни, қуйидаги зарарлар мансабдор шахслари зарар етказган давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари (ҳозирда – молия органлари) маблағлари ҳисобидан тўланади:
1) реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;
2) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;
3) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;
4) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;
5) юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 991-моддаси биринчи қисмининг янги таҳририда қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўлланиш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш натижасида фуқарога етказилган зарар суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар, қонунда белгиланган тартибда мазкур давлат органлари томонидан бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан тўла ҳажмда қопланиши, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олиниши белгиланган.
Қонун лойиҳаси 2019 йил 30 мартга қадар муҳокамада бўлади.
4 изоҳлар
1.Нурмухаммад
2013 йилда янги нексия автомашинани мусодара қилишган, 2024 йил оқланди ЖПК 83.1 асосида, хозирда мулкий зара машина нархи қандй бахоланади ва моддий зарар қандай белгиланади.
2.Элдор
Айнан шу мавзуда илмий иш ёки деплом ишлари қилинганми.
3.Илгорбек
Ахрорбекнинг берган саволи менга хам қизиқ реабилитация этилган шахс олдинги иш хақларини хозирги кун қиймати ёки хозирги кундаги инфляция хисобида хисобланадими
4.Ахроржон
Реабилитация этилган шахснинг олдинги иш хакларини хозирги Кун киймати ёки хозирги кундаги инфляция хисобида хисобланадими
Изоҳ қолдириш