Суд эксперти: бу соҳага ишимиз тушганми?
Жиноятчиликка қарши курашда суд экспертиза имкониятидан фойдаланиш жуда муҳим. Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида илмий тадқиқотлар натижаларини суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этиш, суд экспертизаларини ўтказиш услубиётини такомиллаштириш, суд экспертиза муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устивор йўналишлари этиб белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, суд-экспертлик фаолиятида мавжуд камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда суд экспертларининг жиноятларни очиш ва тергов қилиш жараёни криминалистик таъминотининг ривожланиш истиқболларини ўрганиш ҳамда такомиллаштириш борасида тегишли илмий изланишлар олиб боришга эҳтиёж сезилади. Чунки республикамизда бу борада қилинмаган ишлар жуда кўп, жумладан, суд экспертларининг фаолиятини баҳолаш мезонларининг йўқлиги, эксперт хулосасининг кириш, тадқиқот ва якуний хулосалари қисмидаги ҳамда далилий ашёларни таърифлаб ёзишдаги камчиликларнинг мавжудлигини ҳозирги кунда инкор этиб бўлмайди.
Экспертнинг мажбуриятига экспертиза объектини сақлаш ва тўлиқлигини таъминлаш киради. Агар объект экспертиза қилиш жараёнида тўлалигини йўқотган ёки қисман бузилган ёки шакли ўзгарган бўлиб, бунинг натижасида қайта экспертиза ўтказиш имконияти қолмайдиган ҳолатга келиши мумкин бўлган тақдирда, эксперт жиноят ишини юритаётган органдан тегишли рухсат олиши ва бундай натижаларнинг бўлиши тўғрисида огоҳлантириб қўйиши шарт.
Ушбу мавзу бўйича махсус криминалистик адабиётларни ўрганиб ҳамда бой амалий тажрибага эга бўлган суд экспертларининг фикрларини таҳлил қилиб, экспертиза натижалари ва эксперт хулосасини расмийлаштиришда қуйидагиларни таклиф қиламиз:
биринчидан, суд экспертиза муассасалари раҳбарлари тергов ва суд органлари раҳбарлари билан ҳамкорликда ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиришда суд эксперти иштирокида олинган ҳамда экспертиза тайинлаш учун тақдим этилган ашёвий далиллардан фойдаланиш фаолиятини биргаликда таҳлил этишлари лозим;
иккинчидан, тергов ва суд органлари томонидан экспертиза хулосаларини жиноятларни очиш ва тергов қилиш фаолиятида қай даражада фойдаланганликларини мунтазам таҳлил қилиб боришлари керак;
учинчидан, суд экспертларининг иш фаолияти кўрсаткичларини ишлаб чиқиш (масалан, ўтказилган экспертиза тадқиқотларининг миқдори, сифати, экспертиза натижаларини расмийлаштириш фаолияти, қўйилган саволларга жавоб бериш сифати ва шу кабилар);
тўртинчидан, суд экспертиза муассасасининг фаолиятида мавжуд назорат ҳужжатлар, ҳужжатлаштириш ҳамда иш юритиш фаолиятининг тўғрилигини мунтазам равишда текшириш. Бу фаолият натижасида ҳисобга олиш ва рўйхатга олиш журналларини юритиш, экспертиза натижалари ва эксперт хулосаларини расмийлаштириш жараёни тўғри юритилаётганлиги аниқланади, камчиликларга йўл қўйилмаслигига эришилади;
бешинчидан, тадқиқот объектларини текширишда экспертиза тадқиқотлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаслик ҳолатларини аниқлаш ва бунга нисбатан тегишли чоралар кўриш лозим. Чунки юқоридаги каби ҳолат суд экспертларининг фаолиятида масъулиятсизликни келтириб чиқаради ва натижада бутун тизим самарасиз иш олиб боради.
Мадина МУҲАМЕДЖАНОВА,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази давлат суд эксперти
(“Инсон ва қонун” газетасидан олинди).
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш