"Фермерлар қасамёди тадбиркорлик муҳитига салбий таъсир кўрсатади"



 
  Расм манбаси : "Сирдарё ҳақиқати" газетаси.

Мақолада Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Ўткирбек Холмирзаев қасамёд тушунчаси, ҳуқуқий мазмуни ва фермернинг ҳуқуқий ҳолати бўйича ўз фикрларини билдиради. Шунингдек, бу каби қасамёд қилишлар тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича қилинаётган ишларга зид экани таъкидлайди.

Гулистон шаҳри ҳокимлиги қаршисидаги майдонда Боёвут ва Гулистон туманлари фермерлари “ўз аҳдларига, шон-шавкатларига содиқлигини ифодалаб, юрт тараққиётига беқиёс ҳисса қўшишни, нопок ишларга қўл урмасликни эзгу ният қилиб, қасамёд қабул қилганликлари” кўпчиликни анча шошириб қўйган бўлса керак. Бозор иқтисодиёти муносабатларида қасамёд фақатгина айрим мансабдор шахсларнинг хизмат вазифасига киришишида тантанали эълон қилинадиган рамзий тадбирга айланган.

Тадбиркорлик субъекти – фермер хўжалигининг бундай шаклда қасамёд қилиши ҳайратланарли бўлиб, фермерларнинг қандай аҳдлари борлиги, қандай шон-шавкатга содиқлик талаб қилиниши каби саволлар туғилади. Бу ер эгалари олдидаги аҳдларми? Ёки шартномавий мажбуриятларми?

Қасам қадим замонлардан бери қўлланиб келади. Диний нормаларда қасам муқаддас ҳисобланиб, уни бузиш гуноҳ саналган.

Қасамёд (қасам) ўз моҳиятига кўра, муайян мажбуриятларни бажаришга бўлган садоқат ва фидойиликни тантанавор ифода этишни англатади.

Қасамёд ҳуқуқий нуқтаи назардан муайян мансабдорлар ёки хизматчиларнинг давлат, жамият ва фуқаролар олдидаги ахлоқий ҳамда ҳуқуқий масъулиятини тантанали тан олишидир. Қонунчилигимизда муайян мансабдорларнинг қасамёд қилиши лавозим мажбуриятларига киришишнинг шарти сифатида белгиланган бўлиб, президент, судя, ҳарбий хизматчи, врач, адвокат каби лавозимларга киришиш учун белгиланган тартибда қасамёд қилиш лозим.

Конституциянинг 92-моддасига мувофиқ президент Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади.

Шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги қонунига кўра, илк бор судя лавозимига сайланган ёки тайинланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилганидан кейин ўз вазифасини бажаришга киришади:

“Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан”.

Судялар давлат байроғи олдида ҳам тантанали вазиятда қасамёд қиладилар.

Худди шу каби ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматга киришда, врачлар ҳам олий тиббий маълумот ҳақида ҳужжат олган вақтда қасамёд қилишади.

Лекин қасамёдни бузиш тўғридан-тўғри оқибат келтириб чиқармайди, тўғрироғи, қасамёдни бузганликни тартибга солувчи алоҳида ҳуқуқий механизм йўқ. Бу касб этикаси қоидалари ҳамда қонун ҳужжатларини бузиш (масалан, мансаб ваколатидан четга чиқиш, мансабга совуққонлик билан қараш, пора олиш) учун жавобгарликни белгилаш орқали тартибга солинади.

Юқоридагилардан кўринадики, қасамёд муайян лавозим бўйича хизмат вазифасига киришаётган шахсларнинг ўз касбига, вазифаларига садоқатини тантанали эълон қилишидир.

Ҳеч замонда фермер ҳам қасамёд қиладими?

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига кўра, фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектидир.

Шунингдек, фермер хўжалиги юридик шахс бўлиб, унинг бошлиғи шу хўжаликнинг муассиси – фермердир. Ўн саккиз ёшга тўлган, қишлоқ хўжалигида тегишли малака ёки иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон фуқароси фермер бўлиши мумкин. Бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фермер хўжалиги номидан ана шу хўжалик бошлиғи иш кўради.

Демак, фермер хўжалиги тадбиркорлик субъекти – юридик шахс бўлиб, унинг бошлиғи давлат ва жамият олдида, шартномавий мажбуриятларидан ташқари, алоҳида бир вазифа олмайди. Табиийки, қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларни бажариш ҳар бир шахс учун мажбурий бўлиб, унинг учун маросим шаклида қасамёд қилиш аҳамиятга сазовор ҳисобланмайди.

Агар фермерларнинг хабарда келтирилган “ўз аҳдларига, шон-шавкатларига содиқлиги” масаласига тўхталсак, буни ўз шартномавий мажбуриятларини, яъни, фермер ва тайёрловчи ўртасида тузиладиган контрактация шартномаси бўйича мажбуриятларни бажаришга аҳд қилиш деб тушуниш тўғри бўлса керак (албатта, қонунда фермернинг фаолиятидан келиб чиқиб бир қатор мажбуриятлар белгиланган). Шартномавий мажбуриятлар эса ўзаро манфаатдорликни тақозо этиб, ушбу мажбуриятларни бажариш қасамёд орқали таъминланмайди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ контрактация шартномаси бўйича хўжалик бундай маҳсулотларни қайта ишлаш ёки сотиш учун харид қилувчи шахсга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини келишилган муддатларда бериш мажбуриятини олади. Тайёрловчи эса муайян нарх бўйича келишилган муддатларда ҳақ тўлаб ушбу маҳсулотларни сотиб олиш мажбуриятини олади.

Шартномавий муносабатларда эса қасамёд ҳеч қандай юридик аҳамиятга эга бўлмайди. Қонунчиликда шартномавий мажбуриятларни таъминлашнинг гаров, кафолат, кафиллик каби бир неча турлари назарда тутилган.

Қасамёд давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари қаршисида (хабарларда ҳоким, вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг вакиллари иштирок этганлиги айтилади) ташкил этилганидан кўринадики, фермерлар давлат органлари олдидаги аҳдларига содиқлик бўйича қасамёд қилган бўлиши мумкин.

Умуман олганда, тадбиркорлик субъектлари бўлган фермер хўжаликлари раҳбарларининг бундай шаклда давлат органлари қаршисида қасамёд қилдирилиши тадбиркорлик ва инвестиция муҳитига жуда салбий таъсир қилади. Бу тадбиркорлик субъектларининг давлат ва жамият олдида ўзи билмаган янги бурчлари, аҳдлари ва бошқа мажбуриятлари мавжудлиги ҳақида сигнал сифатида қабул қилиниши мумкин. Юқорида таъкидланганидек, қонун фермер ўз маҳсулотини фойда олишни кўзлаб ишлаб чиқариши ва сотиши лозимлигини назарда тутади.

Фермер хўжаликларидан – тадбиркорлик субъектларидан қасамёд шаклида мажбуриятларни кафолатлашни эшитиш ҳуқуқий нигилизмдан бошқа нарса эмас. Айни ҳолат фермернинг ер эгалари олдида қасамёд қилиши шаклида фермерлар ва давлат (ер эгаси) ўртасидаги муносабатларнинг асл моҳиятини акс эттирди.

Унутмаслик керакки, тадбиркорлик субъектига қасамёд шаклида мажбурият юклаш на ҳуқуққа, на ахлоққа тўғри келади. Бу қасамёд тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг давлат органлари томонидан етарли даражада тан олинмаслиги, уларни давлат олдида бурчли шахс сифатида кўриш каби қонунга зид ҳодисаларнинг янада кўпайишига олиб келади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар мантиғига зид, уларнинг амалга оширилишига руҳий тўсиқ бўладиган қасамёд тадбирларига чек қўйиш, тадбиркорлар ва инвесторларни қонун устуворлиги (ер эгалари иродаси устунлиги эмас) таъминланишига ишонтириш керак.

Ўткирбек ХОЛМИРЗАЕВ

Turon24

2018-11-22 17:11:01  |  2011 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация