Бирлашмаган тўзар. Адвокатура соҳасида корпоратив бирлик қай аҳволда?
Корпоратив бирлик ҳар қандай меҳнат жамоаси учун зарур. Бироқ ўзини ўзи бошқариш функцияларига эга, давлатдан мустақил ташкилотлар учун у икки карра муҳим. Шу жумладан, адвокатура учун ҳам. Зеро, қонунда таърифланганидек, адвокатура бу “адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади”.
Хўш, адвокатлар орасида корпоратив бирлик қай даражада таъминланган? Юридик фанлар доктори, Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Услубий-маслаҳат кенгаши раиси ҳамда газета ва журналимиз таҳрир ҳайъати раҳбари адвокат Баҳром Саломов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
Баҳром ака, суҳбатимизни корпоратив бирлик тушунчаси ва унинг аҳамиятига доир фикр-мулоҳазалардан бошласак.
Корпоратив бирлик ёки корпоративизм муайян ижтимоий гуруҳларнинг умумий манфаат ёки касбий фаолиятига кўра хатти-ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида бирлашувидир. Давлат идоралари ва муассасалари “бошлиқ-ходим” принципи асосида фаолият юритиши сабабли уларда классик кўринишдаги корпоративизмга эҳтиёж бўлмайди.
Нодавлат-нотижорат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, касбий уюшмалар эса бутунлай бошқа масала. Улар корпоративизм негизида қурилади ва бирлашувдан кўзланган мақсадга эришиш корпоратив бирликнинг қай даражада таъминланишига боғлиқ бўлиб қолади.
Дунёнинг барча мамлакатларида, жумладан, бизда ҳам асосан ижодий характердаги касб эгаларининг корпоратив ташкилотлари мавжуд. Масалан, рассомлар, ёзувчилар, бастакорлар, архитекторлар ва бошқаларнинг уюшма ёки иттифоқлари, бирлашмалари фаолият юритади. Адвокатлар палатаси ҳам шаклан уларга ўхшаш ташкилотдир.
Авваламбор, корпоратив бирликни таъминлайдиган ташкилот давлат ташкилоти бўлиши мумкин эмас, бўла олмайди ҳам. Ривожланган давлатлар, ҳатто МДҲ мамлакатларида ҳам корпоратив бирликни адвокатларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки жамоат ташкилоти таъминлаб беради. Яъни, адвокатларни жипслаштиришга, уларнинг умумий манфаатлар йўлида бирлаштиришга ҳаракат қилади. Бу ё жамоат ташкилоти, ёки ўзини ўзи бошқариш ташкилоти шаклида бўлиши керак. Масалан, Россия мисолида кўрадиган бўлсак, мамлакатда адвокатларнинг корпоратив бирлигини таъминлаш учун аввало – мажбурий аъзоликка асосланган Федерал адвокатлар Палатаси масъул. Шу билан бирга Россия Адвокатлар гильдияси, Юристлар ассоциацияси, қолаверса, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) бирлашмаси ва бошқа ташкилотлар ҳам корпоратив бирликни таъминлашга ёрдам беради. Шунингдек, Европа ва АҚШнинг ҳар бирида касбий манфаатларни таъминлашга қаратилган адвокатларнинг бир неча бирлашмалари фаолият юритади.
Шу ўринда тарихга мурожаат қилсак. Адвокатура соҳасида корпоративизм қачон ва қай тариқа шаклланган?
1990 йилга қадар Ўзбекистонда ва умуман собиқ Иттифоқда адвокатларни бирлаштирадиган жамоат ташкилоти ёки ўзини ўзи бошқариш органи бўлмаган. 1989 йилнинг февраль ойида Москва шаҳрида мамлакатдаги 13 республиканинг (Литва ҳамда Эстониядан ташқари) адвокатлар коллегияларидан таркиб топган 507 нафар вакил СССР Адвокатлар уюшмасига асос солишган эди (Ўзбекистондан 38 нафар адвокат иштирок этган). 1991 йилда СССР парчаланди, орадан бир йил ўтиб (1992 йил 21 май) мазкур ташкилот Халқаро адвокатлар уюшмаси (ҳамдўстлиги) номи билан қайта ташкил этилди.
Давлатимиз мустақилликка эришганидан сўнг бизда ҳам адвокатларни ягона ташкилотга бирлаштириш ва улар орасида корпоратив бирликни таъминлаш ҳаракатлари бошланди. 1996 йилда “Адвокатура тўғрисида”ги, 1998 йилда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинганидан сўнг республиканинг 8 вилоятидаги адвокатлар коллегиялари раислари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, унда Ўзбекистон Адвокатлар ассоциациясини тузиш учун астойдил саъй-ҳаракатлар бошланди. Таъкидлаш жоизки, Ассоциацияни тузишда давлат идоралари ташаббус кўрсатгани йўқ. Адвокатларнинг мазкур жамоат бирлашмаси 2008 йилгача фаолият кўрсатиб келди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги фармони билан Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси негизида барча адвокатларнинг мажбурий аъзолигига асосланган ўзини ўзи бошқарувчи ташкилот – Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига асос солинди. Ушбу фармонни қабул қилиш ташаббуси ҳам ЎАА Бошқарувидан чиққан ва улар томонидан давлат раҳбарига мурожаат қабул қилинган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда адвокатларнинг корпоратив бирлигини қандай баҳолайсиз ва сизнинг-ча, бу уларнинг касбий фаолиятини ривожлантириш ва муштарак манфаатларига қанчалик хизмат қилмоқда?
Мамлакатимизда адвокатларнинг корпоратив бирлиги жуда суст. Кўп ҳамкасбларимиз ниҳоятда лоқайд: “сен менга тегма, мен сенга тегмайин” қабилида ишлашади. Улар учун корпоратив бирлик Палатага аъзолик бадалини тўлаб туришдан иборат, холос. Бир мушт бўла олмаётганимиз соҳа ривожига ва шунинг баробарида ҳар бир адвокатнинг касбий камолоти, нуфузи, жамиятдаги расмий ва норасмий мақомига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мисол келтираман. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги фармонидан келиб чиқиб, соҳага оид амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Адвокатлар палатаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Ҳужжатга адвокатура институтини такомиллаштириш, адвокат мақомини амалда ривожланган ҳуқуқий-демократик давлатлардаги даражага кўтариш, аҳолига юридик хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган жуда кўп долзарб таклифларни киритдик. (Лойиҳа ўз вақтида Палата сайтида эълон қилинган ҳам). Бироқ таклифларимизнинг 5 фоизи ҳам инобатга олинмади. Нега? Чунки юқори идораларда бу гўё бир гуруҳ адвокатларга керакдек таассурот пайдо қилди, назаримизда. Қолган минглаб ҳамкасбларимиз ўзларини четга олишди, таклиф билдириш, талашиб-тортишиш у ёқда турсин лойиҳага нималар киритилаётгани билан ҳам қизиқишмади... Сўзда ва амалда бир бўлганимизда, бир ёқадан бош чиқарганимизда давлат идоралари дардимизни, муаммоларимизни тинглашга мажбур бўлар эди. Ривожланган хорижий давлатларда адвокатларнинг “лоббист”лари жуда кучли. Лоббизм ҳаракати соҳани ривожлантирадиган, жамиятда унинг мавқеини оширадиган қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимиятига таъсир қиладиган даражада қудратга эга. Буни салбий маънода қабул қилиш керак эмас. Лоббизм – соҳа ёки муайян тоифадаги бир гуруҳ шахсларнинг манфаатига мос келадиган қонунлар, қарорлар қабул қилинишига эришиш учун шу тоифадаги шахсларнинг астойдил ҳаракатини англатади. Бу табиий жараён. Бизда ҳам лоббизм ривожланиб бормоқда, аммо бу адвокатурага етиб келгани йўқ.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Қонунчилигимизга кўра, адвокат сайланадиган ёки тайинладиган бошқа ишга ўтган тақдирда унинг адвокатлик мақоми иш давригача тўхтатиб турилади. 5, 10, 15 йилдан кейин, агар истаса, у адвокатлик фаолияти бўйича имтиҳон топширмасдан, “эски багаж” билан касбини давом эттираверади. Малака комиссиясининг адвокатлик мақомини шу сабабларга кўра тўхтатиб қўйиш ҳақидаги қарорларини ўқир эканман шундай жумлаларга кўзим тушади: “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 131-моддаси биринчи қисми иккинчи хатбошига асосан фалон қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганлиги сабабли адвокатлик мақоми шу даврга тўхтатилсин”. Бундай мисоллар кўп. Мансабга тайинланган ёки сайланган шахсларнинг лицензияси қолади, лекин улар адвокатлик фаолияти билан шуғулланмайди, таъбир жоиз бўлса, ярим адвокат бўлиб қолади. Хўш, улар адвокатлар корпорациясининг аъзоси бўлиши керакми, аъзолик бадалларини тўлаб бориши керакми? Улар адвокатура манфаатини ифода этиш ёки ҳимоя қилиш бўйича ўзларини масъул ҳис қиладиларми? Бу ва бошқа саволларга қонунчиликни такомиллаштириш орқали ечим топиш мумкин. Ҳозирда ишлаб чиқилаётган янги қонун лойиҳасида бу масалалар ижобий ҳал этилади, деб умид қиламиз.
Бугунги кунда адвокатлар ўртасидаги корпоратив бирлик заиф ҳудудларидан бири Тошкент шаҳри деб биламан. Мамлакатимиздаги адвокатлар сонининг энг кўп қисми – 1700 нафардан зиёди ёки 40 фоизи пойтахт ҳиссасига тўғри келади, лекин адвокатлар энг тарқоқ ҳудуд ҳам шу. Қайтага вилоятлардаги ҳамкасбларимиз яхшироқ уюшган, деб ўйлайман, гарчи бу бирлик ҳам рисоладагидек бўлмаса-да. Нисбатан олиб қараганда Бухоро, Хоразм, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида уюшқоқлик бошқа жойларга нисбатан яхшироқ.
Энг ачинарлиси шуки, адвокатлар ўз ҳамкасбига нисбатан ғараз, хусумат сақлашни, ишда ютқазган пайтларида ёки бошқа сабабларга кўра “мижоз” қўли билан ҳамкасбларига ёмонлик қилишга уринишни ўзларига раво кўришмоқда. 2019 йилда, адашмасам, фуқаролардан малака комиссияларига адвокатлар устидан 990 та шикоят тушган эди, шундан 660 тасида даъво тасдиғини топмай, рад этилган. Кўп аризалар билан танишганман – адвокати ёзиб бергани кўриниб турибди. Бу “касаллик” бутун республикада бор. Энди айтинг-чи, адвокатлар бир-бирининг устидан ёзишдан ор қилмас экан, корпоратив бирликка қандай эришиш мумкин?! Тўғри, эътироз бўлиши мумкин – мижоз шуни талаб қилса, адвокатнинг бошқа чораси қолмагандир, деб. Аммо жиддий асослар бўлмаса (яъни “нишонга” олинган адвокатнинг хатти-ҳаракатида яққол жазоланадиган қонун ёки этика қоидасини бузиш бўлмаса) ҳам тўланган “3-4 танга”ни деб мижознинг ноғорасига ўйнаш яхши эмас.
Тошкент шаҳрида моддий жиҳатдан бадастир кўп адвокатларни танийман: қўша-қўша дабдабали машиналари, 2-3 қаватли ҳашамдор офислари бор. Буюрсин, бундан зиёда қилсин! Аммо битта маслаҳат ёки “запрос” ёзиб бериш учун бир миллион сўм ҳақ олишадию аъзолик бадалини тўлашни пайсалга солишади ёки аҳён-аҳёнда бўлса ҳам бирон фуқарога бепул юридик ёрдам кўрсатишдан ўзларини олиб қочишади...
Шундай ҳайъатлар борки, камида 20 нафар адвокати бўлатуриб соҳа журнали ва газетасига бир нусхадан ортиқ обуна бўлишмайди. “Шу етади, ҳаммамиз навбати билан ўқиймиз”, деб жавоб беришади. Хўш, айтинг-чи, азиз ҳамкасблар, бундай фикрлаш билан касбий уюшқоқликка эришиб бўладими?!
Бу касбий деформациянинг олдини олиш, адвокатларни касбий этика қоидаларида белгиланган ахлоқий-маънавий мезонларга яқинлаштириш учун нима ишлар қилиниши керак деган саволга жавоб топиш қийин, чунки касбий деформация фақат ва фақат адвокатура соҳасидагина эмас.
Шу ўринда битта таклифни ўртага ташламоқчиман. Адвокатлар палатаси ва ҳудудий бошқармаларга бевосита ва билвосита молиявий аҳволи оғир бўлган юзлаб фуқаролар фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича бепул юридик ёрдам беришни сўраб мурожаат қилишмоқда (масалан, 2021 йилда фуқаролардан бепул адвокат ажратиш бўйича Палата марказий аппаратига 134 та, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасига 244 та, Бухоро вилоятига 139 та мурожаат келиб тушган. Бошқа ҳудудларда ҳам аҳвол кўп ҳам фарқли бўлмаса керак). Ана шу муҳтож фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш учун озгина бўлса-да ҳиссамизни қўшиб, давлатимизнинг ижтимоий сиёсатига ёрдам берайлик. Ахир адвокатлик аслида ижтимоий касб-ку. Менимча бундай талабни қондириш мақсадида ҳудудий бошқармалар ҳузурида ҳеч бўлмаса йилда ҳар бири 2-3 фуқарога бепул юридик ёрдам кўрсатадиган савобталаб адвокатлардан гуруҳ шакллантириш мақсадга мувофиқ. Айниқса, моддий имкониятлари етарли адвокатлар бу ижтимоий юкламадан ўзларини четга тортмасликлари лозим, деб ўйлайман.
Тан олиш керакки, ўз вақтида адвокатлар корпорациясига маъмурий йўллар билан кўп зарар етказилган. Менимча, 2000-йилларнинг бошигача бизда корпоратив бирлик ҳозиргидан анча кучли эди. Ҳар бир вилоятда биттадан адвокатлар коллегияси бор эди, Тошкент шаҳридаги битта коллегияда 650 нафарга яқин адвокат ишларди. 2003-2004 йил эди, чамаси, адвокатлардан ундириладиган ижтимоий солиқни 7 фоиздан бирданига 35 фоизга кўтаришди. Беш баравар ошди! Тошкент шаҳрида адвокатлар тўпланиб, бу қарорга қарши “забастовка” эълон қилишди. Ўша йиғилишларда мен ҳам қатнашганман, биламан. Бу айрим идораларни қўрқитиб юборди, келаси йилдан бошлаб солиқ 25 фоизга туширилди. Лекин орадан бир оз вақт ўтиб қонунга ўзгартириш киритилиши ортидан адвокатлар ҳамжамиятини “сочиб ташлаш” ҳаракатлари бошланди: коллегияларда адвокатлар сонини 20 кишидан (Тошкент шаҳрида 40 нафардан) оширмаслик ҳақида норасмий “установка” белгиланди. Натижада жойларда, дейлик, 100 адвокатни ўзида бирлаштирган битта коллегия ўрнида бештаси пайдо бўлди... Тошкент шаҳридаги барча юридик маслахатҳоналар мустақил адвокатлар ҳайъатларига айлантирилди. Шу ишларнинг бошида турган одамлар ҳозир қамоқда ўтиришибди...
Шунингдек, ўйлашимча, адвокатларда корпоратив руҳнинг кучли ёки заифлиги унинг билим даражаси ва савиясига ҳам боғлиқ. Адвокат ўз устида қанча кўп ишласа, билим даражасини кенгайтириб борса, соҳага оид қонунлар, касбига тааллуқли китоблар, журнал ва газеталар ҳамда интернет майдонидаги ҳуқуқий ахборотларни ўқиб борса, унинг профессионал маҳорати ошиб боради ва, табиийки, корпоративизмга интилиши кучаяди. Лекин баъзида бундай адвокатлар сафимизда етарлимикан, адвокатура соҳасига кириб келаётганларда касбига нисбатан меҳри бормикан, деган савол мени ўйлантириб қўяди. Шу ўринда бир воқеани айтиб ўтишни лозим деб биламан.
Хабарингиз бор, 2021 йилда Палата томонидан адвокатлар учун тайёрланган “Адвокатурага оид корпоратив ҳужжатлар” ва “Ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлардан намуналар” номли 2 жилдли китоб ўзбек ва рус тилларида чоп этилди. Ушбу китоблардан бир нечтаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасинининг малака комиссиясига адвокат мақомини олиш учун имтиҳон топширишга йиғилган 30 га яқин талабгорга малака имтиҳони мажлиси олдидан танишиш, агар маъқул келса, сотиб олишлари учун тарқатилди. Аммо малака имтиҳони якунланганидан кейин атиги битта талабгор китобларни сотиб олишга хоҳиш билдирди (у ҳам русийзабон адвокат), қолганлар эса китобларни бир оз варақлаб кўришгач, яхши экан деб қўлимизга қайтариб беришди. Адвокатлар учун махсус тайёрланган, адвокатлик амалиёти ва касбий фаолияти учун дастуриламал бўлган китобга лоқайд муносабатда бўлганлар сафимизга кириб келаётган экан, ҳамкасблар бирдамлиги ҳақида гапиришга ҳали анча қовун пишиғи бор, шекилли...
Адвокатлар бирлигини таъминлаш учун нималар қилиш керак? Қонунчилик ва Палата ваколатлари доирасида бу борада қандай самарали чора-тадбирларни амалга ошириш мумкин?
Адвокатларнинг корпоратив бирлигини мустаҳкамлашга қаратилган нормалар бизнинг қонунчилигимизда жуда кам, бори ҳам “ишламайди”. Масалан, “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида адвокатлар ўзларининг жамоат бирлашмаларини тузишлари мумкинлиги қайд этилган. Демак, амалдаги қонунчилик бунга изн беради. Аммо бундай жамоат ташкилоти тузишга адвокатларда хоҳиш-истак йўқ. Чунки аксарият адвокатларда бунақа “текинхўр” ташкилотнинг нима кераги бор, Палатанинг ўзи ҳам етади, деган кайфият ҳукмрон. Кўп адвокатлар эса адвокатларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан жамоат ташкилоти ўртасидаги фарқни тушунмайди ҳам.
ЎзР Президентининг 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сонли фармонида Адвокатлар палатасига “адвокатура тизимида иш стажига кўра малака комиссияларининг хулосалари асосида Адвокатлар палатаси раиси томонидан бериладиган адвокатларнинг малака даражаларини таъсис этиш” тавсия қилинган эди. Фармон чиққанидан сўнг малака даражаларини бериш бўйича низом лойиҳасини тайёрлаб, тақдим этдик. Лойиҳа бўйича 5, 10 ва 15 йиллик стажга эга, интизомий жазоларга тортилмаган, қонунчилик бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар беришда фаол ва яна қатор талабларга жавоб берадиган адвокатларга 3, 2 ва 1-даражани бериш назарда тутилган эди. Фармондаги бу ҳуқуқий норма қонунга ҳам, амалиётга ҳам киритилмасдан қолиб кетди. Қаранг, ёндош соҳалардан суд, прокуратура, адлия – барчасида касбий малака даражалари бор. Фақат биз, яъни адвокатларгина қолоқмиз. 30 йил ишлаган ҳам, кеча соҳага кириб келган ҳам битта ном билан – адвокат деб аталади. Оддийгина мисол. Ривожланган давлатлар нари турсин, МДҲ давлатларидан бири, бизга нисбатан адвокатларининг сони деярли икки баравар кам бўлган Озарбайжонда адвокатлар махсус иш кийимига эга.
Касб-малака даражалари ва “мантия”дан ташқари, бошқа давлатлардан ўрнак олиб “Фахрий адвокат”, “Энг яхши ҳимоячи (ижтимоий адвокат, иқтисодий ишлар бўйича адвокат ва ҳ.з)” каби унвонларни жорий этишимизга ёки тарихда из қолдирган машҳур устоз адвокатлардан бирининг номи билан кўкрак нишони таъсис этишимизга нима халал беради? Наҳотки шу қийин бўлса? Кўринишидан мураккабдек туюлган бундай тадбирлар аслида амалга оширилиши мумкин бўлган ишлар-ку. Боз устига бунинг учун давлат бюджетидан маблағ талаб қилинмаса. Адвокатлар палатасининг молиявий имконияти чекланган бўлишига қарамасдан ушбу тадбирлар учун муайян маблағ ажратиши, қолган харажатларни эса адвокатларнинг ўзи қоплаши мумкин-ку?! Лекин ҳамкасбларимизнинг бунга рози бўлишига кўзим етмайди. Айниқса, журнал ёки газета обунаси учун нари-бериси битта тушлик харжига тенг пулни қизғанадиган адвокатлар учраб турган бир пайтда...
Мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши корпоратив бирликни кучайтириш билан биргаликда адвокатларнинг обрў-эътиборини кўтариш ва рақобатни ривожлантиришга хизмат қилган, уларга мотивация берган ҳамда ўз устида кўпроқ ишлашга мажбур қилган бўлар эди.
Президентнинг юқорида тилга олинган фармонида адвокатларнинг этика комиссияларини тузиш ҳақидаги банд ҳам бор эди. Бу ҳам зарур, долзарб масала. Амалиётда шунақа ҳолатлар учрайдики, уларни қонун билан тартибга солиб бўлмайди – фақат этика комиссияси хулосаси асосида ҳал қилиш керак. (Хорижий мамлакатлар, хусусан, Россия Федерациясида ҳам этика комиссияси мавжуд). Шу ўринда кўп йиллар бурун ўз бошимдан ўтган бир воқеани айтиб ўтсам. Бир куни ҳузуримга бир аёл келди ва эри жиноятда айбланаётганини айтди. Ундан иш тафсилотларини суриштиргач, эрини ҳимоя қилишга рози бўлиб, шартнома туздим. Аммо кейин, иш ҳужжатлари билан танишиш, ҳимоямдаги шахс билан сўзлашиш асносида аёл мендан ҳақиқий ҳолатни яширганини, эри жуда оғир жиноят содир этганини, уни ҳимоя қилишни менинг ахлоқим, эътиқодим, виждоним қабул қила олмаслигини билдим ва ҳимоядан воз кечиб, шартномани бекор қилдим. (Айбланувчи қўшнисининг 12 ёшар ўғлини ўлдириб, жасадни ҳожатхона ўрасига ташлаган, кейин “шунча пулни фалон жойга олиб келсанг, ўғлингни қайтариб бераман” деб қўшнисига аноним хат ёзган). Бунга ҳаққим борми, йўқми? Касб этикасини буздимми, йўқми? Мавжуд қонун ва қонуности ҳужжатларида бундай нозик саволларга тайинли жавоб йўқ. Этика комиссияси тузилганида шу каби чигал ва айни пайтда ечими мавҳум ҳолатлар учун якуний хулоса берган бўларди. Аммо афсуски, фармоннинг бу банди ҳам бажарилмасдан қолиб кетди.
Бундан ташқари, юқорида қайд этилган фармон ижросини таъминлаш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган “йўл харитаси”да Палата ҳузурида адвокатлар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларидан иборат таркибда адвокатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашувчи комиссия ташкил этилиши, бу комиссия адвокатларга касб вазифаларини бажаришида тўсиқ бўладиган ҳолатларни, куч ишлатар идоралар ходимлари томонидан бўладиган тазйиқларни мониторинг қилиш ва бартараф этиш билан шуғулланиши назарда тутилган эди. Йўл харитасида белгилаб берилган ушбу вазифалар ҳам бажарилмасдан қолиб кетди. Юқоридаги чора-тадбирларнинг барчаси янги қабул қилинажак қонунга киритилиши лозим, деб ҳисоблайман.
Адвокатларнинг корпоратив бирлигини таъминлашда соҳавий матбуот органларининг ўрни ва роли қандай?
Ҳамкасбларимизнинг билим ва малакасини ошириш, уларни имкон қадар уюштиришда “Advokat” журнали ва “Advokat press” газетаси имкониятларидан иложи борича фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Шу мақсадда 2020 йил охирларида журнал йўналишини “Ихтисослашган ҳуқуқий, илмий-амалий нашр” деб ўзгартириб, адвокатларга касб фаолиятида реал фойдаси тегадиган материалларга устуворлик беришга қарор қилдик. Хусусан, “Интизомий амалиёт” рукнида малака комиссияларининг интизомий ишлар юзасидан қарорлари обзорини чоп этяпмиз. “Адвокат фаолиятидан”, “Процессуал ҳужжатлардан намуналар” рукнлари тажрибали адвокатлар томонидан ижобий натижа билан тугаган аниқ бир иш доирасида тергов ва суд органларига тақдим этилган ариза ва илтимосномалар, ҳимоя ёки музокара нутқлари билан тўлдирилмоқда. “Услубий ёрдам” рукни остида эса адвокатлар учун зарур бўлган турли маълумотлар, материаллар эълон қилиняпти. Бундан ташқари, хорижий давлатлар адвокатуралари тарихи ва тажрибаларига ҳам етарлича ўрин берилаётир. Шунингдек, журналнинг ҳар бир сонида тизимда узоқ йиллар ишлаб соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшган, таниқли адвокатлар билан ўтказилган интервьюларни чоп этиш мунтазам тус олди.
Бундан ташқари, адвокатларнинг касбий малакалари билан бирга, уларнинг шахсий, ижтимоий ҳаётдаги фаолиятини газета саҳифаларида ёритиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. “Advokat press” газетасини ташкил этишдан асосий мақсад – уни жонкуяр адвокатлар учун ахборот алмашиш майдонига айлантириш, жойлардаги адвокатлар, адвокатлик тузилмалари ва ҳудудий бошқармалар фаолиятини мамлакат миқёсида тарғиб қилиш, турли ҳудудларда фаолият юритаётган адвокатларни имкон қадар бир-бирига яқинлаштириш, улар томонидан ёзиладиган мақола ва битикларни чоп этган ҳолда корпоратив бирликни, уюшқоқликни ва ижтимоий фаолликни кучайтиришдир.
Даврий нашрларимиз орқали қонунчилик, адвокатлар ўртасида корпоратив бирлик, ҳамжиҳатлик, адвокатлик амалиёти, касбий манфаатлар тўқнашуви каби адвокатура соҳасининг нозик жиҳатларини мунтазам ёритиш адвокатларнинг касбий ва ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади деб ўйлайман.
Агар мумкин бўлса, суҳбатимизни шахсий савол билан якунласак. Яқинда сизни нуфузли бир давлат ташкилотига ишга таклиф қилишганини ва сиз бунга рад жавобини берганингизни эшитиб қолдик. Сир бўлмаса, бунинг сабаби нимада?
Ҳақиқатан ҳам шундай таклиф бўлди, ойлик маоши республикадаги ўртача ойликдан анча юқори бўлган обрўли лавозим эди. Лекин, биласизми, ўз касбини севган, бутун умрини уни ривожлантиришга бағишлаган инсон учун даромад олиш биринчи даражали масала бўлмас экан. Ёшлигимда адвокат бўлишни орзу қилиб институтга кирганман. Курсдошларимнинг деярли барчаси прокурор, судья ёки бошқа лавозимларда ишлаш хаёлида бўлиб, менинг орзуимга кулиб қарашар эди. Худога шукрки, адвокат бўлдим, соҳани илмий-назарий жиҳатдан ривожлантириш учун докторлик диссертациясини ёқладим, илмий-амалий таклифларимнинг аксар қисми соҳа қонунларида ўз аксини топди. Ҳозирча мамлакатда адвокатура соҳаси бўйича ягона фан доктори ҳисобланаман. Шунингдек, мени яқиндан билганлар мамлакатимизда Адвокатлар ассоциациясига асос солганлардан бири сифатида тан олишади. (Таъкидлаш жоизки, ўша пайтда менга устозлик қилган, мен билан елкадош бўлган адвокатларнинг кўпчилиги бу ёруғ оламни тарк этишган). Қолаверса, мазкур ташкилотни беш йилдан ортиқ бошқардим. Кейинчалик эса “ортиқча” фаоллигим, адвокатура мустақиллиги учун кўп нарса истаб, “қуюшқондан чиқиб кетганлигим” сабаб ўн йиллар чамаси тазйиқ ва дашномларга (айниқса, “нолегитим” тарзда Адвокатлар палатаси раҳбарлигига қўйилган шахс томонидан) учраб, “номақбул шахс” мақомида юрдим (бундай мақомда яшашни бошидан ўтказганлар яхши билади).
Бугунги кунда адвокатларни амалий-услубий қўлланмалар билан таъминлаш, соҳанинг илмий-назарий асосларини ривожлантириш учун тадқиқотлар олиб бориш, шогирдлар етиштириш билан бандман, қолаверса, тўртинчи ҳокимият – оммавий ахборот воситаларида адвокатларнинг муаммолари, ижобий иш тажрибалари ва ижтимоий ҳаётдаги ролини ёритиш долзарб бўлиб турган бир пайтда бу ишдан воз кечиб, мансаб ёки лавозимга ўтиш қийин бўлар экан. Айниқса, ўзингни адвокатлар учун керакли деб ҳис қилиб турган маҳалда.
Ҳурматли адвокатлар! Таҳририят мазкур интервьюда мавзуси ва унда тилга олинган масалаларга доир фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни кутиб қолади.
Воҳид АҲМАД суҳбатлашди.
3 изоҳлар
1.Абдуллаев Шерзод Ражабович Коракалпогистон, адвокат
Ассалому алейкум, азиз хамкасблар! Устозимиз Бахромжон ака Саломовнинг адвокатларнинг корпоратив бирлиги, адвокатларнинг фаолияти ва уларнинг адвокатура фаолиятидаги жонкуярлигига булган муносабатларини укиб, жуда таъсирландим.Устозимиз Б.Саломов мамлакатимиздаги бугунги кундаги адвокатура сохасига жуда тугри бахо берганлар. Аччик булсаям хакикатни айтиш жоизки, мамлакатимизда адвокатларнинг корпоратив бирлиги жуда суст. Юкорида айтилганидек, адвокатлар уртасида хамкасблар бир-бирини куролмаслик, бир умрлик уз хамкасбини бир кунлик "мижози"га малака комиссиясига устидан ёздириш каби холатлар учраётганига хамда шундай "хамкасбларимиз" борлигидан афсусланамиз. Бундан ташкари, устозимиз таькидлаганидек, Узбекистонда адвокатларнинг макомини кутариш, керак булса тажрибали, фаол ва албатта уз касбига содик ва жонкуяр адвокатларнинг узига яраша даражалар беришни маъкул деб хисоблайман.Хакикатдан хам, нега энди суд, прокуратура ва адлия органлари ходимларига унвон, касбий даража унвонлар бериладию адвокатура сохасида эса йук!!? Бу масаланиям куриб чикишни таклиф киламан.
2.Абдуллаев Шерзод Ражабович Коракалпогистон, адвокат
Ассалому алейкум, азиз хамкасблар! Устозимиз Бахромжон ака Саломовнинг адвокатларнинг корпоратив бирлиги, адвокатларнинг фаолияти ва уларнинг адвокатура фаолиятидаги жонкуярлигига булган муносабатларини укиб, жуда таъсирландим.Устозимиз Б.Саломов мамлакатимиздаги бугунги кундаги адвокатура сохасига жуда тугри бахо берганлар. Аччик булсаям хакикатни айтиш жоизки, мамлакатимизда адвокатларнинг корпоратив бирлиги жуда суст. Юкорида айтилганидек, адвокатлар уртасида хамкасблар бир-бирини куролмаслик, бир умрлик уз хамкасбини бир кунлик "мижози"га малака комиссиясига устидан ёздириш каби холатлар учраётганига хамда шундай "хамкасбларимиз" борлигидан афсусланамиз. Бундан ташкари, устозимиз таькидлаганидек, Узбекистонда адвокатларнинг макомини кутариш, керак булса тажрибали, фаол ва албатта уз касбига содик ва жонкуяр адвокатларнинг узига яраша даражалар беришни маъкул деб хисоблайман.Хакикатдан хам, нега энди суд, прокуратура ва адлия органлари ходимларига унвон, касбий даража унвонлар бериладию адвокатура сохасида эса йук!!? Бу масаланиям куриб чикишни таклиф киламан.
3.Адвокат Усмонхон Салохиддинов
Ҳа, Баҳромжон Саломов ажойиб инсон ва етук адвокат. Тенгдошим, Баҳромжонни адвокатура фаолиятидаги жонкуярлиги, адвокат касбини севиши ва уни нуфузини кўтариш учун қилган саййи ҳаракатлари чексиз. Бугунда ҳам Ватанимизда адвокатурани шакллантириш, уни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунларни такомиллаштиришдаги уни хизматларини, амалиётини юксак деб биламан. Ўзбекистон Адвокатлар ассоциациясини бошқаришдаги, адвокатларни жипслаштириш учун қилган ғайрат шижоати, меҳнатлари, тазъйиқлар остига олингани ва тажрибали адвокат сифатида уни маслаҳатларидан фойдаланиш ўрнига, норасмий таъқиқлар ва чекловларга учраганини гувоҳи бўлганман. Бугунги кунда прогрессив амалиёт нуқтаи назарида Баҳром Саломов ва унга ўхшаш адвокатларга руҳий, жисмоний тазъйиқ ўтказган шахслар ва мансабдорларни уларнинг виждонига ҳавола қиламиз (агар тириги бўлса...). Ўша давларда Баҳромжон Саломов қаторида биз ҳам тазъйиқлар остида, бир муддат адвокатлик фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлганмиз... Буни ўқувчи тушуниб етишини хоҳлар эдик. Хулосадан бир ҳисса шуки, ўзи ноқонуний тазъйиқлар остида бўлган ва ўзини ҳимоя қила олмаган шахсни адвокатлик фаолияти билан шуғулланиши ва шарафли адвокат номини кўтариб юриши мумкин эмас(!), маънан адвокат бўла олмайди ҳам..(!). Энди адвокатларни жипслиги, бирдамлиги, адвокатура фаолиятидаги қусурларга келсак мен Баҳром Саломов фикрларини тасдиқлайман ва тўлиқ маъқуллайман. Бу борада курашни давом этдириш шарт деб ҳисоблайман. Аъзолик, ойлик бадалларни тўлай олмайдиган, Адвокатлар Палатаси журнал ва газетелерига, илмий-амалий, оммавий нашрларига обуна бўлмаган шахсларни адвокатлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас. Чунончи, адвокатура фаолиятини тартибга соладиган амалдаги қоунлар ва янги қабул қилинадиган қонунлар лойиҳаларида ҳам адвокатликка даъвогар шахсни Адвокатлар палатасига аъзо бўлиш шартлиги белгиланган. Шундай экан, Адвокатлар Палатасининг ички норматив ҳужжатларида адвокат мақомига эга бўлиш учун, адвокатлар палатасига аъзо бўлиш учун юқоридаги бир марталик ва ойлик бадалларни ўз вақтида тўлаш ҳамда Адвокатлар палатасининг газета журналлари ва оммавий илмий амалий нашрларига обуна бўлиш шартларини белгилаш, шунингдек адвокатларнинг жамоат фондларини ташкил этиш, адвокатларни ушбу фондларга аъзолиги, фаоллигига қараб уларга тегишли унвонлар, даражалар бериш тартибини белгилашни таклиф қиламан. Адвокатура учун жон куйдирмаган адвокат, адвокат эмас деб ҳисоблайман. Адвокатлар амалиёти, тартиб-тамойилларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайдиган қонунлар, нормаларни муҳокамасида иштирок этмаган шахс, қандай қилиб мижози учун маънан музокара нутқи туза олади? Мени фикрим, бу мақолани ҳар бир адвокат ўқиб ўзлаштириши лозим.
Изоҳ қолдириш