Тақиқланган жойда тўхтаган машина камерага тушади



 
  Расм манбаси : Тошкент шаҳар ИИББ

Йўл ҳаракатини қайд этиш тизимига яна бир қоидабузарлик киритилди

Ички ишлар бош бошқармаси йўл қоидаси бузилишини аниқлайдиган AutoCon-SC/M комплекс тизимини модернизация қилди. Энди 3.27 белгига («Тўхташ тақиқланган») амал қилмайдиган автомобиллар ҳам тизимда қайд этилади. Тизим синов тариқасида 25 март куни ишга туширилди.

Эслатиб ўтамиз, AutoCon-SC/M комплекс тизими Тошкент шаҳар ички ишлар бошқамаси ЙҲХБ автомобилларининг баъзиларига ўрнатилган. Салонда олд ойна тагига ўрнатилган видеокамера 58 давлатга тегишли рақамларни аниқлай олади ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишини автоматик тарзда қайд этади.

Заруратдан тўхтаганлар учун имкон

Тизим қуйидагича ишлайди: AutoCon-SC/M ўрнатилган патрул автомобили ўзига тегишли худуддан икки марта ўтади. Ҳар икки ўтиш орасида 5-10 дақиқа вақт бўлади. Биринчи мартасида тўхташ тақиқланган жойда турган автомобиллар рақами аниқланади ва улар эҳтимолий қоидабузар сифатида белгилаб қўйилади, аммо ҳозирча қоидабузар деб қайд этилмайди. Орадан 5-10 дақиқа ўтгандан сўнг патрул автомобили иккинчи марта ўша жойдан ўтади ва бу сафар тўхташ тақиқланган жойда турмаган автомобиллар базадан ўчирилади. Иккинчи сафар ҳам ўша жойда «камерага тушган» машиналар эгаларига эса жарима қўлланади.

Тизим иккала ўтиш чоғида йиғилган маълумотни таҳлил қилади. Бундай тажриба англашилмовчилик туфайли жарима қўллашдан сақланиш учун зарур. Чунки автомобиль пиёдани ўтказиб юбориш учун тўхтаган бўлиши мумкин – тизим бундай ҳайдовчиларнинг бекорга айбдор бўлиб қолмаслигига имкон беради. Агар автомобилда носозлик юзага келган бўлса, ҳайдовчи авария тўхташ белгисини қўйиши лозим: AutoCon-SC/M бу белгини «таниб», автомобилни қоидабузарлар базасига киритмайди.

Қоидабузарлик ҳақидаги маълумот дарҳол интернет орқали Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг компьютер тизимига келиб тушади.

«ЙҲХБдан соғинчли салом»

Автомобилни 3.27 белги тагида қолдирганлик учун энг кам иш ҳақининг уч баробари (608 190 сўм) миқдорида жаримага солинади (МЖтКнинг 128-6-моддаси). Автомобиль эгаси қоидабузарлик бўлганини у пропискадан ўтган хонадонга юбориладиган хатдан билиб олиши ёки 8860 рақамига SMS-талабнома юбориш орқали аниқлаши мумкин. Бунинг учун автомобилнинг давлат рақами, бўш жой, техпаспортнинг серия+рақами (масалан: 01A123AA AAC1234567) ёзилган SMS 8860 рақамига юборилиши керак. Ҳар бир кирувчи SMS-хабар нархи 210 сўм.

Хизматдан UMS, Ucell, Uzmobile ва Beeline компаниялари абонентлари фойдаланиши мумкин.

Жарима тўлангунча машина сотилмайди, техкўрикдан ўтолмайди

Қоидабузарлик ҳақида маълумот Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг таҳлил марказига юборилгач ҳайдовчига то жарима тўлангунга қадар айрим чекловлар жорий этилади. Масалан, қоидабузарлик содир этилган автомашинани техник кўрикдан ўтказиш ёки сотиш учун бошқа одам номига расмийлаштириш тақиқланади.

Жарима қонунда кўрсатилган 60 кун муддатда тўланмаган тақдирда эса тизим маълумотни автоматик равишда Мажбурий ижро бюросига жўнатади. Бу ҳолда транспорт воситаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ, жарима майдончасига «қамалиши» лозим.

***

3.27 белгисига риоя қилмаганларни автоматик қайд этиш йўлга қўйилгач, тизим 3.28 «Тўхтаб туриш тақиқланган» белгисига амал қилмаганларни аниқлашни бошлайди.

Тошкент шаҳар ИИББ маълумотлари асосида тайёрланди.

2019-03-26 19:18:38  |  2314 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация