«Қамоқ» билан ташланган қармоқ
Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарида шундай дейилади: «Бу дунёдаги энг йирик ёв, билгингки эй кўнгил, ўз нафсингдир. Унинг тузоғи доимо ёйиқ. Шу нафс гоҳ югуртириб, гоҳ елдиради, гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатади. Кўзни суқ қиладиган ҳам шу нафс. У туфайли киши гоҳ тўқ, гоҳ оч бўлади. Бир орзуни топса, бошқаси қолади. Нафс семирса, охир-оқибат эгасини йиқитади. Кишининг нафси овчи итга қиёс: агар у семириб кетса, эгасининг ҳақини ҳам танимайди. Ёки киши нафси ёш болага ҳам ўхшайди. Қорни тўйса бас, чопиб кетаверади. Сен эса унинг орқасидан излаб юрасан».
Дарҳақиқат, нафс одамни не кўйларга солмайди, дейсиз. Жамиятда коррупция ва порахўрликнинг урчишига ҳам айнан нафси семирган кимсалар сабабчи бўлишади. Айниқса, шундай иллатга қарши курашишга масъул идора ходимининг ўз нафсига эрк беришини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Шундай тоифадаги кимсалар ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан идорага нисбатан одамларда нотўғри фикр шаклланишига замин яратиб, юртимизга виждонан, фидойилик билан хизмат қилаётган ҳамкасбларининг номига ҳам қора доғ тушишига сабабчи бўлишади.
Яшнобод туман ИИБ ТБ наркотрафик ва гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши жиноятларни тергов қилиш бўлинмасининг ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчиси лавозимида бинойидек ишлаб келаётган Абдулла Зарипов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)ни нимадир бўлди-ю, юқорида «таърифи»ни келтирганимиз нафс йўлдан оздирди.
Ҳаммаси 2016 йилнинг декабрь ойи бошларида фуқаро Ф.Маматовнинг аризаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, бу иш А.Зариповга ишониб топширилганидан бошланганди. Шундан сўнг у ўзининг иш юритувидаги жиноят иши бўйича Баҳриддин Иззатовни айбланувчи сифатида жалб қилиб, ҳузурига чорлайди.
— Нима учун бу ерда эканлигингизни ўзингиз яхши билсангиз керак, — дея айбланувчини сўроқ қилишга киришади терговчи. — Устингиздан шикоят тушган, Ф.Маматовдан. Кредитга «Матиз» олиб бераман деб, ўн ярим миллион сўм пулини олганингиз ростми?
— Ҳа, бўлиб-бўлиб олганман, — дейди иқрорлик билан Б.Иззатов.
— Яхши, энди буёғини нима қиламиз, жаноб Б.Иззатов? Сизга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши очилган. Агар тергов давомида етказилган зарарни қопламасангиз, қилмишингизни шу модданинг 2-қисми билан малакалашимга тўғри келади. Бу нимани англатишини тушуняпсизми? Бу дегани, сизга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллайман.
Қамоқ ҳақида эшитган Б.Иззатов ичидан зил кетди. Унинг ҳолатини кўрган терговчи мақсади сари катта қадам ташлаганини англади. Унинг учун қамоқ билан қўрқитиш самарали усул эди ва бу натижа берди. Тергов жараёнида Б.Иззатовни қамаб қўймаслик учун ундан тамагирлик йўли билан 500 АҚШ доллари талаб қилиб, айбланувчини пора берадиган шароитга солиб қўйди.
Орадан бир неча кун ўтгач, терговчи жиноят ишини ЖКнинг 168-моддаси 2-қисмига қайта малакаламасдан судга юборганлигини айтиб, судланувчидан ишхонасининг олдида келишилган суммадан бир қисмини, яъни 100 долларни олади. Судланувчи яқин кунлар ичида қолганини ҳам олиб келишини айтади. Ваъдага вафо қилган Б.Иззатов 5 кундан кейин қўнғироқ қилиб, пул тайёрлигини маълум қилганидан сўнг, улар учрашув жойи ва вақтини келишиб олишади.
Навбатчиликдан чиққан А.Зариповнинг тушлик пайтида ишхонанинг автотураргоҳида бироз тоқатсизланиб турганини кимдир англади, бошқалар эса йўқ. Ниҳоят Баҳриддин кўриниш берди. Қисқа салом-аликдан сўнг судланувчи 400 долларни унга узатди. Абдулла пулларни дарҳол курткасининг чўнтагига урди. Энди хайр-маъзур қилиб, уйига кетмоқчи бўлиб турганида қаршисида пайдо бўлган шахсларни кўриб, гап нимада эканлигини англади. Чунки Б.Иззатов терговчининг тамагирлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берганди.
Суднинг ҳукми билан юритувидаги жиноят иши бўйича айбланувчини «қамоқ» билан қўрқитиб, тамагирлик қилган терговчининг ўзи суд залидан қамоққа олиниб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Сирожиддин ХАСАНБОЕВ,
Чилонзор туман прокурорининг катта ёрдамчиси
(“Huquq” газетасидан олинди).
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш