Уч юз минг долларлик таклиф
Ҳаммаси Муниса Ниёзованинг (исмлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи вафотидан кейин бошланган эди. Эрининг бир қанча кўчмас мулклари мавжуд бўлиб, бу ҳолат қариндош-уруғлар ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлади. Вазият Тошкент шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, марҳумнинг турмуш ўртоғи ва қизига нисбатан айблов эълон қилиниши, охир-оқибат, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2009 йил 22 декабрдаги ҳукми билан уларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, хатланган мол-мулклари етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилиш даражасигача етиб боради.
Белгиланган жазони ўтаб, 2017 йилда уйига қайтган она-бола Ниёзовалар «Мол аччиғи, жон аччиғи», деганларидек, зарарларни қоплашга йўналтирилган мол-мулкларни қайтариб олиш ҳаракатига тушишади. Шундай ташвиш билан юрган М.Ниёзова фирибгарликда унча-мунчага дарс берадиган Ҳамза Тиляков билан танишиб қолади. Ўзаро суҳбатлар асносида М.Ниёзова «Ласетти» русумли автомашина ва 4 та уйдан иборат мол-мулклари юзасидан чиқарилган суд қарорлари устидан шикоят берганини, унинг шикояти асосида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси томонидан Ўзбекистон Олий судига ўзи ва қизига оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган апелляция инстанцияси ажримини бекор қилиш масаласида назорат тартибида протест билдириш тўғрисида тақдимнома киритилганлигини маълум қилади.
Жиноий қилмишлари учун муқаддам 2 марта судланишга улгурган Ҳ.Тиляков унинг «дардини тинглаб», дарҳол фириб тўнини кияди. Чунки у бундай ўлжани осонгина қўлдан чиқарадиган анойилардан эмас эди. Ҳолатни хаёлан муҳокама қилиб, келгусида суд қарорлари ўзгариши ёки бекор бўлиши, мол-мулклар қайтарилиши мумкинлигини тахмин қилади ва вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолишга киришади. М.Ниёзовага ўзини ишбилармон, ҳар қандай масалани ҳал қила оладиган шахс сифатида кўрсатиб, ҳолатга нисбатан «баҳоси»ни бераркан, Олий суд ва Бош прокуратурада таниши бўлмаса, тақдимноманинг бир тийинлик фойдаси йўқлигини, иш уларнинг фойдасига ҳал бўлмаслигини, бироқ «бақувват» танишлари орқали унинг муаммосини ҳал қилиб бера олишини айтиб, аёлнинг ишончига киради.
Ваъдани қуюқ қилган Ҳамза жиноий режасини амалга ошириш ҳаракатига киришади. У аввалдан ўзига таниш бўлган Азамат Ҳикматовни «ҳамкорлик»ка чорлайди. Чунки у орқали ўша вақтда Андижон вилояти хўжалик суди раисининг ўринбосари лавозимида ишлаётган Аҳмад Абдусалимовни ишга солишни режа қилганди. Х.Тиляков Азаматга вазият ҳақида маълумот бериб, М.Ниёзованинг қариндошлари томонидан эгаллаб олинган мол-мулкларини ўзларига қайтариш масаласини ҳал қилиш орқали яхшигина пул ишлаб олишларини билдиради. Катта даромаднинг дарагини эшитган А.Ҳикматовнинг ҳам ақли шошиб қолади. Дарҳол қариндоши билан алоқага чиқади. Иш ҳолати ҳақида гапирганида А.Абдусалимов Тошкентда кўришиб, батафсил маслаҳатлашиш кераклигини айтади.
2017 йилнинг 26 март куни учовлон Учтепа туманида учрашишади. Суд раисининг ўринбосари Ҳамза кўтариб келган ҳужжатлар билан танишгач, суд қарорларини бекор қилиб, мол-мулкларини даъвогарларга қайтариш эвазига 300 минг АҚШ доллари миқдорида «хизмат ҳақи» олишга келишиб олишади. Эртаси куни Ҳамза М.Ниёзова билан учрашиб, прокуратура ва суд тизимидаги танишлари орқали мулкларини қайтариш мумкинлигини, бунинг учун 300 минг долларнинг баҳридан кечиш лозимлигини, олдиндан айтилган сумманинг ярмини ва ҳужжатларини беришни, қолган пулни кейинчалик бериши мумкинлигини айтади. Шу топда мол аччиғида ҳар нарсага розидек кўринган М.Ниёзова чиндан ҳам унинг шартига кўнади. Бироқ…
Муаммолар гирдобида қолган аёл Х.Тиляковнинг хатти-ҳаракатидан фирибнинг «иси» келаётганини фаҳмлайди. Гарчи у билан «битим» тузгандек бўлса-да, аслида Ҳамзанинг найранг ишлаётганини сезиб турарди. Шунинг учун ҳам бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришни лозим топади.
Март ойининг сўнгги куни Ҳ.Тиляков Миробод туманида жойлашган «San Remo» кафеси олдида она-бола билан кўришиб, аванс сифатида 150 минг долларни олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинди. Жиноят устида ушланган Ҳамза қилмишига иқрорлик билдириб, жиноий шерикларининг қилмишларини фош қилишда фаол ёрдам беришини билдирди. Шундан сўнг тадбир давом эттирилди. У А.Ҳикматовга қўнғироқ қилди ва «мижоз»дан пул ва ҳужжатларни олганлигини билдириб, учрашув жойини белгилади. Кечки пайт соат 20:40лар атрофида икковлон Чилонзор туманининг Фарҳод кўчасида учрашишди. Ҳамзадан пул ва ҳужжатларни олаётган вақтда А.Ҳикматов ҳам жиноят устида қўлга олинди.
У ҳам Ҳ.Тиляковнинг йўлини тутиб, қариндошининг жиноятини очишда ўз ихтиёри билан иштирок этди. Улар 2 апрель куни Яккасарой туманида жойлашган «Сазанчик» кафесида учрашишди. Лекин кутилмаганда А.Ҳикматов фикридан қайтиб, қариндошига тезкор тадбир ўтказилаётгани ва чўнтагида овоз ёзиш мосламаси борлиги ҳақида ишора берди. Шундан сўнг А.Абдусалимов бирдан суҳбат мавзусини ўзгартирди, гўёки М.Ниёзовага оид жиноят ишини адвокат ёрдамида ҳал қилиш лозимлигини тушунтирган киши бўлиб, сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлди. Бироқ қариндошларнинг найранги ўтмади. «Сазанчик»да «катта сазан» тўрга илинди.
Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг ҳар бирига 11 йилдан муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Улуғбек УМАРОВ,
Бош прокуратура бошқармаси АМИБ терговчиси
(“Huquq” газетасидан олинди).
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш