Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний мақбараси



 
  Расм манбаси : 

Мусулмон Шарқида ўтган машҳур шайхлардан бири, ­Хожагон ­тариқатининг асосчиси Ҳазрати Хожа ­Абдулхолиқ Ғиждувоний 1103 йилда ҳозирги Бухоро вилоятининг ­Ғиждувон ­тумани ҳудудида туғилган. Вафот санаси 1179 йил, айрим ­манбаларда эса 1220 йил деб кўрсатилган.

Хизр пайғамбар башорат қилган зот

Тасаввуфшунос олим Садриддин Салим Бухорийнинг ёзишича, Хожа Абдулхолиқнинг отаси Имом Абдулжамил асли малатия (туркия)лик бўлиб, Ислом динидаги тўрт мазҳабдан бирига асос солган Имом Молик ҳазратларининг авлоди бўлган. Онасининг эса Малатия подшоҳлари хонадонидан чиққан малика бўлгани айтилади.

Уларнинг Малатиядан бизнинг тупроқларга қандай келиб қолгани тўғрисидаги ривоятларга кўра, Имом Абдулжамил ҳузурида Ҳазрати Хизр а.с. пайдо бўлиб, унга Аллоҳ ўғил фарзанд ато этажаги хушхабарини етказган, айни чоғда Бухорога ҳижрат қилиб, Ғиждувонда сокин бўлишни буюрган. Шунингдек, бу фарзанднинг Ғиждувонда туғилиши ва буюк валийуллоҳ зот бўлиб етишиши ҳам башорат қилинган экан.

Муносиб шогирдга муносиб устоз

Хожа Абдулхолиқ бошланғич таълимни Ғиждувонда олиб, 9 ёшидаёқ Қуръони каримни ёд билган, 10 ёшидан бошлаб дарвешларнинг зикр мажлисларида фаол иштирок этган. Кейин таҳсилни Бухоро шаҳрининг машҳур мадрасаларида давом эттиради. Бу ерда у Имом Садриддин исмли замонасининг етук алломасидан тафсир илмини мукаммал ўрганади.

Абдулхолиқ 22 ёшида Бухорога келиб, ўша даврнинг донгдор шайхи ҳазрати Хожа Юсуф Ҳамадоний (1048-1140) билан учрашади ва унга шогирд тушади. Хожа Юсуф Ҳамадоний Хуросонга қайтиб кетгунига қадар у буюк зотнинг хизмат-мулозаматида бўлиб, хожагон тариқатининг усулларини мукаммал эгаллайди (гарчанд хожагон тариқатини Хожа Абдулхолиқ асослаган бўлса-да, унинг илк уруғлари Хожа Юсуф ҳазратлари томонидан ташланган) ва кўп ўтмай ўзи ҳам йирик тасаввуф олимига айланади. Алишер Навоийнинг «Насойимул-муҳаббат» асарида ёзилишича: «… аларнинг валояти ул ерга еттики, ҳар вақт намозда Каъбага борурлар эрди. Аларнинг валояти кўп эрди ва Шомда аларға кўп муридлар пайдо бўлдилар».

Тасаввуфда янги тариқат

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тасаввуф тарихидаги буюк хизмати янги бир тариқатга асос солгани билангина белгиланмайди. Хожагон тариқати воситасида у тариқатни янги босқичга олиб чиқди. Шариатга амал қилиш, ундан чекинмасликни асосий қоидага айлантирди. Таркидунёчилик ва хилватни рад этиб, жамоат билан бирга бўлишни шарт қилиб қўйди. Аллоҳ муҳаббати деб дунёдан кечмасликка даъват қилди. Луқма ҳалоллиги — ҳар ким ўз меҳнати билан кун кўриши зарурлигини тариқатнинг асосий талаби қилиб белгилади. Бу тариқат тақво деб ҳаддан ошишни маъқулламайди. Ахлоқ масаласи қатъий қилиб қўйилди. Буларнинг барчаси тасаввуф тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Хожагон-нақшбандия тариқатининг ҳаётий шарт-шароитлар, инсоннинг мавжуд имкониятларига асосланганлиги унинг ҳамма замонлар ва барча табақалар талабига жавоб берадиган, замини мустаҳкам тариқат эканлигидан далолат беради. Шариат андозасига солинган, бидъат ва нуқсонлардан холи Абдулхолиқ Ғиждувоний йўли асрлар давомида тариқатда ҳужжат ва барча гуруҳларда мақбул деб эътироф этиб келинмоқда. Туркис­тон, Эрон, Афғонис­тон, Ҳиндистон, Туркия, Ироқ, ҳатто Шимолий Африкада кенг тарқалган хожагон-нақшбандия тариқатининг ҳозирги кунда ҳам дунёнинг кўпгина мамлакатларида фаолият кўрсатаётганлиги сабаблари шунда.

Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний таълимотини ҳар томонлама кенгайтириб ва чуқурлаштириб, хожагон тариқатининг 8 рашҳа-қоидасини ишлаб чиқди: ҳуш дар дам, назар бар қадам, сафар дар ватан, хилват дар анжуман, ёдкард, бозгашт, нигоҳ­дошт, ёддошт (Кейинги тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, бу рашҳаларнинг дастлабки тўрттаси Ҳазрати Юсуф Ҳамадонийга тегишли).

Етти пирнинг боши

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний тасаввуф оламида машҳур кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирган. Унинг вафотидан кейин хожагон тариқати Ҳазрати Хожа Ориф Ревгарий (Моҳитобон), Ҳазрати Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Ҳазрати Хожа Али Ромитаний, Ҳазрати Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Ҳазрати Хожа Саййид Мир Кулол Бухорий, Ҳазрати Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби ўз замонасининг донгдор шайхлари томонидан давом эттирилган ва мазкур устоз-шогирдлар «Етти пир» номи билан кенг шуҳрат қозонган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз таълимотини ваъзлари орқали тарғиб қилиш билан кифояланмай, бир қатор рисолалар ҳам ёзган. «Одоби тариқат» («Тариқат одоби»), «Рисолаи соҳибия» («Дўстлик рисоласи»), «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» («Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг баъзи сўзлари»), «Рисолаи шайхуш-шуюх Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний» («Шайхлар шайхи Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний рисоласи») асарлари шулар жумласидандир.

Зиёратгоҳ-мажмуа тарихи

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг қабри Ғиждувон шаҳрининг марказида жойлашган бўлиб, онасининг оёқ томонига кўмилган.

Буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтганидан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафларига атаб мадраса ва мақбара қуришни ният қилади, аммо уни амалга оширишга улгурмайди. Шу боис бу ишни унинг невараси — ёш бўлишига қарамасдан кўпинча бобосининг ёнида юргани боис унинг ниятидан хабардор бўлган Мирзо Улуғбек рўёбга чиқаради – 1433 йилда Ғиждувон шаҳрида «Улуғбек» номли мадраса, кутубхона ва тош ҳаммом қурдиради.

Кейинчалик, Бухоро амири Абдуллоҳхон томонидан бу ерда Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафига масжид, минора ва ҳовуз барпо этилади.

Аммо собиқ мустабид тузумнинг маънавий меросимизга қарши сиёсати натижасида 1957 йилда бу ердаги ҳовуз кўмиб ташланади, масжид ва мадраса кимёвий ўғитлар сақланадиган омборхонага, Ҳазрат қабрининг тевараги эса сомонбозор, ғаллабозор ва бостирмага айлантирилади.

Абдулхолиқ Ғиждувоний жомеъ масжиди ва зиёратгоҳи Мустақилликдан сўнг қайта тикланди. Айниқса, 2003 йили Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг 900 йиллик таваллуди олдидан зиёратгоҳда катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари қабрлари тепасидаги ўн устунли айвон янгидан барпо қилинди (Бу ҳазратнинг силсилаи шарифда ўнинчи ўринда турганликлари рамзий белгиси эди). Мақбара ёнида бир минг беш юз кишилик жамоани ўз ичига оладиган янги жомеъ масжид ҳам қуриб битказилди. Мус­табид тузум даврида кўмиб ташланган ҳовуз ва қудуқ қайта очилди. Масжид ва мажмуа атрофида 8 таноб (4 гектар)ли кўркам хиёбон барпо қилинди.

Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳини ободонлаштириш бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда буюк аллома таваллудининг 915 йиллиги тантанали равишда нишонланиши белгиланган эди, бироқ ободонлаштириш ишлари якунига етмагани сабабли бу тадбирлар кечиктирилди.

Зиёратгоҳдаги қурилиш ишлари мутасаддиси Икром Жўраевнинг маълум қилишича, зиёратгоҳ 285 метр узунликдаги девор билан ўраб олиниб, учта жойда кириш пештоқлари қурилмоқда. Эркаклар ва аёллар учун алоҳида таҳоратхоналар, зиёратчилар учун ошхона ҳам қуриш кўзда тутилган.

Ўтган аср бошларигача Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва оналарининг қабрлари атрофида ҳазира – масжид, хонақоҳ, минора, ҳовуз, қудуқ каби иншоотлардан иборат ва атрофи девор билан ўраб олинган, битта кириш дарвозаси бўлган мажмуа мавжуд бўлган ва у кейинчалик бузиб ташланган. Зиёратгоҳда амалга ошириладиган ишлар қаторида мазкур ҳазира ҳам тикланмоқда.

Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек масжиди таъмирланмоқда, ёғоч ўймакорлиги билан беза­тилган катта айвон, 30 кишига мўлжалланган мусофирхона, учта уловлар тўхтаб туриш жойлари қурилмоқда. Бу ишларни жорий йилнинг ёзида якунлаш режалаштирилган.

Мақола Садриддин Салим Бухорийнинг «Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари» асари, шунингдек, Ziyouz.com, Ziyorattour.uz ва Nuz.uz сайтларида эълон қилинган мақолалар асосида, исломшунос Обираҳмат АБДУЛҒАНИЙ таҳрири остида тайёрланди.

2019-06-24 09:51:43  |  5703 |   0  | 

1 изоҳлар

Март 15, 2020  18:37

1.Гавзар маматова

Хозирки Кунда кабрининг устида флагштот турибти,унда жса отни думи богланган. Шу нимани англатади



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация