ФУҚАРОНИНГ ЭМАС, АМАЛДОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ САВОДИНИ КЎПРОҚ ЎЙЛАШ КЕРАК!



 
  Расм манбаси : Repost.uz

 

“Барча фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги тўғрисида гапириш, уларни баҳолаш, ўргатишга интилиш — бу сафсатабозлик ва бюджет маблағларини ўмаришдан бошқа нарса эмас!”

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ёрдам берадиган, жумладан, ҳуқуқий саводхонлик даражасини баҳолайдиган дастурлар яратилаётгани ҳақида Юзлашувга қўйилган тасвирли лавҳага изоҳ қолдирган Наманган шаҳридаги “ADOLAT DARCHASI” адвокатское бюроси адвокати Усмонхон САЛОҲИДДИНОВ худди шундай фикрни илгари суради ва буни қуйидагича асослайди:

“Ҳуқуқий саводхонлик авваламбор фуқаролар ҳуқуқлари билан ишлайдиган давлат ташкилотлари, идоралари ва муассасаларида бўлиши керак. Айнан уларнинг ҳуқуқий саводини текшириб ва баҳолаб бориш жоиз.

Унинг (фуқаролар саводхонлигини оширишга пул сарфлаш — Таҳририят) ўрнига фуқароларнинг бирламчи ҳуқуқлари, яъни шахс дахлсизлиги, ҳимоя ҳуқуқи ва кафолатланган ижтимоий ҳуқуқлари давлат томонидан таъминланилса бўлгани.

Германия, Швеция, Норвегия каби ривожланган мамлакатларда ҳам аҳолининг атига 2 фоизи сиёсат билан шуғулланади, холос. Бу давлатларда фуқаро ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши биринчи навбатда давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан кафолатланган ва фуқароларнинг ўз шахсий ва хусусий ҳуқуқларини фақат адвокатлар орқали ҳимоя қилишлари юқори даражада тартибга солинган.

Масалан, фуқароларнинг энг кўп бузиладиган ҳуқуқлари меҳнат ҳуқуқлари ҳисобланади ва уларни ҳимоя қилиш ривожланган мамлакатларда меҳнат жамоаларининг касаба уюшмалари (профсоюзлар) орқали ҳимоя қилинади.

Шунга кўра биз ҳам кераксиз нарсалар билан шуғулланмасдан, реал муаммоларни ҳал қилишни ўрганишимиз даркор. Жумладан, бизда касаба уюшмалари фаолияти “0” билан баҳоланади, чунки у бадал йиғиш, бюджетни сўриш ва номига бир қисм (саноқли) ходимларга сиҳатгоҳлар ва дам олиш уйларига йўлланма ажратиш билан шуғулланади, холос.

“Эгри туриб, тўғри сўзла” — деган нақл бор.  Ёки “Ҳақиқат кўзни ўяди” (!) дейди доно халқимиз. Шундай экан,  ўзимизни ўзимиз алдайвермасдан, холис, виждонимиз ва Аллоҳ олдидаги масъулиятимизни сезган ҳолда фойдали ишлар билан шуғуллансак яхши бўларди!!!”

Шу ўринда қайд этиш керакки, жорий йилнинг 13 мар куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Dавлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 134-сон Қарори қабул қилинди. Унга кўра “давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш (тест синовлари орқали) ҳар уч йилда бир марта Адлия вазирлиги томонидан тегишли давлат ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган режа-график асосида ташкил этилади”. Тест саволларини шаклантириш вазифаси эса Адлия вазирлига юкланган ва уни электрон платформага жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этиш учун 2021 йилнинг 1 майигача муддат берилган. Аммо бу ҳужжатда тест айнан қайси давлат идораларидан бошланиши ва бу тартиб қандай белгиланиши ҳақида кўрсатма мавжуд эмас. Шунингдек, гарчи ҳужжатда аниқ айтилмаса-да, бу талаб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига тегишли бўлмаслиги мумкин (Ваҳоланки, айнан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳоллари мавжуд ва бу энг хавфлидир). Бунга аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Саҳифамизни кузатиб боринг! 

2021-03-18 12:20:29  |  1755 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация