Кўчадаги «мазза»нинг малҳами йўқ «аза»си...



 
  Расм манбаси : Favim.ru

Аёл товламачилик қилдими? Шубҳасиз!

Йигитни танг аҳволда қолдирдими? Бўлмаса-чи?!

Кечагина бир-бирни ялаб-юлқаб юрган бу «ошиқлар»га нима жин урдики, бугун бири судланувчи, иккинчиси жабрланувчига айланиб ўтирибди?

Воқеа мана бундай бўлди: Жиззахга иш қидириб сурхондарёлик Қурбоной Холлиева (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) Йигитали Қодировга дуч келади. Йигиталини бойвачча деб бўлмаса-да, оздир-кўпдир кунлик тушуми бор: «Ласетти»да кира қилади. Нияти самимий эдими ёки носамимий – энди кўпам аҳамияти йўқку-я, аммо танишган заҳоти Қурбонойга  ёрдам қўлини чўзгани рост. Ўша куни бирга аёл учун иш қидиришди, бир нечта ошхоналарга бош суқишди, мабодо, «официантка» ёки идиш ювувчи керакмасми, деб. Эртасига, индинига ҳам... Бироқ муносиброқ иш топилмади аёлга.

Бу орада муносабатлари қалинлашиб, ўртадаги жамики чегаралар бузиб-янчилди: аёл Йигиталининг жазманига айланди-қолди. Йигитнинг қўйнидан кириб, қўлтиғидан чиқаётгани учунми Қурбонойда иш топиш иштиёқи сўна бошлади. Ўз навбатида, «хизматини қилаётгани» учун йигит аёлни уч-тўрт сўмсиз қолдирмади.

Шу тариқа уч-тўрт ойни ўтказдилар.

Йигитали қарасаки, топганидан барака кетаётир: «чап»га юрган эркакнинг иши юришганми ўзи?! Қолаверса, «кўчадан топгани»га обдон «тўйгач», у минг офатижон бўлмасин, эрта бир кун эркакнинг кўзига балодай кўрина бошлаши кимга сир?!

Хуллас, Йигитали Қурбоной билан орани очиқ қилмоқчи бўлди: едик-ичдик, ўйнадик-кулдик... бас энди!

Бироқ  аёл осонликча  рози бўладиганидан эмас экан: «Мен ўйинчоқ эмасманки, хоҳлаганингча ўйнаб, ташлаб кетаверсанг! Уйингга бориб, ҳаммасини айтиб, шармандангни чиқармасамми?!»

Йигиталининг дами ичига тушиб кетди.

Шу суҳбатдан кейин муносабатлар яна икки-уч ой давом этди. Бироқ ўртадаги риштани меҳрдан кўра (қанақа меҳр?!), қўрқув боғлаб турганини  «ошиқ-маъшуқлар» яхши билишарди.

Ниҳоят, пичоқ суякка етгач, Йигитали муносабатларга батамом нуқта қўйишга аҳд қилди: «кел, яхшиликча ажрашайлик...»

Қурбоной шарт қўйди: «Бир миллион сўм берасан, кейин орамиз очиқ. Акс ҳолда,  маҳаллангга, уйингга бориб...»

«Шарт миқдори»ни пасайтириш учун қилинган музокаралардан наф бўлмагач, Йигиталининг рози бўлишдан бошқа чораси қолмади. Ўз навбатида, Қурбоной ишни яна-да пухта қилишга шошилди: гаровга нимангни қўясан?

Йигитали ҳайдовчилик гувоҳномасини «гаров» сифатида ташлаб кетди. Ва тўғри бориб, ИИБ ходимларига учрашди: «ёрдам беринглар-ей, бир аёлга илакишиб, бўларим  бўлди, ахир?!»

Воқеларнинг кейинги ривожини тасаввур қилаётган бўлсангиз керак: Қурбоной товламачилик билан талаб қилган пулларни олаётганда қўлга тушди...

Суд Қурбоной Холлиевага бир ярим йил муддатга озодликдан чеклаш  жазоси тайинлади.

...Воқеликка маънавий-аҳлоқий томондан ёндошилса,  на аёлни, на эркакни оқлаб бўлади аслида. Бироқ ҳаддидан ошган  барбир панд ейиши аниқ. Шу учун ҳам аёлнинг борган жойи суднинг қора курсиси бўлди. Йигитали? Наинки унга, балки кўчада кўзи ўйнаб юрган барча йигиталиларга инсоф берсин. Кўчадаги «мазза»нинг шунақа «аза»си ҳам бор...

Р.Орзиқулов,

жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг раиси

Xabar.uz

2019-01-05 21:41:54  |  2630 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация