Пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди



 
  Расм манбаси : Kommersant.uz

Бу йил пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга умуман йўл қўймаслик, ихтиёрий меҳнатни рағбатлантириш борасида республика ҳукумати томонидан жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманида вазир Шерзод Кудбиев шундай баёнот берди.

Меҳнат ҳуқуқлари поймол этилаётган ёки иш берувчи томонидан ваколати ва мажбуриятига кирмайдиган ишга мажбурланаётган фуқаролар 1092 қисқа телефон рақамига қўнғироқ қилиб, шикоятларини қолдиришлари мумкин.

“Қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилса, кескин чоралар кўрилади. Бунда мурожаатчи мажбурий меҳнат ҳақида ёлғон хабар берган бўлса, унга ҳам чора кўрилиши таъминланади. Агар мансабдор шахс мажбурий меҳнатга йўл қўйса, лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарлик юкланади. Бу мен айтаётган гап эмас. Бу давлат раҳбарининг бевосита сиёсий иродаси ва кўрсатмасидир”, – деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири.

Анжуманда қайд этилишича, вазирлик ихтиёрий теримчиларни жалб қилиш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида инновацион технологиялардан фойдаланишни йўлга қўймоқда.

Хусусан, бу йил пахта теришга ихтиёрий чиқишни хоҳлаган киши “Пахта терим 2018” Telegram боти орқали мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бу вазирликнинг жойлардаги бўлимларига келиб тушади ҳамда идора ходими ихтиёрий равишда мурожаат қилган фуқарони пахта теримига жалб қилиш чорасини кўриши керак бўлади.

Шу билан бирга, айни Telegram мессенжерида “Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси” боти ҳам ишга туширилмоқда. Мазкур бот орқали ҳар қандай меҳнат қонунчилиги бузилиш ҳолатлари, жумладан пахта терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилаётгани ёки шу каби салбий ҳодисалар бўйича мурожаат йўллаш мумкин бўлади. Шерзод Кудбиевнинг алоҳида таъкидлашича, ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар ҳам таҳлилий-танқидий ўрганилади.

Бундан ташқари, пахта терими мавсумида меҳнат муносабатлари шаффофлиги ва ошкоралигини, статистика ахборотларининг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида, вазирликнинг ушбу мавсумга доир мурожаатлар базасидан Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари кириб фойдаланишларига имкон берилади.

Кудбиев, шунингдек вазирликнинг пахта мавсумидаги асосий вазифаларига ҳам тўхталар экан, бу йил вазирлик аҳолининг ишсиз қатлами орасида пахта теримига ихтиёрий равишда чиқишини таъминлаш борасида кўпроқ ташвиқот ва тушунтириш ишларини ҳам олиб боришини билдирди. Бошқа ҳудудларга борган пахта теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини барпо қилиш, иш ҳақиларнинг ўз вақтида тўланиши ҳам нафақат вазирлик, балки “threepartism” асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва иш берувчилар томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам назорат қилинади.

Матбуот анжуманида Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги техник координатори Йонас Аструп ҳам иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, аслида пахта теримида иштирок этиш ва пахта териш орқали қўшимча даромад олишнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Фақатгина бунда мажбурлаш ҳолатлари бўлмаслиги ва муносиб меҳнат шароитлари таъминланиши жиддий муаммодир. Унинг айтишича, мамлакат раҳбарияти ва ҳукумати эса, айнан шу икки салбий жиҳатга барҳам беришда сиёсий ирода ва хоҳишни намоён этмоқда.

2018-09-10 16:57:55  |  2534 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация