Каттақўрғонлик “машҳур” аёл ўғрилиги учун судланди



 
  Расм манбаси : Kun.uz

Ички ишлар ходими томонидан таҳқирланиши видеоси Интернетда тарқаб кетган Н.Т. ёдингиздами?

Жиноят ишлар бўйича Оқдарё туман судида Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи Н.Т.га нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Унинг ўғриликда гумонланиб, терговга тортилгани ҳақида аввалроқ маълум қилган эдик.

Н.Т. ҳақида бир неча марта ёзганмиз. 2018 йил 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими катта тезкор вакили Санъат Умаров томонидан ечинтирилгани ошкор бўлганида ИИБ ходимииннг бу қилмишини жамоатчилик кескин қоралаган эди. Бу воқеадан сўнг Санъат Умаров ҳибс қилинди ва 21 ноябрь куни суд ҳукми билан 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Kun.uz хабарига кўра, Н.Т. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми (Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) ва 169-моддаси 3-қисмининг «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан амалга оширилган ўғрилик) билан айбланган.

Аввалги суд мажлисларида 30 сентябрь куни ўғирлатган телефонлари ва бошқа нарсаларини қайтариб олган ҳамда етказилган моддий зарарлари қопланган жабрланувчилар – Саодат Эгамбердиева, Сожида Бўриева, Мухлисахон Нарзуллаева судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдиришган.

Лекин, Н.Т. 16 сентябрь куни Наргиза Ҳасановага тегишли Samsung Galaxy J2 смартфони ҳамда 400.000 сўм пулни ўғирлаганидан тонаётган эди.

19 декабрь куни суд мазкур жиноят ишини кўришни якунлаб, ҳукм ўқиди.

Судда сўнгги сўз берилганида Н.Т. барча 4 эпизод бўйича айбига иқрор бўлиб, зарарларни қоплаганини, жабрланувчиларнинг бирор эътирози йўқлигини таъкидлаб, бундай ишларни бошқа қайтармаслигини айтган ва суддан енгиллик сўраган.

Аввалига судья И.Дониёров Н.Т. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 169-моддаси, 3-қисмининг «а» банди билан, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йилу 9 ойга озодликдан чеклаш жазосини тайинлади.

Н.Т.нинг вояга етмаган қизининг судда педагог ёрдамида берган кўрсатмаси, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатмаси билан Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми (Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) билан айблов қисми олиб ташланди.

Жиноят Кодексининг 60-, 61-моддаларига асосан, ЖИБ Иштихон туман судининг 2017 йил 11 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг шартлилиги бекор қилинди ва унинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан ҳукмлар мажмуи бўйича узил-кесил ўташ учун 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Судланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 48(1)-моддасининг 3-қисмига асосан қуйидагилар тақиқланади:

- яшаш жойидан ҳар куни кечқурун соат 23:00 дан эрталаб соат 06:00 гача чиқиш;

- озодликни чеклаш давомида муайян жойларга, яъни, кафе, бар ва ресторанларга бориш;

- уни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартириш;

- алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш.

2018-12-20 21:16:40  |  2251 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация