Фуқарога ҳуқуқини ўргата оладиган китоб!
Бугун Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамда «Advokat» журнали ҳамкорлигида тайёрлаб чоп этилган “Кундалик ҳаёт учун адвокат маслаҳати” тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.
«Advokat» журнали Бош муҳаррирининг таъкидлашича, мазкур тўпламни нашрга тайёрлаш ва таҳрир ишлари журнал таҳририяти кучи билан беғараз амалга оширилган. Китобдан жой олган савол-жавобларни эса адвокатлар Баҳром Саломов, Сафар Пардаев ва Шерзод Исмаилходжаевлар амалга оширганлар. Шунингдек, китобни мобиль ўқиш истагида бўлганлар учун унинг электрон нусхаси ҳам яратилиб, www.kitobim.uz порталига жойланган. Китобнинг ушбу порталдаги манзилига янги www.advokatnews.uz порталининг “Кутубхона” бўлимидаги ҳавола орқали ҳам ўтиш мумкин.
Рисола кундалик ҳаётда учрайдиган муаммоли масалалар ва тўқнаш келинадиган чигал вазиятларга доир ҳуқуқий ечимлар, бундай ҳолатларда ҳар бир киши билиши лозим бўлган фуқаролик ҳақ-ҳуқуқлари, шунингдек, амалга оширилиши лозим бўлган дастлабки хатти-ҳаракатлар бўйича энг муҳим тавсия ва маслаҳатларни ўзида жамлаган. Китобнинг қимматини оширувчи жиҳат эса унда тавсия этилган барча маслаҳатлар, тушунтириш ва тавсияларнинг қуруқ назарияга таяниб эмас, балки ҳаётдан, бевосита адвокатлик амалиётидан олинган тажрибалар асосида тайёрланганидадир. Зеро, бу ўқувчининг тавсиялардан фойдаланишида ҳам қулайлик яратади.
“Мен ҳуқуқий масалада маслаҳатга эҳтиёж сезиб юрган пайтимда бир танишим шу китобни тавсия қилиб қолди, — деди тақдимотга ўз хоҳиши билан келган, ўзини Тошкент шаҳрининг Сергели тумани, 5-мавзесида яшовчи Икромхўжа Сулаймонов деб таништирган китобхон амаки. — Шундан кейин бу китобни излаб топдим. Ундан эса нафақат ўзим излаган саволга, балки анчадан бери маҳаллада аралашиб юрганим учун бошқа одамларнинг ҳам ўзим гувоҳи бўлган жуда кўп муаммоларига жавоб топдим. Шу боис таниган-билганларимга уни тавсия қилиб юрибман. Ростдан ҳам мен бу китоб ҳар бир хонадонда бўлиши керак деб ҳисоблайман. Яқинда эса қўшимча саволлар чиқиб қолгани учун китоб муаллифларини излаб бориб, тақдимот бўлишини эшитгандим. Шунинг учун бу ерга ҳам етиб келдим...”
Китобда савол-жавоблар мавзусига кўра еттита бўлимга ажратилган. Жумладан:
“Оила ва никоҳ муносабатлари” бўлимида “Эр-хотин қамалганда ёки руҳий хаста бўлган ҳолатларда никоҳдан ажратиш”, “Эр-хотин ўртасидаги мол-мулкни бўлиш”, “Алимент тўлаётган шахснинг хорижга чиқишига рухсат”, “Қарзни эр ёки хотиннинг мулкига қаратиш”, “Қонуний никоҳи бўлмаган хотиннинг марҳум эридан ўзи ва фарзандлари учун мерос олиш ҳуқуқи”, “Собиқ турмуш ўртоғини ҳамда болаларини уй-жой билан таъминлаш”, Хорижда яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг никоҳини бекор қилиш”, “Қонуний никоҳсиз яшаш” каби мавзулар қамраб олинган.
“Уй-жой билан боғлиқ муносабатлар” бўлимида “Уй-жойни ижарага бериш”, “Уй-жой рўйхати (прописка)дан мажбуран чиқариш”, “Қарз олди-бердисини расмийлаштириш”, “Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида фуқарога етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш” каби мавзудаги муҳим савол-жавоблар ўрин олган.
“Маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ муносабатлар” бўлимида эса “Совуқ қуролни олиб юриш ёки сақлаш”, “Топиб олинган мулкни яшириш”, “Милиция ходимининг фуқарони текшириш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари”, “Фоҳишанинг жавобгарлиги”, “Қимор ўйинлари учун жавобгарлик”, “Хизматларни алдаб чақириш”, “Фоҳиша хизматидан фойдаланиш”, “Кўп хотинли бўлиш” каби мавзулардаги ҳаётда кўп учрайдиган саволларга жавоб топиш мумкин.
Булардан ташқари “Меҳнат муносабатлари”, “Адвокатура, адвокат, ҳимоячи”, “Жиноят қонунчилигига оид муносабатлар” бўлимларидаги савол-жавоблар ҳам ўқувчини эътиборсиз қолдирмайди. “Фуқаролик ишлари бўйича ариза ва даъво аризаларидан намуналар” бўлимида эса аризаларни тўлдириш тартиби мисоллар билан берилган.
Шунингдек, судга мурожаат қилиш учун тўланадиган давлат божи ставкалари, Республикамиз бўйича барча Халқ қабулхоналари, Давлат хизматлари агентлиги бўлимлари, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари рўйхатлари уларнинг манзиллари, телефон рақамлари ва электрон почта манзиллари билан бирга китобга илова қилинган.
Тўпламга киритилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса рисоладан қўлланма сифатида фойдаланишда фуқароларга қўшимча қулайлик яратади.
Рисола Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Услубий маслаҳат кенгаши раиси, юридик фанлари доктори, адвокат Баҳром Саломовнинг таҳрири остида тайёрланган.
Масъул муҳаррир “Advokat” журнали Бош муҳаррири Норбек Тошниёзов.
Китоб “Akademnashr” нашриётида 84х108 1/32 ўлчамда, 3000 нусхада чоп этилган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш