Меморандумлар имзоланиши бизга нима беради?



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Хабар берганимиздек, халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон Адвокатлар палатаси олтита мамлакатнинг адвокатлик бирлашмаси ва битта халқаро ташкилот билан меморандум имзолади. Бизнинг бу ҳақдаги хабаримиз эса, табиий равишда, ўқувчиларимиз орасида савол туғдирди: хўш, бу ҳужжатлар Палата учун ва мамлакатимиз адвокатлари учун нима беради?

Биз ўқувчиларимизнинг ушбу саволарига жавоб излаб Халқаро адвокатлар иттифоқи (ҳамкорлиги) ташкилоти (ХАИ(Ҳ)Т) вице-президенти, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Услубий маслаҳат кенгаши раиси Баҳром Саломовга мурожаат қилиб, анча батафсил маълумот олдик. Қуйида унинг жавобини имкон қадар ихчамлаштирган ҳолда эътиборингизга ҳавола этяпмиз:

— Ўзбекистон адвокатларининг бошини қовуштирувчи идора сифатида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан халқаро доирадаги ҳужжатларнинг имзоланиши катта ҳодиса бўлиб, у, энг аввало, Палатамизнинг мустақил ташкилот сифатида хорижда тан олиниши деганидир. Бу эса келгусида ўзаро манфаатли ҳар қандай ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши учун замин яратади. Хўш, ўша ҳамкорликлар нималарда акс этиши мумкин?

Биринчидан, мамлакатлар адвокатларининг турли кўринишдаги халқаро тадбирларини ташкиллаштириш имкони яратилади. Бундай тадбирлар давомида эса томонлар, мана бу Форумда бўлгани каби, ўзаро тажриба алмашадилар, фикрлашадилар. Шунингдек, тадбир бўлмаган тақдирда ҳам, соҳада бизни қийнаётган айрим муаммолар бошқа мамлакатларда қандай ечим топаётганини, бу муамоларни ечиш борасида улар тутган йўл қанчалик натижа берган ёки бермаганини ўрганиш, шунга кўра келгуси ишларни режалаштириш, қонун лойиҳаларига қўшимча ва ўзгартиришлар тавсия қилиш, жумладан, улар йўл қўйган хатоларни такрорламаслик маъносида ўзаро маслаҳатлашиб туриш мумкин бўлади. Умуман, ҳамкорликнинг бошланғич ҳужжати ҳисобланадиган меморандум келажакда аниқ мақсадларда шартномалар имзолашга асос яратади.

Қолаверса, адвокатларнинг бевосита фаолиятларида ҳам бундай ҳамкорликнинг фойдаси кўп. Масалан, хорижда кўрилаётган ишлар учун у ердан салоҳиятли адвокатларни топиб ёллашимизда ўша мамлакат адвокатлик бирлашмаси ёрдам берса, ўз навбатида, улар ҳам ўз мамлакатлари фуқароларига доир бизда кўрилаётган ишлар учун Палата орқали биздан адвокат олиши мумкин бўлади. Бу борада, айниқса, ХАИ(Ҳ)Т билан имзоланган меморандум муҳим аҳамиятга эга. Шахсан ўзим 2005 йилдан бери ушбу ташкилотнинг аъзосиман. Шунга кўра улар орқали хориж фуқароларига доир мамлакатимизда кўрилаётган ишларда адвокат сифатида иштирок этиб беришимни сўраб илтимос қилиб туришади. Яширмайман, бундай ишлар учун улар катта пул тўлашади. Шу маънода олганимизда ҳам биз учун фойдали иш ҳажми топилишига йўл дегани бу! Қолаверса, агар шундай ишончли ҳамкорлик бўлмаса, улар ҳам қийналган бўлишарди. Чунки бизнинг қонунчилигимизга кўра судларимизда хорижлик адвокатларнинг иштирокига рухсат берилмаган. Аммо Ўзбекистонга келмасдан туриб ишончли адвокат топа олишнинг ўзи улар учун вақт борасида ҳам, маблағ борасида ҳам, ишнинг сифати борасида ҳам қулайлик яратади. Бунда хорижлик адвокат ўз ҳимоясидаги шахс билан ўзи хоҳлаганича шартнома тузиб ишлайверади. Ўз ҳимоясини амалга оширишда эса у адвокат бизнинг ёрдамимиздан фойдалангани (масалан, судда иштирок этиб берганимиз) учун бизга шартнома асосида ҳақ тўлайверади.

Албатта бу ерда ҳамкорлик меморандуми имзолаган ташкилотлар муаммони бевосита ҳал қилиб беришни бўйнига олмайди, балки ишончни таъминловчи, тавсия қилувчи ролини бажариб беради. Яъни улар ўз ташкилотлари аъзоси сифатида менинг алдаб кетмаслигимни, энг муҳими, шу ишда сифатли ёрдам кўрсатишга имконим етишини билишади. Ишонч кафолати ва тўғри тавсия эса дунёда энг қиммат баҳоланадиган ёрдамдир. Бу ҳақда ХАИ(Ҳ)Т вице-президенти Сергей Бородин Палата раиси Алим Эрназаров билан бевосита учрашув пайтида ҳам жуда батафсил гаплашиб олишди.

Бундан ташқари, ташкилотлар ҳамкорлиги орқали мамлакатлар адвокатларининг бир-бирларига беғараз ёрдамларини ҳам йўлга қўйиш мумкин. Масалан, дейлик, ўзбекистонлик адвокатнинг ҳимоясидаги даъвогар шахснинг жавобгар томони бошқа мамлакатга иқиб кетган. Содда бир мисол билан айтганда, бир киши болаларига алимент тўламасдан қочиб кетиб, қайсидир мамлакатда яшаб юрибди. Аммо у ўша мамлакатда кўрсатилган манзилда ростдан ҳам яшайдими-йўқми? Буни билиш учун вақт ва маблағ сарфлаб ўша юртга бориш ўрнига Палата орқали шу мамлакатдаги ҳамкасблардан ёрдам сўраш мумкин. Буни мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Жумладан, яқинда ҳам Чилонзор туманидаги маълум манзилда бир фуқаронинг яшаш-яшамаслигини билиб беришимни илтимос қилишди. Суриштириб, унинг бир неча йил олдин бу ердан кўчиб кетганини осонгина аниқлаб бердим. Тасаввур қилинг, Россиядан келиб буни билиб кетиш у ерлик ҳамкасбимизга қанча машаққат туғдирар эди...

Ёки яна бир масала бор: бизнинг адвокатларнинг хорижда фаолият юритишлари масаласи. Агар ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилиб, хориж мамлакатлари қонунчилиги доирасида тегишли келишувларга эришилса, адвокатларимизнинг ўша мамлакатларда ҳам белгиланган тартибда ишлашларига йўл очилади. Масалан, ўзбекистонлик адвокатлар Россия Федерациясида бизнинг қонунчилигимиз бўйича маслаҳат бериш борасидагина хизмат кўрсатиши мумкин. Судлардаги иштирокига эса судья ёки терговчининг қарори билан рухсат берилади. Бошқа мамлакатларда яна ўзгача талаб ва шартлар бўлиши мумкин. Юқори доирадаги ҳамкорлик ана масалаларга ойдинли киритиб беради.

Шу ўринда, тажрибамдан келиб чиқиб, маслаҳат сифатида бир нарсани айтиб ўтишим керакки, адвокатларимиз Россия судларида қатнашишга рухсат олган тақдирларида ҳам маҳаллий адвокатлардан ўзларига шерик қўшиб олишса ишнинг сифатига жуда катта ижобий таъсир қилади.

Хуллас, булар меморандумнинг фойдали жиҳатларига доир оддий мисоллар. Бу каби ҳамкорликка эҳтиёж эса фаолият давомида пайдо бўлаверади. Ана шундай пайтда фалон мамлакатдан кимга мурожаат қилишни билмай турмасдан, Палата орқали қисқа фурсатда ишончли шерик, ҳамкор топиш мумкинлигини ҳис қилиб туришнинг ўзи муҳим.

2019-04-27 19:04:25  |  4967 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация