ЎЙЛАР ХУСУСИДА ЎЙЛАР



 
  Расм манбаси : 

“Advokat” журналининг 2-сонида юридик фанлар доктори, адвокат Баҳром Саломов билан суҳбат эълон қилган эдик. Ўзбекистон адвокатураси олдида турган, соҳа тараққиётига ғов бўлаётган қатор ўткир муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган ушбу мулоқот адвокатлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди, муҳокама қилинди. Кўплаб адвокатлар суҳбатда баён қилинган фикрларга ўз муносабатларини билдиришди. Қуйида улардан айримлари эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Сурайё РАҲМОНОВА,

Жамоат хавфсизлиги университетининг Жиноий-ҳуқуқий фанлар кафедраси профессори, юридик фанлари доктори

Шубҳасиз, янги таҳрирдаги Конституцияда адвокатура институтига конституциявий мақом берилиши, яъни, биринчи бор мамлакат Конституциясига адвокатурага бағишланган алоҳида боб киритилганлиги республикамиз адвокатлар ҳамжамияти учун ниҳоятда муҳим тарихий ютуқдир. Назаримда, бу улкан ютуққа бошқалардан ҳам кўра Баҳром Саломов маънан ҳақлидир.

Чунки айнан Баҳром Саломов Ўзбекистонда адвокатура соҳасини ислоҳ этиш зарурлиги бўйича қатъий позициясини илгари сурган биринчи адвокат, соҳа мутахассисидир. Қанча йиллар давомида Баҳром акани танисак, шунча вақт давомида у ана шу муаммоларни турли миллий ва халқаро илмий-амалий доираларда баралла айтар, уларнинг аниқ ечимларини илгари сурар эди.

Мазкур интервьюда Баҳром ака Саломов соҳадаги тизимли муаммолар ва уларнинг ҳал этилиши йўллари ҳақида гапирар экан, шунга яна бир бор ишонч ҳосил қиламанки, бу фикрлар ортида Баҳром аканинг ўзим ҳам гувоҳи бўлган қанчадан-қанча танқидий чиқишлари, амалиётчилар, идоравий манфаат эгалари билан жиддий баҳс-мунозаралари, курашлари турибди. Айнан шу жиҳати билан ҳам юриспруденция соҳасида танилган Баҳром ака ўз принципиал позициясига ҳамиша содиқ бўлган ва бу албатта кўплаб ёш мутахассисларнинг соҳага кириб келиши учун мотивация бўлиб хизмат қилган.

Албатта, интервьюда кўтарилган қатор муаммолар ўзининг тезкор ечимини талаб этади. Адвокатурага конституциявий мақом берилганлиги ҳали соҳадаги марказий муаммолар ҳал этилганлиги англатмайди, бу аслида фақат мазкур муммолар давлат даражасида эътироф этилганини ва конституциявий даражада тартибга солинишига оид давлат иродасини билдиради.

Айнан шунинг учун ҳам интервьюда кўтарилган масалаларга конституциявий аҳамият берилганлиги соҳадаги ислоҳотлар мантиқан изчил давом этиши кераклигини, бу муаммоларнинг тез ҳал этилмаслиги эса вазиятнинг янада мураккаблашувига олиб келишини англатади.

Жумладан, интервьюда тўғри таъкидланганидек, адвокатларнинг малакаси ва салоҳиятини изчил равишда ошириб бориш тизими йўлга қўйилиши зарур. Амалдаги тизим, афсуски, бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Интервьюда соҳада малака ошириш тизими қандай бўлиши зарурлиги юзасидан аниқ ва амалга оширилиши прогнози юқори бўлган таклифлар берилган.

Адвокатлар академияси ташкил этилиши зарурлиги ҳақидаги фикрга ҳам тўлиқ қўшиламан. Шубҳасиз, жамиятимизда малакали адвокатларга эҳтиёж катта. Ҳозирги амалиётчи адвокатлар фаолиятини ҳар томонлама, энг муҳими – реал ҳимоялаш, уларнинг салоҳиятини тизимли кучайтириб бориш орқалигина ёш ҳуқуқшунослар учун мазкур соҳанинг жозибадор бўлишига эришиш мумкин.

Албатта, жамиятда ҳуқуқий муносабатлар кўлами қанчалик кенг ва кўрсатилаётган юридик ёрдам сифати қанча баланд бўлса, давлатда ҳуқуқ устуворлиги ва қонунга итоаткорлик даражаси шунчалик баланд бўлади.

Бунинг учун эса, интервьюда айтилганидек, адвокатлар ўз ҳамжамияти атрофида қаттиқроқ жипслашиши, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришлари лозим.

***

Валишер ДАВЛЯТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент

Мақолада бугунги кунда адвокатура институтида тўпланиб қолган муаммолар кўрсатибгина ўтилмай, балки уларни ҳал этишга оид концептуал таклифлар илгари сурилган. Муаллифнинг фикрларига тўлиқ қўшилган ҳолда, ўз мулоҳазаларимни қўшимча қилишни жоиз деб топдим.

Дарҳақиқат, талабгорлар учун белгиланган 2 йиллик юридик стажни бекор қилиш адвокатура институти стандартлари ва “планка”сини тушириб юбориш эҳтимоли бор. Чунки, амалий тажрибага эга бўлмаган ёш кадрлар адвокатурага кириб келади.

Бу адвокатлар сони камлиги билан изоҳанмоқда. Хўш, аслида ҳам шундайми? Тўғри, мамлакатимизда 5 мингга яқин адвокат фаолият кўрсатаётган бўлса, ҳар бир адвокатга қарийб 8 минг нафар аҳоли тўғри келяпти. Шу мантиққа таянадиган бўлсак, ҳозирда барча адвокатлар аҳоли эҳтиёжини қондириш учун “қўли-қўлига тегмай” ишлаётган бўлиши керак. Аммо реал воқелик ундай эмас. Айниқса, ҳудудларда адвокатларнинг аксариятида иш деярли йўқ. Аҳолининг адвокатга мурожаат қилиш кўрсаткичи паст. Асосий сабаблардан бири – аҳолининг тўлов қобилияти пастлиги. Шунинг учун ҳам тайинлов асосида ишларда қатнашишга интилиш юқори, айниқса вилоятларда.

Адвокатларнинг ёшига келсак, аслида ёши катта адвокатларда тажриба, билим, малака юқори бўлади. Ёшларда эса хато қилиш риски юқори.

Хорижий тажриба таҳлили шуни кўрсатмоқдаги, биздаги “адвокат” билан улардаги “адвокат” («lawyer», «attorney at law») тушунчаси ўртасида катта фарқ бор. Юридик хизмат, ҳатто риэлторлик фаолиятини ҳам адвокатлар амалга оширади. Масалан, Исроил, Кипр ва бошқа давлатларда нотариус касби йўқ, бу ишни адвокат бажаради. Бинобарин, фалон мамлакатда 1 адвокатга
200-300 аҳоли тўғри келар экан, деган маълумотни эшитганда мана шу жиҳатни ҳисобга олиш керак.

Назаримда, Ўзбекистонда адвокатуранинг жозибадорлиги пастлигига қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:

1. Суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашда муаммолар мавжудлиги. Адвокат томонидан тақдим этилган материаллар суд томонидан етарли даражада баҳоланмаса, фуқаролар назарида адвокат нуфузига путур етади, унга ишончсизлик ортади.

2. Адвокатурага параллел тузилмаларнинг ташкил этилганлиги. Масалан, халқ қабулхоналари, юридик маслаҳатчи (консалтинг) ташкилотлар, “Мадад” ННТ ва бошқалар.

3. Аҳолининг малакали юридик ёрдамдан фойдаланиш учун молиявий имкониятлари етарли эмаслиги. Бу адвокатура ривожига тўғридан-тўғри ва жиддий таъсир кўрсатмоқда.

4. Адвокатлик тузилмасида стажировка ўташ ўзини оқламаганлиги. Аниқроғи, стажировка аксар ҳолларда шунчаки расмиятчилик учун ўталади. Бунинг ўрнига Адвокатлар палатаси ҳузурида академия ёки институт ташкил этиш, талабгорларни 2-3 ой ўқитиш ва шундан сўнггина уларни малака имтиҳонига киритиш амалиёти жорий этилса, жуда яхши самара бўлади деб ўйлайман.

***

Тўлқин САМАТОВ,

Навоий шаҳридаги “Bahs-Navoiy” адвокатлар ҳайъати адвокати

Устоз адвокат Баҳром Саломовнинг адвокатура олдидаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақидаги фикрларини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Муаллиф кўпйиллик тажрибага эга мутахассис сифатида соҳа ривожига тўғаноқ бўлаётган ўткир муаммоларни аниқ баён қилган. Устозга ҳурмат изҳор этган ҳолда унинг айрим масалалар ечимига доир таклифларига эътироз билдиришга журъат этаман.

  • яқинда олийгоҳни битирган, етарли иш тажрибасига эга бўлмаган 22-24 ёшли йигит-қизлар адвокатлик мақомини олганидан кейин то мустақил иш бошлагунича ўзини, оиласини моддий таъминлашда қийналиб, соҳадан кўнгли совийди, деган хавотирлар менга сал эриш туюлмоқда.

Адвокат бўлиш учун истакнинг ўзи камлик қилади. Ундан ташқари, ёш мутахассисда ички ишонч ва юқори даражадаги билим бўлиши лозим. У шу характери билан тажрибали, узоқ йиллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ишлаган адвокатликка талабгордан фарқ қилиши лозим.

Баҳром ака тилга олган рискларни бартараф этиш учун, назаримда, ёшларни мазкур соҳага қабул қилувчи малака комиссияларининг ролини кучайтириб, улардан малака имтиҳони олиш тажрибасини оммалаштириш лозим.

Шахсан мен олий ўқув юртига, яъни юридик институтга адвокат бўлиш мақсадида кирганман. Ўқишни битирганимдан сўнг бошқа соҳаларнинг эшигини қоқиб ўтирмай, тўғри адвокатурага келдим. Ҳозирги кунда 17 йиллик иш тажрибага эгаман.

Тузилма остонасини ҳатлаб ўтган чоғимдан бошлаб менга тажрибали адвокат устозлик қилди. Асосий кўникмаларни устоздан олдим.

Бир ҳолатни эсдан чиқармаслик лозим: адвокатлик фаолиятининг ўзи мураккаб. Ҳар бир ишда, ҳар бир ҳолатда тинимсиз изланиш ва ўзига яраша меҳнат талаб қилади.

Қолаверса, адвокатура соҳасига ўзимизнинг Ўзбекистондаги адвокатурага муносабатдан келиб чиқиб қараш керак эмас. Энг қадимий адвокатуралардан бўлган Италия адвокатураси ҳам бу йўлни босиб ўтишига 5000 йилдан ортиқ вақт керак бўлган. Биз эса адвокатура мустақиллигини 2023 йил 30 апрелдаги референдум билан Конституцияга киритдик.

Аниқроқ қилиб айтганда, иш энди бошланди, мустақилликни Конституцияда қайд эттирдик, бироқ олдинда бизни ҳали қанча курашлар кутиб турибди. Биз биргалашиб, бир куч эканлигимизни билдириб қўйишимиз керак. Биздан сал бўлса ҳам ҳадиксирашса, бизни кўрганда сергак торта бошлашсагина ўз талабларимизни илгари сура оламиз. Айтишади-ку, қўрқса ҳурмат қилади, деб. Шундай бўлади ҳам. Давлат бизга фақат ҳаракатларимизнинг қонуний асосини таъминлаб беради. Уни ижро қилиш учун фақат ва фақат биргаликда ҳаракатланиб, соҳани тизимли ривожлантириб боришимиз лозим.

  • мақолада тилга олинган “ёш ва тажрибасиз адвокат” деган жумла оммалашиб кетишидан хавотирдаман, зеро бу ўзимизга зарар етказиши мумкин. Адвокатми, демак у ёки билимдон, ёки тажрибали мутахассис деб эътироф этилиши керак, бошқа сўзни ишлатиш ноўрин деб ҳисоблайман.

Адвокатура соҳаси биз – адвокатлар ўзимизнинг ҳалқаро ҳамжамиятдаги статусимиз, шунингдек ижтимоий ҳаётда оддий инсонлар онгидаги ўрнимизни билиб ҳаракат қилган тақдиримиздагина ривожланиш босқичига ўтади. Акс ҳолда фақат бир-биримизни муҳокама қилишдан, сан ёмон ман яхши дейишдан нарига ўтмаймиз.

Учинчидан, Б.Саломов фикрича 2 йиллик стажга эга бўлиш талаби бекор қилинадиган бўлса, адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдам сифатини таъминлаш мақсадида ёшларга қуйидаги шароитлар яратилиши керак:

1. Институтни битириб, бир йил ичида адвокатлик мақомини олган шахсларга бир ёки икки йил давлат томонидан степендия тайинланиши;

2. Ҳар бир ёш адвокатга 1-2 йил мобайнида тажрибали адвокатни бириктириб, уни касбга тайёрлашни устоз-шогирд анъаналари асосида йўлга қўйиш;

3. Адвокат мақомини олган ёш адвокатда касбий кўникмалар шаклланишига кўмаклашиш учун уни қисқа муддатли курсларда бепул ўқитиш.

2-3 таклифларни қўллаб-қувватлайман, аммо 1-таклифга эътирозим бор. Адвокат ишсиз, даромадсиз қолмайди. Бу аниқ факт. Менимча, адвокат бўлган ёш мутахассисни ҳудудий бошқармалар орқали тажрибали адвокатлик тузилмаларига ишга жойлаштириш механизмини ишлаб чиқиш керак. Шунингдек, ёш адвокатнинг адвокатлик бюроси очиши учун муайян талаблар қўйилиши зарур. Бу менинг субъектив фикрим. Мисол учун, худди камида 3 йил адвокатлик иш тажрибаси бўлмаган адвокатга стажёр тайинланмаганидек.

Тўртинчидан, адвокатларни касбга тайёрловчи мактаб Адвокатлар палатаси ҳузурида бўлиши тўғри эмас, деб биламан. Бу бюрократиядан бошқа ҳеч қандай натижа бермайди. Биз Қозоғистон тажрибасини яхши ўрганиб, ундан андоза олишимиз мумкин.

2022 йил ноябр ойида ўтказилган юридик форумда Қозоғистонда адвокатларни ўқитиш мустақил адвокатлар ҳайъатлари ҳузурида очилган ўқув марказларида амалга оширилиши ҳақида эшитгандим. Айнан шунақа марказларда ҳақиқий амалиётчи мутахассислар билан тажриба алмашинади. Айнан улар ёш адвокатларга билим ва кўникма бера олади. Шунингдек, мазкур адвокатлар ёш адвокатларнинг билимига реал баҳо бера олади.

***

Сурайё СУЛАЙМОНОВА,

Самарқанд вилоятидаги “Yustikon law” адвокатлик фирмаси адвокати

Баҳром Саломовнинг адвокатлар ҳамжамияти ва Адлия вазирлигининг таклифларига асосан ишлаб чикилган концепциялар эътиборсиз қолаётганлиги тўғрисидаги фикрларига тўлиқ қўшиламан.

Ҳар қандай жамиятда инсон ҳуқуқлари ва унинг адолатли ҳимояси устувор бўлиши шарт. Жамиятдаги ҳар бир инсон ўзини хавфсиз ва ҳимояланган ҳис қилиб яшаши керак.

Мазкур концепция давлат миқёсида кўриб чиқилмаётганлиги ачинарли ва ташвишланарли ҳолат. Жамиятимизга адолатли ҳимоя керак эмасми, деб ўйлаб қоламан баъзан. Айниқса фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишига эҳтиёж кўпайган шу кунларда.

Адвокатура тўғрисида янги қонун қабул қилинмаётганлиги адвокатларнинг жисмоний ва юридик шахсларни эркин ҳимоя қилишини тўғридан-тўғри чеклаяпти. Янги Конституцияга адвокатура тўғрисида киритилган боб фонида адвокатурага оид янги – бугунги замон талабларига мос қонунларни ҳам қабул қилиш вақти етди. Буни ҳар бир адвокат кутяпти.

Адвокатурага ёшларни жалб қилиш ва уларга давлат ҳисобидан маош белгиланиши бир тарафдан, жуда яхши. Чунки билимли, ёш ва куч-ғайратли юристлар кўпаяди. Айни чоғда институтни битириб келган ёш кадрларнинг тажрибасизлиги умумий хизмат кўрсатиш сифатига таъсир этишидан хавотирим бор. Шундай экан, ёшларнинг касбга киришига йўл очиш баробарида стажировка масаласига жиддий эътибор қаратиш шарт деб ўйлайман.

Дарвоқе, сажировка ўтаётган ёш адвокатларга давлат ҳисобидан маош тўланишига ҳукумат идоралари албатта қаршилик қилишади. Сабаби, бюджет ташкилоти эмасмиз. Ушбу таклифни “ўтказиш” учун адвокатурага юқоридан обрўли “лобби” керак, Палата билан Адлия вазирлиги бу ишни уддалай олишармикан, билмадим...

Адвокатларнинг малака оширишига келсак, ҳозирча буни ЮМОМ амалга оширгани маъқул. Агар Адвокатлар Олий Мактаби ташкил қилинса, адвокатлар бу курсларда параллел тарзда ўқийверишсин. Аммо модомики, АОМ адвокатура тизимининг ўз ўқув даргоҳи бўлар экан, адвокатлар учун ўқиш бепул амалга оширилсин. ЮМОМдаги малака ошириш курсида ўқиш ҳозирги кунда 1 млн 500 минг сўм пул тўланадиган бўлса, ҳар ойда ҳар бир адвокат томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўлаб бориладиган аъзолик бадали ҳисобидан 3 йилда 1 маротаба адвокатларни бепул ўқитиш ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Малака комиссияси фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларга келсак, мен ҳам бир муддат комиссияда ишлаганман, ҳақиқатдан, комиссия аъзоларига ойлик маош белгиланиши керак, деб ўйлайман. Сабаби, биринчидан, комиссия аъзоси адвокатларнинг интизомий ишларини кўришга ўз вақтини сарфлайди, яъни кунлик даромадини йўқотади, бу эса уларга малол келиши мумкин. Бундан ташқари, комиссия кўриб чиқиши керак бўлган масалалар кўпайиб кетган ҳолларда баъзан тушликсиз, кечаси алламаҳалгача ишлашга тўғри келмоқда. Қолаверса, ишларни кўриб чиқишга 1 ойда 1 кун эмас, камида 2 кун ажратилса, иш ҳажми кўпайиб кетмайди, айни чоғда талабгорларнинг малака комиссияси имтиҳонини ёки қасамёд қабул қилишини  ойлаб кутишига чек қўйилган бўлур эди.

Шунингдек, менинг фикримча, малака комиссияси адвокатнинг лицензиясини тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш масаласида мутлақ ваколатга эга бўлиши керак. Ҳозирги кунда ушбу масала адлия идораси орқали суд қарорига кўра амалга оширилмоқда, лекин бу адвокатуранинг мустақиллиги тамойилига зид амалиёт.

Суд фақат апелятив орган сифатида қолсин, яъни адвокат комиссия қароридан норози булган тақдирдагина тўғридан-тўғри судга мурожаат қилсин. Бу қонунларимиз доирасида бўлади, яъни ҳар қандай қарор устидан суд тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи чекланмайди.

Нигора ТАГАЕВА,

Тошкент шаҳридаги “Tagaeva and lowers” адвокатлик бюроси адвокати

Юридик фанлар доктори, адвокат Баҳром Саломовнинг адвокатура институтини ислоҳ қилишга доир фикрларига қуйидагича қўшимча қилмоқчиман.

Олий малака комиссиясида озми-кўпми тажрибам борлиги учун бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман. Устидан шикоят келиб тушган адвокатлар аксарият ҳолларда ўз ҳимоя нутқларини шундай бошлайди: “Мен ҳар ой Адвокатлар палатасига аъзолик бадалларини тўлаб бораман. Комиссия эса Адвокатлар палатаси ҳузурида бўлганлиги боис фаолиятини шу бадаллар ҳисобидан юритади. Шунинг учун ҳам сиз интизомий ишларни кўрганда менинг манфаатларимни ҳимоя қилишингиз ШАРТ!”

Маълумот ўрнида, Адвокатлар палатаси ҳузуридаги малака комиссиялари ўз фаолиятини беғараз олиб боришини айтиб ўтмоқчиман.

Малака комиссияларига адвокатлардан ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар ҳам келиб тушади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари томонидан тазйиққа учраган ҳамкасбларимиз турли тақдимнома ва хусусий ажримларга ўз норозилигини билдириб, мансабдор шахсларни ўз лавозимларини суиистеъмол қилаётганликларида айблайди. Комиссия бу ҳужжатларни чуқур ўрганиш давомида адвокатлар ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилади, аммо унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ёки суд органларига таъсир қилиш бўйича ваколатлар йўқ.

Ўйлашимча, қуйидагиларни ўз ичига олган орган (масалан, Адвокатлар олий мактаби) ташкил этилиши айни муддао: ёш адвокатларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курслари; адвокатлар учун малака ошириш курслари; тор мутахассислик бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлишни истаган адвокатлар учун малака ошириш курслари; адвокатура фаолияти билан бевосита боғлиқ қонун лойиҳаларини таҳлил қилувчи илмий бўлим;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузурида фаолият юритмайдиган мустақил малака комиссияси (у адвокатлар ҳисобига фаолият олиб боради деган фикрларни пучга чиқариш учун); адвокатларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ёки қўмитаси; молиявий имконияти чекланганлар учун “ҳуқуқий клиника”.

Бу борада хорижда унча-мунча тажриба тўпланган. Шу ўринда Россия Федерациясидан бир қанча мисоллар келтириб ўтсам.

“Адвокатура мактаби” – Санкт-Петербург адвокатура институтининг ўқув курси. У РФ турли ҳудудларидаги бўлажак адвокатларга малака имтиҳонларига тезкор ва ихчамлаштирилган форматга тайёргарлик кўриш имконини беради.

Миллий тадқиқотлар университетининг Олий иқтисодиёт мактаби ва РФ Федерал адвокатлар палатасининг Юриспруденция ва маъмурийлаштириш олий мактаби.

Ҳуқуқий тадқиқотлар, адвокатура ва медиация институти ҳузуридаги “Адвокатуранинг экспресс-мактаби”. Ундаги ўқув дастурининг умумий ҳажми 52 академик соатни ташкил этиб, қуйидаги тематик блокларни ўз ичига олган:

1. Адвокатура.

2. Фуқаролик ҳуқуқи.

3. Турар-жой, мерос, меҳнат ва оила ҳуқуқи.

4. Фуқаролик жараёни.

5. Арбитражлик жараёни.

6. Маъмурий жараён, солиқ ҳуқуқи.

7. Жиноят ҳуқуқи ва жиноий жараён.

8. Конституцион, халқаро ҳуқуқ.

Россия адвокатура ва нотариат академияси – ўзига хос ноёб олий мактаб. Бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари фаолияти соҳасида мутахассисларни ўрта даражадан юқори малакага қадар тайёрлайдиган ягона таълим муассасасидир.

У давлат ва бюджет ташкилоти сифатида яратила бошланганди, аммо юридик зиддият юзага келди: олийгоҳ асосчиларини фуқаролик жамияти институтлари – Россия Федерацияси Федерал Адвокатлар палатаси, Россия адвокатлари гильдияси, Адвокатнинг марказий уйи, кейинчалик Москва шаҳар нотариал палатаси ташкил қилди. У тергов қўмитаси, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари каби идоравий профил олий мактаб мақомини олди.

Афсуски, бизда бу каби муассасалар ҳозирча мавжуд эмас. Тайёр илғор тажриба эса бу бўшлиқларни тўлдиришга замин яратиши шубҳасиздир.

2023-06-13 07:06:06  |  889 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация