Ҳамкорлик шаффофликни англатади



 
  Расм манбаси : "Huquq" газетаси

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан самарали ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш давлат бошқарувидаги устувор вазифалардан бири бўлиб ҳисобланади.

Мазкур йўналишда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари тизимининг ташкил этилиши, «Менинг фикрим» портали яратилганлиги юртимизда давлат бошқарувини амалга оширишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор берилаётганлигини кўрсатади.

Бу борада айниқса Асосий Қонунимизнинг 118-моддасига мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудида Конституция ва қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши учун масъул бўлган прокуратура фаолиятида ошкоралик ва жамоатчилик билан алоқаларнинг самарали йўлга қўйилиши қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ўта муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан мазкур йўналишда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Прокуратура органларининг бу борадаги иш фаолиятида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, қонун бузилиши содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шароитларни жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали бартараф этишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Хусусан, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, нотўғри маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун юз бераётган воқеалар ҳа­қида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш, жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни, қонун ва инсон ҳу­қуқларига ҳурмат муносабатини шакллантириш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

Бугун белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш прокуратура органлари фаолиятида жамоатчилик билан алоқаларни амалга оширишда ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни талаб қилмоқда.

Давлатчилик ривожининг кўп асрлик тарихи шундан далолат берадики, мамлакат тараққиётида давлат бошқаруви ва ҳокимият идораларининг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутлари билан ижтимоий мулоқотга киришиши ва ушбу жараёнда халқ фаровонлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларнинг ҳал қилиниши чинакам демократик ҳокимиятнинг асосини ташкил қилади.

Шу боисдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони билан фуқароларга қонун лойиҳаларини барча босқичларда кўриб чиқиш ва қабул қилиш жараёни ҳақидаги ахборотни монеликсиз олиш имконини берувчи қонун ҳужжатлари маълумотлари билан ишлашнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш ва Олий Мажлис палаталари фаолиятига татбиқ этиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, мазкур Фармон билан фуқароларнинг жамоавий ташаббусларини электрон тақдим қилиш тизимини янада такомиллаштириш орқали давлат бошқарувида қарорлар қабул қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчилик ва аҳолининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор қилиш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг, ошкора фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим йўналиши ҳисобланиб, бу борада давлат бошқарувида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш давлат ҳокимиятининг демократик асосларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Азамат МАМАТҚУЛОВ,

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори

("Huquq" газетасидан олинди).

2018-09-28 16:32:12  |  2202 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация