“Мустақил бўлиш учун аввало ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак”



 
  Расм манбаси : 

“Xalqaro-huquqiy ishlar bo’yicha advokatlar hay’ati-ikki” адвокатлар ҳайъати адвокати Абдужаббор Ачилов билан суҳбатимиз асосан, адвокатуранинг ички муаммолари ва тараққиёт йўлидаги ғовлар, шунингдек, соҳанинг том маънода автоном бўлиши шартлари каби саволлар атрофида кечди. Хусусан, суҳбатдошимиз фикрича, адвокатура мустақиллигига корпоратив бирлик орқали эришилади.

“Аҳил, уюшқоқ, ягона жамоа бўлиб етишган кунимиз амалда мустақил бўламиз. Ташкилот ўлароқ катта куч эканимизни, ўзимизни бошқара олишимизни ва давлат органлари билан тенг муносабат олиб боришга қодирлигимизни кўрсатсак, адвокатура билан давлат ўртасидаги маъмурий иплар ўз-ўзидан ғойиб бўлади”, дейди Абдужаббор ака.

Абдужаббор ака, Тошкент автомобил йўллари институтини битиргач 13 йил меҳнат фаолиятингиз ички ишлар органларида кечган экан. Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ишладингизми?

Йўқ, фақат тезкор хизматда ишладим: 1997 йилдан бошлаб 3 йил ИИВ Жиноят-қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармасида хизмат қилдим, сўнгра 2010 йилгача – Тошкент вилояти ИИББда.

2007 йилда вазир буйруғи билан тезкор хизматлар ходимларининг олий юридик маълумотга эга бўлиши шарт қилиб қўйилгач, НамДУ юридик факультетига сиртдан иккинчи мутахассисликка ўқиб олдим...

Касбга киришиб кетишингиз қандай кечди, кимлар устоз бўлиб қўлингиздан тутди?

2012 йилда лицензия олиб, “Xalqaro-huquqiy ishlar bo’yicha advokatlar hay’ati”га стажёр бўлиб кирдим. Бахтим бор экан, ажойиб устозга йўлиқдим – Эржанов Илҳом акага. Шу кишининг этагини маҳкам тутиб, уч йил ёнларида юрдим. Уч йил деганда адвокат бўлиб шаклланиб, мустақил иш бошладим.

Умуман, адвокат ўқиш-ўрганишдан ҳеч қачон тўхтаб қолмаслиги керак. Ҳеч ким “мен ҳамма нарсани биламан”, деб кўкрагига уролмайди. Қолаверса, назарий билимнинг ўзи етарли эмас, ҳимоя тактикаси, стратегияси бўйича кўникмалар ҳам жуда зарур. Шундай экан, ҳамкасблар билан маслаҳатлашиб туриш, билмаганингни сўрашдан ҳеч қачон ор қилмаслик керак.

2018 йилдан бери “Xalqaro-huquqiy ishlar bo’yicha advokatlar hay’ati-ikki” адвокатлар ҳайъатидаман. Бу ерда ҳайъат раҳбари Ботир Ашуровичдан кўп нарса ўргандим, шунингдек Джўраев Аъзам акани ҳам ўзимга устоз деб биламан.

Асосан жиноят ишлари билан шуғуллансангиз керак?

Тезкор хизматда кечган “ўтмишим” таъсирида жиноят ишлари бўйича адвокат бўлишни маъқул кўрдим.

Адвокатликни соҳа ичига “мўралаб”, оз-моз танишишим билан ёқтириб қолдим, менбоп касб эканига амин бўлдим. Берилиб ишлайман. Ижобий натижага эришганимда барча чарчоқлар чиқиб кетади, ўтган асаббузарликлар унутилиб, кўнглим роҳат олади. Худога шукр, шартномавий ишлардан ортиб, муҳтож кишиларга бепул ёрдам беришга ҳам вақт, имкон топаман. Қолаверса, жамоатчилик иши ҳам бор – туман кенгашида депутатман...

Ҳа, дарвоқе, 2019 йилдан бери Халқ депутатлари Юнусобод тумани кенгаши депутати экансиз. Айтинг-чи, бу профессионал фаолиятингизга билвосита ёрдам берадими? Саволимни “депутатликни суиистеъмол қиласизми”, деб тушунмаслигингизни сўрайман. Демоқчи бўлганим, депутатлик мандати туфайли давлат идораларида, суд ва тергов органларида адвокат сифатидаги ҳақ-ҳуқуқларингизни талаб қилишингиз осонроқ кечаётгандир?

Депутатликнинг фойдаси тегяпти, аммо сиз айтган маънода эмас. Депутатликни рўкач қилиб адвокат ўлароқ бирон ишимни битириш пайида бўлмаганман ҳеч қачон, ҳақ-ҳуқуқларимга дахл қилинган тақдирда ҳам фақат адвокат сифатида ҳаракат қиламан.

Депутатлик менга бошқа тарафлама ёрдам беряпти. Туман кенгашида шунчаки депутат эмас, Қонунчилик ва коррупцияга қарши кураш комиссияси раисиман. Яъни, қонун чиқарувчи ҳокимият тепасидаги раҳбарларга тўғридан-тўғри “доступ”им бор. Яъни амалдаги муаммоларни кўтариб чиқишга қисман ваколатим бор. Лекин бу кутариладиган муаммолар хам асосли бўлиши лозим. Шунинг ўзи ҳам катта имконият. Ёдингизда бўлса керак, 2020 йилда янги таҳрирдаги Солиқ кодексини қабул қилиш асносида адвокатлик тузилмаларини солиққа тортишда тижорат ташкилотларига тенглаштиришга уриниш бўлган эди. Ўшанда Қонунчилик палатаси спикерига мурожаат қилиб, Кодекс лойиҳасидаги бу ўзгартишлар қонунга мутлақо зидлигини, боз устига 4 мингдан зиёд адвокатнинг тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган нормалар адвокатларнинг иштирокисиз кўрилаётгани катта хатолигини ва агар улар қабул қилинадиган бўлса, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга жиддий путур етказишини рўй-рост айтганман.

Сўнгра Республика Адвокатлар палатаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига хат билан чиқди, Адлия вазирлиги аралашди. Натижада адвокатурани солиққа тортиш қоидалари ўз ҳолича қолдирилди, бунда менинг ҳам ҳиссам борлигидан фахрланаман.

Иккинчидан, турли-туман расмий йиғилишларда қатнашаман, судьялар ва прокурорлар, ИИВ мансабдорлари билан кўп мулоқотда бўламан, уларнинг адвокатларга нисбатан фикрини ўрганаман. Сўзга чиқсам, қонунчиликда қандай бўшлиқлар мавжудлиги, қайси нормалар амалиётда ишламаётгани ва нега ишламаётгани, суд ва ҲМҚО фаолиятидаги камчиликлар, адвокатларни қийнаётган ва адвокатура ривожланишига тўғаноқ бўлаётган муаммолар ҳақида гапираман, таклифлар бераман. Бундан ташқари, парламентда қандай қонунчилик ташаббуслари бўлаётгани ҳақида ҳамкасбларимга нисбатан олдинроқ хабардор бўламан.

Сиёсат мени яна бир нарсага ўргатди: сўзни жуда танлаб гапирадиган бўлдим. Адвокатлар одатда ўзлари ҳуқуқини ҳимоя қилаётган кишига зарар етказмаслик учун сўзга эҳтиёткор бўладилар, сайланганимдан сўнг мен янада талабчан бўлиб, касб фаолиятимда ҳиссиётга берилмасдан, ҳар қандай вазиятда ўзимни босиқ, вазмин тутишга, фақат фактлар ва қонун тилида гаплашишга ўргандим...

Шунинг учун ҳам қонун чиқарувчи ҳокимият органларида адвокатлар вакиллигини кенгайтиришимиз зарур. Депутатлар орасида ҳамкасбларимиз қанча кўп бўлса, шунча яхши. Барча юридик соҳалар ичида энг кучли, билимдон ва ўткир мутахассислар адвокатурада йиғилган. Биз қонунларни ҳаммадан чуқурроқ тушунамиз, унинг қусурларини, бўшлиқларини яхши биламиз. Энг муҳими – судлар мустақил ва холис бўлишини, прокуратура ўз ваколатларини суиистеъмол қилмаслигини энг кўп хоҳлайдиган ҳам биз! Энди тасаввур қилинг, мана шу жиҳатларни жуда теран англайдиган ҳамкасбларимиз Олий Мажлисда, вилоят ва туман кенгашларида ўтириб, қонунчилик муаммолари, норма ижодкорлиги ва мамлакатимиз равнақи учун энг зарур, фойдали қонунларни қабул қилиш билан шуғуллансалар... Фақат адвокатура ва суд-ҳуқуқ тизими эмас, бутун жамият ютган бўлар эди бундан!

Ана шундай мулоҳазалар билан бир пайтлар Палатанинг собиқ раиси Алим Эрназаровга “адвокатларни сиёсий партияларга аъзо бўлишга тарғиб қилайлик, улар парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларда ўз номзодларини қўйсинлар, қонун чиқарувчи ҳокимиятда адвокатлар кўпайсин”, деб таклиф қилган эдим. Алим Қодирович “хўп, кўрамиз” деганди, лекин бирон бир натижа бўлмади...

Давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг адвокатурага муносабати унчалик яхши эмаслигини биласиз. Ўтган йилларда бу борада вазият бирмунча ўнгланди, аммо тубдан ўзгарди деб бўлмайди – адвокатларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Бошқа тарафдан, оддий халқнинг фикри ҳам деярли ўша-ўша: адвокатларга “ўртакаш”, “даллол” ёки “олган пулига яраша иш қилмайдиган ноинсофлар” деб қараш ҳамон кучли... Жамиятда адвокатура нуфузини ошириш, адвокатликни мўътабар касбга айлантириш ва одамлар онггидан юқорида санаб ўтилган стереотипларни ўчириш учун нима қилиш керак, сизнингча?

Муаммо илдизи чуқур ва у осонликча, бир-икки кунда ҳал бўладиган иш эмас.

Ҳа, мансабдор шахслар, ҲМҚО ходимлари адвокатларни унчалик хушламайди, ҳамкасбларимизга худди жиноятчининг шеригидек қарайдиганлари ҳам кўп. Бунинг сабаблари нимада, биласизми? Уларга қолса, процессуал тадбирларни ўзлари хоҳлагандек олиб боришса, ўз кўнгилларича тергов қилишса, “дело”ни бемалол тўлдиришса. Аммо адвокат доим уларга “халал беради”, хоҳлаганидек ишлашга қўймайди ва жараён қонунга мувофиқ бўлишини талаб қилади, қонунни бузишса, устларидан шикоят қилиб, уларга “муаммо туғдиради”. Иккинчи сабаб ҳуқуқий билим ва савия билан боғлиқ. Кўп ходимлар инсон ҳуқуқларини, айниқса айбсизлик презумпцияси қоидаларини яхши билмайди ёки билса ҳам англамайди, ҳимояланиш ҳуқуқи муқаддаслигини ва ҳеч ким то айби судда исботланиб, ҳукм кучга киргунича жиноятчи деб ҳисобланиши мумкин эмаслигини тасаввур қила олмайди. Яширмайман, “оперативник” бўлиб ишлаганимда мен ҳам шундай эдим, “қип-қизил ўғри, ярамас кимсаларни нега ҳимоя қиласизлар?” деб сўрардим адвокатлардан. Менинг фикрим ўзим шу соҳага кирганимдан сўнг ўзгарди. Демоқчиманки, тергов-суриштирув органларининг муносабати бирдан яхшиланиб қолмайди: вақт керак, уларни ўқитиш сифатини ошириш ва давомли ислоҳотлар билан, адвокатнинг касб фаолияти ва айбсизлик презумпциясига оид нормалар амалиётда беистисно ишлашини таъминлаш орқали эришилади бунга.

Бироқ кўп нарса ўзимизга боғлиқ – аввало ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак. Ҳар бир адвокат профессионал бўлиши лозим. Ўз устимизда тинимсиз ишлайлик, ишонч билдирган фуқаро манфаатлари учун охиригача курашайлик, ҳаққимизни ҳалоллаб олайлик. Битта адвокатнинг виждонан меҳнат қилиб, эришган ижобий натижаси бутун адвокатуранинг кичик ғалабасидир, чунки бир иш туфайли кимнингдир кўнглида касбимизга нисбатан яхши фикр ҳосил қилган бўламиз. Катта ғалаба мана шундай кичик-кичик ғалабалар орқали қозонилади...

Аммо бу осон эмас-да. Тан олишимиз керак, адвокатлар орасида даллолликни касб қилганлар ҳам бор. Вақти-вақти билан “махсус тадбир”да қўлга тушганлар ҳақида хабарлар чиқиб турибди...

Ҳа, афсуски, шундай. Адвокатлар ҳамжамияти, Палата бошчилигида соҳани бунақа нопоклардан тозалаш чораларини кўриши керак. Бунақалар одатда бадавлат мижозларга “хизмат кўрсатади” ва суд, тергов органларидаги ўзи каби қинғир мансабдорлар билан “ҳамкорлик қилади”. Улар кўп эмас, лекин битта бўлса ҳам бутун адвокатурани ёмонотлиқ қилишга етади. Бирники – мингга, мингники туманга, деб бежиз айтмаганлар.

Соҳа имижига путур етказаётган яна бир тоифа бор – улар ишларда фақат тайинлов асосида қатнашади. Давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида қонун қабул қилинди, лекин моҳият ўша-ўша. Беш қўл баробар эмас, улар орасида виждонли ҳамкасбларимиз ҳам топилади, бироқ аксарияти худди тергов ёки суд идорасининг ўз ходимидек бўлиб қолган. Пенсия ёшига етгунча кун ўтказаётган кекса адвокатлар-ку майли, айрим ёш ҳамкасбларимиз ҳам шу иш билан шуғулланаётганига сира тушунолмайман-да. Бир кунда нечта иш бўйича қоғозларга имзо чекиб беришади, билмадиму фақат тайинловда қатнашиб, ойига 20-25 миллионлаб топаётган адвокатлар ҳақида эшитяпмиз. Гап пулда эмас, уни қандай йўл билан топишда.

Шахсан ўзим тайинлов бўйича ҳимояни мутлақо тан олмайман, бу адвокат иштироки таъминланганини қайд этиш учун зарур кўзбўямачилик холос. 12 йиллик профессионал фаолиятимда атиги бир марта тайинлов асосида жиноят ишининг судда кўрилишида иштирок этганман, унда ҳам охиригача эмас. Қарши томонга, гувоҳларга савол бермоқчи бўлганимда судья: “Савол бермайсиз, фақат кузатиб ўтирасиз”, деган. “Ундай бўлса, бу ерда қиладиган ишим йўқ экан, хайр”, деб залдан чиқиб кетдим...

Конференцияга 3-4 ой қолганда ижтимоий тармоқларда адвокатлар ўртасида тортишувлар, муҳокамалар қизиган эди, бундан хабарингиз бўлса керак, журналист сифатида мен ҳам кузатдим. Ҳамжамият, жумладан, адвокатура мустақил бўлсин, давлат Адлия вазирлиги орқали муҳим корпоратив масалаларимизга аралашишни бас қилсин, ўзимизни ўзимиз бошқарайлик, деб талаб қилмоқда. Хўш, адвокатура тўлиқ автоном бўлса, шунча ички муаммолари билан “арава”сини тортиб кета оладими? Ёки, қайтага, мустақил бўлгандан сўнг ички муаммоларга қарши курашиш осонроқ бўлармикан?

Ҳамкасбларнинг фикрларини ҳурмат қиламан, ҳар кимда турлича фикр ва қарашлар бўлишини табиий деб биламан. Аммо шахсий фикримни сўрасангиз, мустақил бўлишга ҳали тайёр эмасмиз. Сабабини тушунтираман.

Юқорида “даллол”лар ва тайинлов асосида ҳимояни осон пул топиш воситасига айлантириб олган адвокатлар ҳақида гапириб ўтдим. Бунақалар кўп эмас, нари борса 4-5 фоиздир. Қолган мутлақ кўпчилик – шаънига доғ туширмай, ҳалол ишлаб келаётган адвокатлар, бунга ишончим комил. Бироқ, афсуски, улар орасида тирикчилиги билан ўралашиб қолиб, соҳанинг келажаги, тақдири, муаммолари билан қизиқмайдиган лоқайд ҳамкасбларимиз ҳам оз эмас. Конференцияга делегатлар сайлаш учун чақирилган Тошкент шаҳри адвокатлари йиғилишида яна бир карра ҳис қилдим. Пойтахтда 2000 дан зиёд адвокат бўлса, шундан 1300 дан кўпроғи қатнашди, холос. Яъни, камида 700 ҳамкасбимиз ақалли томошабин бўлиш учун ҳам келмадилар!

Шу билан бирга конференцияга тайёрланиш даврида бир-икки делегатдан ташқари адвокатурани ривожлантириш учун таклиф берган делегатларни эшитмадим. Аслида делегатлар конференция бўлишидан олдин ўз позициясини мустақим равишда кўрсатиб, ундан кейингина делегат бўлиб сайланиши лозим эди. Бу ҳолат бизда аниқ мақсад йўқлигидан далолат беради деб ўйлайман.

Ташаббускор, куюнчак адвокатларимиз эса жуда оз. Тўғри, ҳаммадан илғор ва фаол бўлишни талаб қилиб бўлмайди, зеро бунақа хислатлар барчага баравар ато қилинмаган. Лекин ҳеч қурса ташаббускор ва етакчилик салоҳиятига эга бўлган ҳамкасблар атрофида жипслашиб, ўзаро фикрлашишни, маҳаллий миқёсдаги кичикроқ муаммоларимизга биргаликда ечим топишни ўрганишимиз лозим!..

Шунча гап даромадим битта хулосага олиб келади – бирлашишимиз керак. Аҳил, уюшқоқ, ягона жамоа бўлиб етишган кунимиз амалда мустақил бўламиз. Ташкилот ўлароқ катта куч эканимизни, ўзимизни бошқара олишимизни ва давлат органлари билан тенг муносабат олиб боришга қодирлигимизни кўрсатсак, адвокатура билан давлат ўртасидаги маъмурий иплар ўз-ўзидан ғойиб бўлади, деб ўйлайман...

Конференция натижалари ҳақида фикрингиз қандай? Республика Адвокатлар палатасининг янги раҳбаридан соҳа истиқболи учун нималар кутмоқдасиз?

Конференцияни натижаларидан, умуман олганда, кўнглим тўлди. Тортишувлар, эътирозлар бўлганини эшитдим, бу табиий ва қувонарли ҳол. Чунки плюрализм, яъни фикрлар хилма-хиллиги мавжудлигини билдиради. Давлат органи эмасмизки, раҳбарларнинг ҳамма гапларини юз фоиз тасдиқлаб бераверсак.

Эътибор берган бўлсангиз, “янги қон” мавзусида кўплаб мақолалар чоп этилди. Бу “янги қон” ҳамма ходимларни ўзгартиришни эмас, балки адвокатурани янгича фикрлар билан бошқариш тизимига ўзгартириш кераклигини билдиради, менимча.

Ҳозирги кунда умумий фокусимиз адвокатурани ривожлантириш учун бошқарув аъзоларини иш тақсимотини тўғри йўлга қўйиш натижасида вужудга келади деб ўйлайман.

Янги раисимиздан нималар кутаётганимга келсак, юқорида айтганимдек, ҳамжамиятимизнинг айни дамдаги бирламчи эҳтиёжи – бу корпоратив бирликни таъминлаш. Шуҳрат ака, раҳбар ўлароқ энг аввало бир-бирининг устидан ёзиш, “ўртакашлик” сингари касб обрўсига доғ тушираётган, тарқоқликка сабаб бўлаётган иллатларни йўқ қилиш ва адвокатларни ўз атрофида бирлаштириш чораларини кўради, деб умид қиламан.

Яна бир ўта долзарб масалалардан бири – адвокатларни касбий фаолияти билан боғлиқ тўсқинликлар ва таҳдидлардан ҳимоялаш. Биз, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоячилари баъзан ўзимиз ҳимояга муҳтож бўлиб қоляпмиз. Палата адвокатлар касбий фаолияти туфайли ноҳақ айбланмаслиги, тазйиқларга учрамаслиги учун қалқон бўлиб туриб берса, адвокатлар буни ҳис этсалар, бирлашишимиз осон кечарди, деб ўйлайман. Айни чоғда Палатанинг бу борада қўли қисқалигини ҳам яхши тушунаман. Демак, даставвал Адвокатлар палатаси ваколатларини кенгайтириш, касбий ҳимоя бўйича самарали механизмлар жорий этилиши учун курашишимиз керак бўлади. Агар Палата раҳбарияти шу йўналишда жиддий иш олиб бормоқчи бўлса ва адвокатлар кўмагига эҳтиёж сезса, жонкуяр ёрдамчилар доим топилади.

Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.

Уйланганман, тўрт фарзандим бор: уч ўғил, бир қиз. Турмуш ўртоғим уй бекаси. Тўнғич ўғлим ва келиним Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида ишлашади. Иккинчи ўғлим Рига (Латвия) Халқаро университетини туризм йўналиши бўйича битириб ҳозир профессионал ошпазликни ўрганяпти. Қизим – ЎзМУ хорижий филология факультетида битирувчи курс. Кенжа ўғлим эса ҳали мактаб ўқувчиси, шахматни яхши кўради.

Мазмунли суҳбат учун раҳмат!

Ойбек МЎМИНОВ суҳбатлашди.

2024-01-19 10:48:55  |  735 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация