Солиқ қонунбузарлиги хавфини таҳлил қилиш тизими жорий этилади
Ўзбекистонда давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил қилиш тизимини жорий этиш бошланди. Тизим Давлат солиқ қўмитасининг низоми орқали татбиқ этилади, деб хабар беради Turon24.
"Ушбу тизим орқали тадбиркорнинг фаолияти мустақил ва ташқи аралашувсиз таҳлил қилинади ва тадбиркорнинг солиққа оид қонунларни бузиш хавфи баҳоланади", – дейилади хабарда.
Бунинг учун тизим бошқарма ва вазирликлардаги корхонага оид барча маълумотлардан фойдаланади. Бундан ташқари тизим автоматик равишда корхоналарнинг расмий сайтларини, шунингдек, ижтимоий тармоқларда корхоналар ҳақида билдирилган мулоҳазаларни ҳам ўрганади.
Тизим қуйидаги йўналишлар бўйича мониторинг ўтказади:
корхонанинг солиқлар бўйича қарзи борми?
корхона солиқларни ўз вақтида тўлаяптими?
корхона ҳақиқатан ўз юридик манзилида жойлашганми ёки кўчиб кетганми?
корхона мижозлардан тўловларни қабул қилганда бегона савдо терминалларидан фойдаланадими?
корхонага истеъмолчилардан қандай шикоятлар келиб тушади ва бошқалар.
Тизим тадбиркорлик субъектларини 3 тоифага: солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст, ўрта ва юқори тадбиркорлик субъектларига ажратади.
Хавфлилик даражаси юқори субъектлар камчиликларни бартараф қилиш ёки тегишли ҳужжатларни тақдим этиш учун автоматик тартибда огоҳлантирилади.
Агар тадбиркор юзага келган муаммони ҳал қилмаса, ваколатли органнинг рухсати билан солиқ хизмати тадбиркорнинг фаолиятини текширишга киришиши мумкин.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш