I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар 25 йиллик стаж билан пенсияга чиқишлари мумкин



 
  Расм манбаси : Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Уй-жой коммунал хизматларни кўрсатиш ва аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишини таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама этилди, деб хабар беради ЎзА.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 30 август куни қабул қилинган қонуннинг мақсади тўлов интизомини мустаҳкамлашга, шунингдек, айрим тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронларига имтиёзли пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган. Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритилди. Жумладан, тегишли банд билан Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхат бўйича I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган эркакларга камида 25 йил иш стажи, аёлларга камида 20 йил иш стажи бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқи берилади.

Мамлакатимизда 760 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган. Мутахассисларнинг фикрларига кўра, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар пенсия тарқатишда учраётган камчиликлар, нотўғри ҳисоблашларга барҳам беришга хизмат қилади.

Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, Уй-жой кодексининг 134-моддасига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Хусусан, давлат ва хусусий уй-жой фондларида кўрсатиладиган сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари учун мажбурий тўловлар олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага олувчиларига коммунал хизматлар кўрсатиш мажбурий тўловлар 3 ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда тўхтатиб турилади, бундан сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш мустасно.

Ушбу қонун қарздорликнинг олдини олиш, коммунал соҳа ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ички инфратузилмасини яхшилаш, соҳага янги технологияларни жалб этишга хизмат қилиши айтилди.

2018-09-10 17:14:40  |  2192 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация