Хоразмдаги иккита банк мансабдорлари фуқароларнинг 24 млн сўм пулини ўғирлаганликда айбланмоқда
Пуллар 115 нафардан ортиқ мижознинг пластик карталаридан ечиб олинган. Гумондорларга Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан иш қўзғатилган
Хоразм вилоятининг Боғот ва Янгибозор туманларидаги иккита маҳаллий банкнинг мансабдор шахслари банк мижози бўлган фуқароларнинг пластик карталаридаги 24 млн сўмни ўзлаштирганликда гумонланиб қўлга олинди.
Боғот туманидаги банклардан бирининг (тергов манфаатларидан келиб чиқиб, айбланувчиларнинг исми ва банклар номи сир тутилмоқда) Пластик карточкалар тизимини ривожлантириш шуъбаси мудири 100 нафардан ортиқ фуқароларнинг пластик карточкаларини ўзининг телефон рақамига “CLICK” тизими орқали улаб олиб, 2016 йилнинг март ойидан 2017 йилнинг сентябрь ойига қадар 101 нафар фуқаронинг банк пластик карточкасидан 21 миллион сўмдан ортиқ пул маблағининг яширин равишда ўғирлаганликда гумон қилинмоқда.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, бу банкда ўтказилган назорат текшируви чоғида аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) 3-қисми “б” банди (компьютер тизимига рухсатсиз кириб) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда туман ички ишлар бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Янгиариқ туманидаги яна бир банкнинг бир гуруҳ мансабдор шахслари эса банк мижози ҳисобланган 15 нафар фуқаронинг пластик карточкаларидан 2 йил давомида жами 3 миллион сўмдан ортиқ пулни, уларнинг логин ва паролларидан фойдаланган ҳолда талон-тарож қилиш йўли билан ўғирлаб келганликлари айтилмоқда.
Банк ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми (ўғрилик, компьютер тизимига рухсатсиз кириб) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш