​ПАНДЕМИЯ ОДИЛ СУДЛОВГА ДАХЛ ҚИЛМАЯПТИМИ?



 
  Расм манбаси : Uzreport

Карантин қоидаларини бузганлиги учун бир неча ўн минглаб одамлар жаримага тортилганлиги сўнгги статистик ҳисоботларда қайд этилмоқда, аммо ҳали бирон бир адвокатдан бу тоифадаги ишларда қатнашгани ҳақида эшитмадик. Шунингдек, жарима белгилашдан олдин ҳеч бўлмаса ҳуқуқбузарларнинг ўзларини чақириб, вазиятга ойдинлик киритилгани ҳақида ҳам. Бу эса одил судлов тамойилларига зиддир...

Ҳар қандай давлат, у демократик жамият бўладими ёки мустабид тузум ҳукм сураётган мамлакатми ёхуд бу иккисининг “дурагайи”ми, қатъий назар, “қамчи” (кнут) ва “ширинкулча” (пряник) усули билан бошқарилади — яъни давлат қонунлар ва куч ишлатар тизимлар орқали жамият аъзоларини ё жазолаш ва (ёхуд) рағбатлантириш йўли билан ўз сиёсатини олиб боради.

Давлатнинг мазкур сиёсати, айниқса, фавқулоддаги ҳолатлар рўй берган даврда яққолроқ кўзга ташланади. Хусусан, пандемиянинг [1] нақадар хавфли эканлиги ва ер юзидаги деярли барча давлатларни қоплаб олганлиги бугун барчамизга аён. Жумладан, ҳар куни юз минглаб инсонларда хавфли вирус аниқланаётгани ва унинг оқибатида минглаб одамлар вафот этаётганлиги ҳам кўз юмиб бўлмас аччиқ ҳақиқат.

Дунё амалиётига разм соладиган бўлсак, пандемия даврида ҳар бир давлат касаллик билан ўзига хос усулда курашаётганлигини кўришимиз мумкин. Масалан, баъзи давлатлар ниқобсиз кўча-кўйда юрган фуқароларга бепул ниқоб тарқатаётган бўлса, айрим давлатларда уларни таёқ билан калтакланаётганлигини (жумладан, Ҳиндистондаги шундай ҳолатлар акс этган хабарлар ижтимоий тармоқларда кўп тарқалди) кўришимиз мумкин. Шу маънода бизнинг мамлакатимиз, ўйлашимча, “олтин оралиқ”ни танлади.

Гарчи “биз энг тўғри йўлдан бордик” дея узил-кесил хулосага қилишга ҳали анча эрта бўлса-да, мамлакатимизда пандемияга қарши кураш учун кескин чора-тадбирлар ўз вақтида белгиланганлиги ва ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилинганлиги боис “коронавирус” касаллигига чалинган беморлар сонининг жадал суръатлар билан ошиб кетишига йўл қўйилмади. Юртимизда бу касалликка чалинган беморлар сони шу кунгача тўрт мингтага яқинлашганига қарамасдан, уларнинг 80 фоиздан ортиқроғи тузалди. Касалланганларнинг 14 таси вафот этгани ҳисобга олинса, ўлим кўрсаткичи ҳам халқаро ҳолатга солиштирганда анча паст, яъни 0,5 фоизни ташкил этмоқда.

Зеро, ушбу статистик маълумотларни турмуш даражаси биздан анча юқори бўлган АҚШ, Европа ва бошқа ривожланган давлатлар билан таққослайдиган бўлсак, Ўзбекистонда мазкур касалликка чалинганлар сони аҳоли жон бошига нисбатан жуда оз миқдорни ташкил қилишини, қурбонлар ҳам бир неча ўн баробар кам эканлигини кўришимиз мумкин.

Тан олишимиз керак, бу ютуқлар давлат томонидан олиб борилган мажбурлов ва рағбатлантириш, яъни “қамчи” ва “ширин кулча” сиёсатининг натижасидир. Албатта бунинг учун давлатимиз мисли кўрилмаган даражада, триллионлаб сўм маблағлар ҳам сарфламоқда. Шунингдек, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да пандемияга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари ва ваколатли қатор давлат идоралари вакилларининг жонбозликлари ҳам таҳсинга сазовордир.

Шундай бўлса-да, карантин билан боғлиқ тартибларни ўрнатиш жараёнида инсон ҳуқуқлари таъминланиши борасида айрим эътирозли ҳолатлар ҳам учраб турибди. ОАВ ва ижтимоий тармоқда бу йўналишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, шошма-шошарликлар ҳақида тез-тез кўзга ташланаётган турли хил баҳс-мунозаралар ҳам шундан далолат беради.

Шу боис биз ҳам умумий вазият ҳақида хулоса беришдан тийилган ҳолда, ўз касбий фаолиятимиздан келиб чиқиб, пандемия даврида қонун устуворлигига риоя қилиниши хусусида озгина мулоҳаза юритмоқчимиз. Зеро, пандемия ҳамда у туфайли эълон қилинган карантин даври ҳали тугаганича йўқ. Демак, амалиётда учраётган муаммоларни баратараф қилишга эришилса фойдадан холи бўлмайди.

Аввало эътибор қаратишимиз керакки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 3-моддасида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади” деб белгиланган. Қолаверса, одил судлов деганда, одатда, суд идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура тизимининг уйғун фаолият юритиши орқали инсон ҳуқуқларига доир адолатли қарорлар чиқарилишини тушунамиз. Лекин масалага сал эътибор билан ёндашсак, бугун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайдиган ҳар қандай қонун ва қоидаларни амалиётга татбиқ этувчи, маъмурий тартибда жазо чораларини қўлловчи идоралар томонидан ҳам судлов жараёни амалга оширилаётганлигини кўришимиз мумкин.

Жумладан, МЖтКнинг 257-моддасида давлат санитария назорати органлари (бундан кейин — ДСНО) томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган ўндан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари тоифаси белгиланган бўлиб, хусусан, унинг 53-моддаси (Санитария қонун ҳужжатларини бузиш) ва 54-моддасида (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) кўрсатилган ишлар ҳам мазкур органларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади ва бу ишлар, табиийки, ҳуқуқбузарларга чора кўриш билан боғлиқ судловдир. 297-моддада эса маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиқишда шу ҳуқуқбузарликни содир этган шахсни ушлаб туриш пайтидан бошлаб адвокат қатнашиши мумкинлиги белгиланган.

Шундай экан, карантин давридаги амалиётдан келиб чиқиб савол туғилади: агар шахс ушлаб турилмаган, масалан, кўчада ниқобсиз юрган пайтда милиция ва миллий гвардия ходимлари томонидан тўхтатилиб, баённома тузилиб, ниқобсиз юрганлиги ҳақида тушунтириш хати ёздириб олиниб, тўпланган материаллар ДСНОга юборилган бўлса-чи, мазкур ишда ҳам адвокат қатнашиши лозимми ёки йўқми? Зеро, сўнгги икки ойдан ошиқроқ вақт ичида ўн минглаб одамлар карантин қоидаларини бузганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, бир қанча мансабдор шахслар эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жаримага тортилганлиги статистик ҳисоботларда қайд этилмоқда. Аммо бирон бир адвокатдан ҳали бу тоифадаги ишларда қатнашгани ҳақида эшитмадик. Қолаверса, умуман олганда ҳам, карантин қоидаларини бузган шахсларга жарима жазосини қўллаш ваколатига эга бўлган ДСНО мансабдор шахслари айнан қайси мезонлардан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқбузар шахсларга жарима тайинламоқдалар?

Демократик жамият сифатида тан олинишини истаган давлатда ҳар қандай ҳолатда, ҳатто фавқулодда вазиятлар юзага келган пайтда (хусусан, пандемия шароитида) ҳам, инсон ҳуқуқларига олий қадрият сифатида қаралиши ва унинг ҳимоя қилинишига шарт-шароит яратиб берилиши лозим. Яъни давлат ўз фуқаросига нисбатан карантин қоидасини бузгани учун катта миқдорда жарима тайинлаш жараёнининг очиқ ва шаффоф ҳолатда, адолат тамойиллари асосида амалга оширилишидан манфаатдор бўлиши, лозим ҳолларда эса ҳуқуқбузарга малакали юридик ёрдам олиш имкониятини яратиб бериши лозим. Жумладан, ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга жазо тайинлашда унинг оилавий аҳволи, молиявий имконияти, карантин қоидасини бузиши сабаблари (эҳтимол ҳаётий зарурат туфайли мажбур бўлгандир), бошқа шарт-шароитлари, қилмишига муносабати каби турли омиллар ҳар томонлама ўрганилиб, шундан кейингина унинг қилмишига яраша адолатли жазо белгиланиши лозим. Зеро, қонунчилигимизда муайян моддалар санкцияларида кўрсатилган жарима жазоси миқдорлари қатъий эмаслиги (МЖТКнинг 53-моддасида фуқароларга БҲМнинг бир бараваридан уч бараваригача, 54-модданинг биринчи қисмида БҲМнинг беш бараваригача ва иккинчи қисмида фуқароларга БҲМнинг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача), шунингдек, жазо қўлловчига белгиланган жарима миқдоридан ҳам камроқ жазо бериш ёки ундан бутунлай озод қилиш ҳуқуқининг берилганлиги ҳам ҳар бир иш бўйича алоҳида ёндашган ҳолда қарор қабул қилишни тақазо этади.

Тўғри, мустақил Ўзбекистон давлати бунёд бўлганидан бери жамият аъзолари пандемия деган балога илк бор дуч келиб турибди. Шу сабабли карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан жазо чоралари бирмунча қаттиқ бўлганлигини тушуниш мумкиндир ва айнан шундай қатъий чоралар туфайли ҳам қисқа муддатда ижобий натижаларга эришилгандир эҳтимол. Лекин, шунга қарамасдан, барибир, бу жараён “ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёнади” қабилида бўлмаслиги, айниқса, инсон ҳуқуқлари ҳимояси иккинчи даражага тушиб қолмаслиги, жумладан, адвокатларнинг касбий вазифасини бажариш имкониятини чеклаб қўйиш йўли билан бўлмаслиги лозим (Ваҳоланки, Адвокатлар палатаси томонидан адвокатларнинг касбий вазифасини бажариш учун шахсий автотранспортида эркин ҳаракат қилишларига рухсат берилишини сўраб Республика Махсус комиссиясига йўлланган бир неча мурожаат қаноатлантирилмади).

Кези келганда карантин даврида ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларининг иш фаолиятига ҳам холис баҳо беришга ҳаракат қилиб кўрайлик. Зеро, Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш учун улар кечаю кундуз ҳаракат қилдилар. Ҳатто ўз оила аъзолари ва болаларини кўриш учун бир неча кунлаб вақт топа олмаганлар ҳам кўп бўлгани табиий. Лекин, минг афсуски, улар орасида зиммаларига тушган бу оғир юкни рўкач қилган (ёки асабийлашган) ҳолда оддий халқ вакилларига нисбатан қўпол муносабатда бўлганлари, зарурат бўлмаган вазиятларда ҳам асоссиз куч ишлатиб, фуқароларнинг, халқнинг норозилигига сабаб бўлганлари ҳам учраб турибдики, оқибатда шахсан мамлакатимиз президенти уларни хушмуомала бўлиш, халқни ҳурмат қилиш, берилган ваколатни суиистеъмол қилмаслик ҳақида огоҳлантиришга мажбур бўлди. Бундай ҳолатларнинг айримларига эса шахсан ўзим ҳам гувоҳман. Қуйида шундай фактлардан айримларини мисол тариқасида келтириб ўтмоқчиман.

Карантин қоидаларини бузганликда айбланаётган шахс ўзини ҳимоя қилиш учун адвокат олмоқчи эканлигини ИИБ ходимларига билдирганида улардан бири фуқарога қарат: “Нима, ортиқча беш юз минг сўм пулинг борми, адвокат олиб нима қиласан, унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, ундан кўра шу пулни оилангнинг эҳтиёжи учун ишлатгин”, дейди тап тортмасдан (унинг бу гапларини фуқаро телефонига ёзиб олган). Ҳозирги кунда бу ҳолат ИИВ томонидан ўрганилмоқда.

Ёки қурилишга буюртмачи бўлган фуқаро қурилиши давом этаётган иншоот олдида ниқобсиз (лекин ниқоб чўнтагида бўлган ва ҳатто кўриниб ҳам турган) ҳолатда қурувчиларга дарахтларни буташ ҳақида буйруқ бераётганида милиция ва Миллий гвардия ходимлари куч ишлатган ҳолда унинг қўлини қайириб, хизмат машинасига юклайди ва Тошкент шаҳар Миробод туман ИИО ФМБ  4-сонли ИИБга олиб бориб, рўйхатдан ўтказиб, анфас ва профил кўринишида суратга тушириб, мажбурий равишда бармоқ изларини олади.

Бошқа бир ҳолатда эса суд карантин қоидаларини бузган фуқарога 5 сутка қамоқ жазоси беради. Бундан ИИБ мутасаддилари норози бўлишади, яъни унга тайинланган жазони қилмишига нисбатан енгил деб ҳисоблаб, юқори судга мурожаат қилишади. Ва кассация суди жазони кучайтириб, фуқаронинг қамоқ муддатига яна 10 сутка қўшиб беради.

Мисол тариқасида баён қилинган ушбу ҳолатлар ва ушбу мақсадда тадқиқ қилинган бошқа кўплаб ҳолатлардан кўринадики, мутасадди ташкилотларнинг айрим ходимлари баъзан “саллани олиб кел деса каллани олиб келадиган”лар сингари иш тутишмоқда. Ваҳоланки, бу ишлар амалдаги қонун талабларида белгиланган инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига зиддир. Жумладан, карантин қоидасини бузишда айбланган фуқарога ҳам қонун доирасида муоамала қилиниши шарт. Қолаверса, юқорида ҳам таъкидлаганимиздек, ДСНО мансабдор шахслари томонидан ниқобсиз юриш, автомашинадан махсус рухсатномасиз фойдаланиш ва бошқа ҳолатлар бўйича юборилган материаллар юзасидан ёппасига ва бирваракайига жаримага тортиш ҳақида қарор расмийлаштирилиши ҳам қонун талабларига тўғри келмайди. Ахир барча фуқарога катта жарима солиб давлат бюджетини тўлдириш бўйича буюртма олганлари йўқ-ку. Мақсад карантин даврида фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилишга, яъни инсон манфаатларига қаратилган экан, шу баҳонада бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл қўйиш оддий мантиққа ҳам зиддир.

Қолаверса, бундай ҳолат эртага ўз асоратини қолдириши ҳам табиий. Зеро, пандемия бир кун келиб барҳам топади, карантин чоралари бутунлай бекор бўлади, жамият ҳаёти ҳам ўз изига тушади. Аммо шароит баҳонасида инсон ҳуқуқлари бузилишига ўрганган айрим ҳуқуқ-тартибот ходимларини қайта тарбиялаш, ҳуқуқи бир марта бузилган фуқароларни эса одил судловга ишонтириш осон кечмаслиги аниқ.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза бор. Бундай тушунмовчиликлар юзага келганини инобатга олган ҳолда Олий Мажлис ЎзР МЖТКнинг 54-моддасига (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) киритилган қўшимчаларни амалиётга жорий этиш бўйича шарҳ берса мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш деганда нима назарда тутилади, чақалоқлар ва гўдаклар ҳам ниқобда бўлиши шартми (уларга ниқоб тақдириш осон эмас), бошқа фуқаролар билан оралиқ масофа белгиланганидан узоқ бўлган пайтда ниқобини вақтинча ечиб ўз ишини бажараётган (сув ичаётган, овқатланаётган, гаплашаётган ва ҳоказо ҳолатлардаги) фуқаролар ҳам карантин қоидасини бузган саналадими ёки фуқаронинг ёлғиз ўзи ёки оила аъзолари билан ўз автомашинасида, ўз ҳовлисининг атрофида, очиқ далада ниқобсиз бўлиши, ишлаши ҳам жамоат жойида ниқобсиз юриш ҳисобланадими (амалда ҳатто далада ёлғиз мол боқиб юрганларни жаримага тортиш ҳолатлари ҳам учрамоқда) ва ҳоказолар.  Лекин, афсуски, ўзининг қонунларга шарҳ бериш ваколатидан камдан-кам фойдаланадиган Олий Мажлис бу сафар ҳам фаоллик кўрсатмасдан, тушунмовчиликларга фақат томошабин бўлиб қолди, холос (Ваҳоланки, депутатларнинг ўзлари ҳам турли тушунмовчиликларга дуч келганидан хабаримиз бор).

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қонунлар ижросида қулайлик яратиш мақсадида унинг  моҳиятини очиб берадиган расмий шарҳлар қабул қилиб бориш амалиётини изчил йўлга қўйиш бугунги кун талаби бўлиб қолмоқда. Шунда балки уларни амалиётда татбиқ қилиш билан боғлиқ  турли-туман идоравий ёндашувлар пайдо бўлишининг олди олинган ва вазиятларга субъектив баҳо бериш орқали фуқаролар ҳақ-ҳуқуқи поймол қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар кескин камайган бўлар эди.

Умуман, юқоридагилардан келиб чиқадиган якуний хулосамиз шуки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашга қаратилган ҳар қандай қатъий чора-тадбирларни қабул қилишда ва амалиётга татбиқ этишда одил судлов учун инсон омили бирламчи, унинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш эса асосий вазифаси бўлиб қолиши шарт. Шундай экан, шахс ҳуқуқларини чеклаш ёки шахсга нисбатан ҳар қандай таъсир чораларини қўллаш масалалари, бизнинг назаримизда, фақатгина судлар ваколатига тегишли бўлиши лозим. Зеро, бусиз ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти қураяпмиз дея баралла айта олмаймиз ҳам.

1. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан “COVID-19” касаллиги дунёнинг деярли барча давлатларини қамраб олганлиги сабаб у эпедимия эмас, балки пандемия деб эълон қилинди. Зеро, одатда, юқумли касаллик муайян ҳудуд, минтақада тарқалган бўлса эпидемия саналади.

Баҳром САЛОМОВ,

“Sanctaleks” АФ бошқарувчи ҳамкори, юридик фанлар доктори.

2020-05-29 23:21:03  |  3180 |   0  | 

6 изоҳлар

Хурматли хамкасбимиз Бахром ака Саломов барча адвокатларнинг юрагидаги огрикли масалалар юзасидан фикр юритганлар. Билдирилган барча фикрлари тугри ва асослидир. Мен хам пандемия даврида юзага келган бундай вазиятларнинг гувохи сифатида факат ва факат афсуслар чекдим. Шундай фикрга келдимки, мамлакатимиздаги суд-хукук тизими ва давлат бошкаруви хали узок йиллар давомида чукур ислохотларга мухтожга ухшайди. Ха, аччик булса-да, лекин бу айни хакикат....

Маколада асосан пандемия туфайли маьмурий хукубузарликлар билан боглик ишлар адвокатлар иштирокисиз куриш холатлари танкидий бахоланган. Бирок, пандемияга айрим жиноий ишлар юритилишида хам тайер бахона сифатида каралиб, жиноят ишлари адвокатлар иштирокисиз куриб чикилаетгани жуда ачинарлидир. Бунга конкрет фактлар билан мисол келтира оламан. Энг аянчлиси, айрим судьялар тв оркали судларда инсон хукуклари адолатли химоя килинаётганлигини чиройли, баландпарвоз сузларни гапиришган. Аммо, амалда эса уша судья ишни химоячисиз, хаттоки айбланувчисиз (!) иш куриб, махбусни камокда саклаш муддатини узайтирган. Буниси энди хаммасидан ошиб тушади. Пандемия - инсон хукукларининг суд томонидан бузилиши учун ажойиб бахона булди

Май 30, 2020  15:51

3.Азамат Саидович

Пандемия холати давлат органида ишлаётган ходимларини билим даражаси жуда пастлиги айникса Миллий гвардия ходимлари халкимиз билан купол муомаласи билими йуклиги кулига битта китоб олиб укимаганини исботлаб берди укиган билимли тарбияли йигитлани ишлатиш керак Миллий гвардияни давлатимиз хеч канака фойдаси йук . Рахмат сизга Бахром ака тугри йул курсатганиз учун

Май 30, 2020  12:33

4.Келдиеров И

Бахром ака, жуда долзарб масалани кутарибсиз. Нафакат СЭС, миллий гвардия балки бу холат ЙПХ ходимлари билан жуда куп учрамокда, узларини худди конун эгасидай тутишияпти, ун минглаб одамларнинг хукукларини купол бузишмокда, фикримча боди камера умуман ишламаса керак. Бу холатлар буйича менда иккита чиройли мисол бор.

Ҳурматли ҳамкасблар, пандемия даврида, давлат томонидан адвокатларга шахсий автомобилига ҳаракатланишга рухсат берилмаганлигини ўзиёқ (гарчи Адвокатлар Палатаси томонидан шу ҳақида расман Республика Махсус Комиссиясига мурожаат қилинган бўлсада) бу давлатнинг адвокатларга бўлган муносабатини, адвокатнинг суд-ҳуқуқ тизимида тутган ўрнини, шунингдек судларнинг ишларнинг холисона кўра олмаётганлигини, судьялар қарор қабул қилишда мустақил эмаслигини яққол намоён қилди. Карантин даврида минглаб фуқаролар, ИИВ, Миллий Гвардия ёки ДСЭМ ходимларининг биргина билдиргиси билан жаримага тортилди, ёки маъмурий қамоққа тиқилди. Мазкур ҳолатда эса эса фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қиладиган, қайд этилаётган қонун бузилишларга эътироз билдира оладиган адвокатларга шахсий автомобилда ҳаракатланишга рухсат берилмасдан, фуқаролар ҳимояланиш ҳуқуқидан махрум қилинди. Қонун олдида ҳамма тенг эмаслиги ҳолати айниқса, таниқли қўшиқчи ва ИИВ можаросида яққол намоён бўлд деб ўйлаймани. Оддий фуқаролар кечқурун жамоат жойида ниқобсиз юрганлиги учун 15 сутка маъмурий қамоққа жунатилаётган пайтда, ИИВни ижтимоий тармоқда очиқдан очиқ ҳақорат қилган қушиқчига ҳеч қандай чора кўрмаслиги, бугунги кундаги суд ҳуқуқ тизимининг аҳволини яққол ифодалаб берди.

Пандемия купчиликни синовдан утказди,жумладан давлатнинг адвокатга булган муносабатини хам.Ушбу холатда Конституция ва конунлар ишламади.Авторитар жамиятда инсон хукукларининг химоячиси булган адвокатлик касбининг накадар ожизлиги намоен булди.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация