Қонунни бузиш пойтахтдан бошланадими?



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

“Биз бирон идорадаги муаммолар ҳақида гап кетса унинг қуйи бўғинларини зўр бериб танқид қилишга ўрганиб қолганмиз. Аммо аслида ҳамиша ҳам шундай эмас, “балиқ бошидан” бўладиган ҳоллар ҳам кўп учраб турибди, – дейди Қарши шаҳридаги “Protsessual  kafolat” адвокатлик бюроси адвокати Сафар Каттабоев юборган мақолаларини олганимиз билан қизиқиб таҳририятга қўнғироқ қилар экан. – Қолаверса, ҳеч бир бўғин танқиддан дахлсизлик ҳуқуқига эга эмас. Шу боис марказдаги муаммоларга доир бир нечта танқидий мулоҳазаларимни бир туркум мақолалар тарзида йўлламоқдаман”.

Салоҳиятли ва тажрибали адвокат, журналимизнинг яқин ҳамкори йўллаган туркум мақолаларни ўқиб, унинг сўзлари қанчалик ҳақиқат эканига амин бўлдик. Баъзи муаммоли ҳолатлардан эса ҳатто ҳайратга ҳам тушдик...

Хуллас, ортиқча тафсилотларга берилиб ўтирмасдан, туркум мақолаларни сайтимиз орқали навбатма-навбат эътиборингизга ҳавола этишни бошлаймиз.

Қонундан устун “тартиб”лар...

ёки баъзан ишламаётган процессуал меъёрлар ҳақида

(Биринчи мақола)

Республика ДХХнинг Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган, оммага “Гвардейскийдаги турма” номи билан танилган тергов ҳибсхонасига жорий йилнинг 30 май куни ҳимоям остидаги Ж. (мақолада кўтарилган масалага алоқаси йўқлиги сабабли исм-шарифини келтириб ўтирмайман) билан учрашиш мақсадида бориб, “пойтахтча қонунбузилиши”нинг мисли кўрилмаган бир шаклига дуч келдим. Яъни белгиланган қоидага кўра хизмат гувоҳномам ва жиноят ишида ҳимоячи бўлиб қатнашиш учун асос бўлган ордерни кўрсатишимга қарамасдан, навбатчи учрашувга рухсат бера олмаслигини, чунки терговчи С.Самугов Тошкент вилоятига хизмат сафарига кетганини, у киши келса ва рухсат берсагина киришим мумкинлигини айтди. Мен унга Қашқадарё вилоятидан келганлигимни, эртанги зарур ишларим сабаб бугун қайтишим шартлигини, қолаверса, бундай бўлмаган тақдирда ҳам қонунга кўра терговчидан рухсат сўраш шарт эмаслигини тушунтиришга уриндим. Аммо фойдаси бўлмади, “спец.часть”дан бўлган масъул ходим телефонда фақат ўзиникини маъқуллаб, “бизда шундай тартиб ўрнатилган, фақат сизга эмас, бошқа адвокатларга ҳам шундай талаб қўямиз, ҳеч ким эътироз билдирмайди, нега сиз тортишасиз” деб гапни қисқа қилди (Кейин билсам, шу ўринда у қисман ҳақ экан, бу муассасага иши тушган бошқа ҳамкасбларим буни тасдиқлашди).

Хуллас, Ўзбекистон Республикаси “Жиноят процессуал кодекси”нинг 53-моддаси бу ерда амал қилмас, яъни ўз ички тартиблари (бу ҳужжатли тартибми ёки ёзилмаган қонунми, буниси бизга номаълум) билан бу меъёр йўққа чиқарилган экан. Зеро, ЖПКнинг ушбу моддаси иккинчи қисмида “Агар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи қамоқда сақланаётган ёки уй қамоғида бўлса, ҳимоячи у билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашишга ҳақли” деб очиқ-ойдин белгилаб қўйилган бўлиб, мазкур таҳрирнинг киритилганига ҳам салкам беш йил бўлди (Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-373-сонли Қонуни билан киритилган).

Тўғриси, воқеанинг жиддий давомига дуч келмасам бу муаммони асло матбуотга ёзиб ўтирмаган бўлардим. Зеро, ўз қонуний ҳақ-ҳуқуқларини белгиланган тартибда талаб қилиш ўрнига биринчи дуч келган муаммосидаёқ дардини достон қиладиганларни (ҳатто ҳамкасбларим ичида бўлса ҳам) ёқтирмайман. Бундайларни кўп танқид қилган пайтларим ҳам бўлган. Бироқ назария бошқа, амалиёт бошқа экан, муаммонинг асл азобини у бошингга тушганида билар экансан. Гап шундаки, мазкур ҳолатда мен учун ягона йўл қонун меъёрини бузаётган давлат идораси ходимининг хатти-ҳаракати устидан юқори идорага мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқимни талаб қилиш эди. Бу гап айтишгагина осон, холос. Зеро, амалда бу ходимнинг раҳбарига югуриб бориб шикоят қилишнинг мутлақо иложи йўқ. Мурожжатингиз борми, фақат ёзиб қолдирасиз, холос. Ҳатто Бош прокуратуранинг ишонч телефонига мурожаатингизни ҳам ёзиб олишиб, жавобини ёзма олишингиз ҳақида совуққина хабар қилишади. Демак, ҳозирча тилни тишлаб, дардни ютиб, ортга қайтаверишдан бошқа чора йўқ. Ҳимоям остидаги шахс қариндошларининг “адвокат бўлиб сиз кира олмасангиз биз нима қиламиз” деган таъна-дашномларига ҳам бардош билан, без бўлиб туриб беришдан бошқа чора йўқ ҳозирча...

Хуллас, бошга тушганини кўз кўради. Бурчимни имконим даражасида адо этиш, виждонимни қутқариш учун ҳам уйга қайтишим билан қўлга қалам олиб, бир неча ойдан буён ҳибсхонада ўтирган ҳимоям остидаги шахс билан учраша олмасам уни тўлақонли ҳимоя қила олмаслигим сабабли учрашув ҳуқуқимдан тўсиқсиз фойдаланишимда амалий ёрдам беришларини сўраган ҳолда эртасигаёқ (2019 йил 31 май) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Давлат хавфсизлик хизмати раисига шикоят хати юбордим. Лекин...

Менга етиб келган илк жавоб хати Бош прокуратуранинг бошқарма бошлиғи Ш.Тўхтабоев томонидан ЎзР ДХХ тергов бошқармаси бошлиғи А.Зуфаровга менинг шикоятим юзасидан 17.06.2019 йил санаси билан юборилган топшириғи нусхаси бўлди. “Мурожаатда кўрсатилган ҳолат қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, натижаси ҳақида муаллифга маълум қилишингиз сўралади” дейилади унда.

Бундан хулоса қилиш мумкин эдики, Бош прокуратура масъуллари менинг 1,5 варақдангина иборат шикоятимни ўқиб чиқишга ўзларида вақт ва қунт топа олишмаган. Акс ҳолда шикоятни қонуний ҳал қилиш учун ЎзР ДХХ Тергов бошқармаси бошлиғига юборишармиди? Ахир мен терговчи устидан эмас, тергов ҳибсхонаси ходимлари устидан шикоят қилган эдим-ку...

Шу боис мен, ўзимча, А.Зуфаров бу шикоятни ўз ваколатига алоқаси йўқлиги боис Бош прокуратурага қайтарса керак деб кута бошладим.

Йўқ, бундай бўлмабди. 2019 йилнинг 1 июль санаси билан менга “... айнан шу мазмундаги шикоят аризангизга 2019 йил 14 июнь куни 17/К-320-қайд рақамли жавоб хати юборилганлигини маълум қиламиз” деган жавоб хати жўнатилибди. “Айнан шу мазмундаги шикоят аризангиз” деганда, афтидан, Бош прокурор билан бир пайтда ДХХ раисига ҳам юборилган шикоятим назарда тутилаётган бўлса керак, аммо, энг қизиғи, 14 июнда юборилгани тилга олинаётган жавоб хати менга ҳалигача етиб келгани йўқ. Шунингдек, 1 июлда А.Зуфаров имзоси билан ёзилган жавоб хатида яна қуйидаги иддао ҳам бор: “... сиз томонингиздан такрорий мурожаатингизда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаганлигини ҳамда ушбу мазмундаги мурожаатингизга белгиланган тартибда жавоб берилганлигини инобатга олиб, ... “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги 445-сонли ЎРҚнинг 30-моддасига (мурожаатни кўриб чиқишни тўхтатиш) асосан, Сиз билан ёзишмалар тугатилганини маълум қиламиз”. Охирги сўзлар билан “бу мавзуда бошқа ёзиб ўтирма” дейилмоқчи бўлса ажаб эмас.

Шу ўринда мавзудан озгина чекиниш қилиб, айрим идораларнинг мурожаатларга жавоб йўллаш борасидаги деярли оммалашган усулига эътибор қаратсак. Зеро, юқоридаги жавоб ҳам худди шу усулда ёзилган. Яъни, жавоб хатидан нима ҳақдаги шикоятга жавоб йўлланаётганини билиб бўлмайди. Бу усул, одатда, кўтарилган масала ҳал этилмаган пайтларда чалғитиш учун атай қўлланиб, “жавоб бердингми – бердинг” қабилидаги расмиятчилик амалга оширилади, холос.

ДХХ Бошқармасининг жавобида эса бошқа бир эътирозли нуқта ҳам бор: ёзишмаларни тўхтатиш учун қонунни рўкач қилаётган масъул худди шу қонунга кўра шикоят ва ариза бошқа-бошқа нарса эканини, турли идораларга ёзилган бир мазмундаги шикоят такрорий мурожаатга кирмаслигини ё эътиборга олмаган ёки билмайди. Қолаверса, аслида жавоб хатига асос қилиб кўрсатилаётган қонуннинг шикоятимизда кўтарилган масалага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки мазкур қонуннинг 1-моддасида “Ушбу Қонуннинг амал қилиши: кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга татбиқ этилмайди”, деб белгилаб қўйилган. Аксинча, мен кўтараётган масала ЖПКнинг 53-моддасида батафсил кўрсатилган бўлиб, ушбу модда доирасида ҳал қилиниши лозим эди, холос. Яъни, қонунга кўра, Республика прокуратураси масъули ДХХ тергов ҳибсхонаси ходимларидан адвокатнинг учрашув борасидаги талабини зудлик билан бажаришларини талаб қилиши, айни пайтда, ҳимоячи билан айбланувчининг учрашишига йўл қўймагани ва ҳимоя ҳуқуқини бузгани учун уларга нисбатан тегишли чора кўриши (ҳеч бўлмаса огоҳлантириши) керак эди. Чунончи, “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида прокуратура органлари фаолиятинининг асосий йўналишлари қаторида “вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш” вазифаси белгилаб қўйилган. Аммо юқоридаги ҳолатдан хулоса қиладиган бўлсак, Бош прокуратурадаги бу вазифани бажариш учун айнан масъул бўлган Қуролли кучлар ва давлат хавфсизлик хизмати органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ДХХ ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан назорат юритишни истамаётгандай. Эҳтимол, одамлар орасида тарқалган тушунчада ҳам жон бордир, яъни бундай назоратга амалда прокуратуранинг журъати етмас. Агар шундай бўлса, бюджетнинг миллионлаб пули йўналтирилган бундай катта бир бошқармани ушлаб ўтиришнинг нима кераги бор? Назаримда, бу ҳақда ўйлаб кўриш фурсати аллақачон етиб келган!

Яна ҳикоямизга қайтадиган бўлсак, ДХХдан юқорида қайд этилган мазмундаги хат келгач, бу жавоб мазмуни шикоят мазмунига мос эмаслигини баён қилган ҳолда, шунингдек, 14 июнда юборилгани тилга олинаётган жавоб хати менга ҳалигача етиб келмагани боис ундан менга нусха жўнатишларини сўраб жорий йилнинг 3 август куни ДХХ Тергов бошқармаси бошлиғи А.Зуфаров номига шикоят юбордим. Аммо, мана, ҳалигача жавоб ололганим йўқ.

Хуллас, ёзишмаларимизнинг аҳволи шу. Энг ачинарлиси эса, бу ёзишмаларимиз адвокатнинг фаолиятига тўсқинлик қилиб, ҳимоя ҳуқуқини бузган, яъни мен шикоят қилган муассаса ва уларнинг ходимларига умуман етиб боргани йўқ. Жорий йилнинг июль ойида ҳимоям остидаги Ж. билан учрашиш учун ДХХ тергов ҳибсхонасига яна борганимда бунга тўла амин бўлдим. Зеро, бу сафар учрашувга рухсат олиш учун ҳибсхона бошлиғига ариза ёзишимни талаб қилишди. Уларга қонунни тушунтиришга уринишим эса, афсуски, фойда бермади.

Юқорида баён қилинган тафсилотлардан кўриниб турибдики, охирги таҳрири кучга кирганига қарийб беш йил бўлган бир меъёр айнан Республика ДХХ ҳибсхонасида амалда ишламаяпти.

Сафар КАТТАБОЕВ,

Қарши шаҳридаги “Protsessual  kafolat” адвокатлик бюроси адвокати.

Таҳририятдан: Ўрни келганда қайд этишимиз керакки, сайтимизда худди шу каби муаммо юзасидан адвокат А.Пашковскийнинг эътирозлари ҳам эълон қилинган эди.

2019-08-23 17:49:16  |  2663 |   0  | 

2 изоҳлар

Август 27, 2019  10:07

1.Адвокат Абдуллаев Абдумалик

Масалани давомли тарзда қонуний ҳаракат қилиб биргаликда ечилишини истаб қоламан.

Август 27, 2019  02:00

2.Х.Ахмедов

Худди шу муаммо Сурхондаре вилояти ДХХ да хам, Бухоро шахридаги ДХХ тергов хибсхонасида хам бор. Сурхондаре вилоятида хатто мижоз билан тузилган шартномани, ким еллаганини ва канча тулашганини сурашган эди, конун уларга бир тийин.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация