“Адвокатлик – инсоннинг дардига қулоқ солишдан бошланади”



 
  Расм манбаси : 

Наманган вилоятидаги “Solidarity” адвокатлар ҳайъати адвокати раҳбари Пайзулла Жалилов адвокатда инсоний фазилатлар ва профессионал маслак мужассам бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу комил мутахассис бўлиб етишишнинг зарурий шартидир.

  Пайзулла ака билан суҳбатимиз асносида унинг касбга кириб келиши, соҳадаги аҳвол, муаммолар ва уларнинг ечимлари каби талай саволларга тўхталдик.

Пайзулла ака, суҳбатимизни анъанавий савол билан бошласак. Адвокатура соҳасига қандай кириб келгансиз?

Адвокат бўлишим тасодиф эмас. Биласиз, соҳамиздаги кадрларнинг аксариятини суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимлари ташкил қилади. Камина адвокатурага суд идораларидан келганман. 45 йил олдин меҳнат фаолиятимни бошлаган бўлсам, дастлаб судда котиблик қилдим, сўнгра қисқа вақт адлия бошқармасида, суд ижросида, девонхонада ва котибиятида ишладим. Ундан кейин кетма-кет тўрт муддат – жами 15 йил судья лавозимида фаолият олиб бордим.

2007 йилда охирги судьялик муддатим тугаб истеъфога чиққач, дарҳол адвокатликка ўтдим. Чунки бу касбга қизиқишим аввалдан бор эди, агар судья бўлиш пешонамга битилмаганида аввалбошдан шу касбда ишлаган бўлардим, албатта. Қолаверса, ўқиш ва кўпйиллик меҳнат натижасида олган билим ва тажрибамни зое қилгим келмади: куч-қувват борида ишлаб, жамиятга наф келтириш, одамларга яхшилик қилиб қолиш керак. Зеро, судьяликми, адвокатми қатъий назар пировард мақсад битта – ҳақни қарор топдириш, ҳуқуқи бузилганларнинг ҳуқуқларини тиклаш...

12 йилдан бери Наманган вилоятидаги энг катта адвокатлик тузилмаларидан бири бўлмиш “Solidarity” адвокатлар ҳайъатини бошқариб келяпман.

Судьялик билан адвокатликнинг пировард мақсади битта, дедингиз. Аммо, ҳарқалай, иккиси ҳам ҳуқуқий соҳа бўлса-да, фарқли жиҳатлари бор. Адвокат бўлгандан сўнг масалага бошқача кўз билан қарашга тўғри келади. Сўрамоқчи бўлганим – янги касбга мослашиш жараёни сизда қандай кечди?

Деярли қийналмадим. Иш тажрибаси ва ҳаётий тажриба, узоқ йиллар шу муҳитда яшаганим қўл келди. Адвокатура “об-ҳаво”сига, янги ҳамкасблар ва ишга тезда мослашиб олдим. Процессуал қонунчилик ва уни амалиётда қўллаш бўйича ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ, бу борада тажриба ва кўникмаларим етарли эди. Қолаверса, табиатим, феъл-атворим ҳам ёрдам берди.

Сабрли, вазмин, диққатли одамман, буни адвокатлар учун ҳам, судьялар учун ҳам фазилат деб биламан. Ҳузурингизга ёрдам сўраб келган одамни аввал обдан эшитасиз. Адвокатлик мана шундан бошланади. Эринмасдан тинглаш, сўраб-суриштириш керак. Бунда сиз иш бўйича тўлиқ тасаввур ҳосил қиласиз, у эса дардини эшитганингиз учун сиздан рози бўлади – ёрдамингиз тегишига қаноат ҳосил қилади. Ундан кейин – фуқаронинг ҳуқуқий муаммосини қонун нормалари билан асослантириб, тегишли идораларга ариза, илтимоснома ёки шикоят ёзиб берсангиз, сизга ишончи ва эътимоди яна бир карра ортади.

Адвокат сифатида асосан жиноят ишлари билан шуғулланаман, бошидан шуни танлаганман. Ҳуқуқнинг шу соҳасини яхши кўраман, яхши тушунаман – судьялик муддатларимнинг тўрттадан учтасида айнан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар ва вилоят судларида судья бўлиб ишладим. Фуқаролик ишлари бўйича судьялик қилган кезларимда ҳам мен кўрган ишларнинг ярмидан ортиғи жиноят ишларидан ажратилган фуқаровий даъволар бўларди...

Янги ҳамкасбларингиз сизни собиқ судья ўлароқ қандай қабул қилишди? Бирон адвокат ўтмишда сиз чиқарган ҳукм ва қарорларни юзингизга солганми ёки гина қилганми?

Адвокат бўлиб энди иш бошлаган пайтларимда ҳамкасблар билан шу ҳақда кўп гаплашардик. Худога шукрки, ҳеч кимдан “сен фалон йили, фалон иш бўйича адолатсиз қарор чиқаргансан”, деган гапни эшитмадим. Тўғри, баъзи ишларни эслатиб, “ўшанда бир оз ортиқча қаттиққўллик қилгансиз”, дейишган. Баҳслашганмиз. Тилга олинган жиноят ишлари оғир ва ўта оғир жиноятлардан бўлгани сабабли “максимал” ёки шунга яқин жазо чорасини танлашим шарт бўлганини исботлаб берганман. Умуман, судьялик фаолиятим давомида давлатга қарши, жамоат хавфсизлигига қарши оғир жиноят ишларидан анча-мунчасини кўрганман. Гоҳида, жиноят иши жуда нозик бўлса, суд жараёни тугагунича вазиятга қараб менга тўрттагача қуролли соқчи бириктириб қўйишарди...

Вилоят адвокатлари олдида суд, тергов ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан боғлиқ қандай муаммолар мавжуд? Сўнгги 5-6 йилда соҳада нималар ўзгарди? Қандай ўзгаришларни арзигулик деб ҳисоблайсиз?

Ўзгаришлар бор. Сўнгги йилларда муҳит ижобий тарафга ўзгарганини аввалдан шу соҳада ишлаб келаётган ҳар бир ҳамкасбимиз ўз танасида ҳис этиб турибди, менимча. Адвокат касбига ҳурмат бир поғона кўтарилди, дейиш мумкин. Касб тақазосига кўра йўлларимиз “кесишадиган” барча идораларда адвокатларга муносабат олдингидан хийла бошқача.

Битта мисол келтирай: вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳимоямиздаги шахслар билан бемалол, кўп ҳолларда – чекланмаган вақтга учрашяпмиз. Илгари учрашув хоналари видеокузатувда бўларди, тизимдаги либерал ислоҳотларнинг реал меваларидан бири шу бўлдики, учрашув хоналари камералардан тозаланди. Бутунлай. Иш юзасидан Самарқанд, Тошкент вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларига бордим – у ерда ҳам шунақа. Яъни, касбимизнинг тамал тушунчаларидан бири – адвокатлик сирининг махфийлиги таъминланадиган бўлди. Бу, шубҳасиз, адвокат мақоми кўтарилганидан далолат беради.

Муаммоларга келсак... ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимининг барча эски “касалликлари”ни тузата олгани йўқ ҳозирча. Суд ишларини ташкил қилиш ва юритишдаги тартибсизлик, ортиқча ва мантиқсиз бюрократизм, норасмий тартиб-таомиллар ҳамон мавжуд.

Менга алам қиладиган бир ҳолат бор. Судья бир шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаб ҳукм чиқарса, уни ҳибсдан бўшатишларини беш-олти соатлаб кутиб қоламиз. Ҳимоямиздаги шахснинг оила аъзолари, баъзан гўдак боласини кўтариб олган хотини ёки онаси билан бирга. “Ҳибсхона бошлиғи янги, шунга расмийлаштириш чўзилиб кетди” ёки “Бошлиқ бўшатилаётган ҳамма маҳбусларни йиғиб, насиҳат қиляпти”, каби куракда турмас баҳоналарни айтишади. Қаранг, суд унинг айбини қонун бўйича баҳолаб, жазо тайинлаганидан сўнг ҳибсхона бошлиғи насиҳат қилармиш!? На кулишингизни биласиз, на йиғлашингизни.

Шунингдек, судлар узрли ҳолларда апелляция шикояти бериш муддатини узайтириб бериш ваколатидан мутлақо фойдаланмаётгани баъзи фуқароларнинг зарар кўришига, ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келяпти.

Ёки давлат идоралари раҳбарларининг иш вақтида мажлисбозлик қилиши, аллақандай спорт тадбирларини деб мурожаатчи фуқароларни, бизга ўхшаган адвокатларни маҳтал қилиб қўйиши каби ҳолатлар ҳам бор.

Эшитишимизча, вилоят ҳудудий малака комиссияси раиси экансиз. Айтинг-чи, комиссияда кўпроқ касб этикаси қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ қанақа турдаги ишлар кўриляпти?

Малака комиссияси раиси бўлганимга 3 йилдан ошди.

Кўрилаётган интизомий ишлар мазмуни ҳар хил. Бир тоифадаги шикоятлар адвокатни шартнома асосида ишга жалб қилган фуқаролардан тушади: улар кўпинча адвокатни лозим даражада юридик ёрдам кўрсатмаганидан арз қилиб, унга тўлаган пулининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб олиш илинжида бўладилар. Бу ерда танганинг икки томони бор: бири – адвокатнинг виждони, билими ва малакасига тааллуқли бўлса, иккинчи тарафдан “адвокатнинг вазифаси қамоқдан чиқариб бериш ёки жазодан сақлаб қолиш”, деб биладиган фуқароларнинг ҳуқуқий савияси масаласи ҳам бор. Бундай ҳолларда малака комиссияси томонларни келиштиришга ҳаракат қилади.

Аммо текширув давомида адвокатларнинг хато ва камчиликлари, расмий иш юритиш талабларига зид хатти-ҳаракатлари ҳам аниқланади: олинган пул кирим қилинмайди, шартнома тўғри расмийлаштирилмайди, тўланган пул билан шартномада қайд этилган рақам ҳар хил чиқади, “дело” якунида бажарилган ишлар далолатномаси тузилмайди ва ҳкз.

Бизга “қарши тарафнинг ишонч билдирувчисидан тушадиган шикоятларни қабул қилмаслик керак”, деб айтишади баъзан. Менимча, бу тўғри эмас. Касб этикасига оид ҳар қандай масала кўрилиши, ўрганилиши лозим. Агар шикоят ғараз туфайли ёзилган бўлса, рад этиш қочмайди, албатта.

Бевосита малака комиссиялари фаолиятига оид яна бир савол. Айтинг-чи, интизомий жазо тариқасида адвокат лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ваколати маъмурий судларга берилгани хусусида фикрингиз қандай? Шу амалиёт ўзини оқлаяптими?

Йўқ, бу бошиданоқ нотўғри қарор бўлди. Аввало, ўзини ўзи бошқарувчи ташкилот бўлмиш адвокатура учун этика билан боғлиқ масалалар ички иш ҳисобланади ва соҳанинг ўз органи – малака комиссиялари томонидан ҳал этилиши лозим. Шу маънода мазкур амалиёт адвокатура мустақиллигига хилофдир. Иккинчидан, шунда ҳам судга адлия органи орқали мурожаат қилиш тартиби белгиланиши натижасида иш бўйича қарор чиқариш жараёни жуда чўзилиб кетяпти, боз устига, адлия идораси учун ҳам бу шунчаки расмиятчиликка айланиб қолган. Яъни, адлия вакили судда номигагина иштирок этади, адвокатура манфаатларини рисоладагидек ифода этмайди, оқибатда судья айбга муносиб жазо тайинламасдан, малака комиссияси хулосасида сўралган муддатнинг ярмини, ҳатто учдан бирини беряпти.

Менимча, аввалги тартибга қанча тез қайтсак, шунча яхши бўлади. Интизомий ишлар бўйича ҳудудий малака комиссияларининг ўзи жазо тайинлаши лозим. Ҳудудий малака комиссияси қароридан норози бўлган адвокат ёки фуқаро республика Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссиясига апелляция берсин. Ана шунда адолат ва мувозанат таъминланган бўларди.   

Вилоятда “чўнтак адвокатлари” муаммоси қай даражада ва уларга қарши қандай кураш олиб борилмоқда?

“Чўнтак адвокатлари”, афсуски, ҳамма жойда мавжуд бўлган муаммо. Ҳудудий бошқарма бошлиғи тасдиқлаб берган адвокатлар навбатчилик рўйхати бор: ҳар кунига уч нафардан адвокат тайинланган. Лекин, шунга қарамай, ҳар куни судьялар, терговчилар хонаси олдига танда қўйиб оладиган ҳамкасбларимиз топилади. Кўп эмас лекин – мен билганим 4-5 киши. Уларни “бу ярамас ишни ташланглар, бутун адвокатурани ёмонотлиқ қиляпсизлар” деб алоҳида-алоҳида огоҳлантирганмиз, аммо деярли фойдаси бўлмаган – одамда принцип, ўз касбига ҳурмат бўлмагач, ҳеч бир насиҳат кор қилмас экан.

Бироқ, худо хоҳласа, тез орада бу муаммо бутунлай барҳам топади: Президентимизнинг 2022 йил 30 майдаги 263-сон қарори билан келгуси йилдан “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилади. Бунда тизим давлат томонидан адвокат тайинлаш жараёнини автоматлаштиради, инсон омили аралашувининг олди олиниб, адвокатлар ишда қатъий рўйхат бўйича иштирок этадиган бўлади.

Пайзулла ака, ҳайъатингиз номи жуда чиройли, рамзий ном экан: “Solidarity” – бирдамлик, якдиллик деган маънони билдиради. Айтинг-чи, ҳайъатдаги раҳбарлик қоидаларингиз қанақа, янги адвокатларни қабул қилишда уларнинг қайси жиҳатларига эътибор берасиз?

Ҳайъатимизда 17 нафар адвокат ишлайди. Сафимиздан судьялар, нотариуслар чиқиб туради. Жамоамиз жуда аҳил, уюшқоқ – “Solidarity” номига муносиб бўлишга ҳаракат қиляпмиз, ўйлайманки, бунга муваффақ бўляпмиз, десам муболаға қилмаган бўламан.

Адвокатларда аввало инсоний фазилатларни қадрлайман. Чунки инсоний фазилатлар профессионал фазилатларни шакллантиради. Адвокат учун сабр-тоқат, вазминлик, виждон ва маслак каби тушунчалар жуда муҳим. Маънавий хислатлар бўлмагач, фақат билим ва лаёқат ҳисобига яхши мутахассис бўлиб етишишнинг иложи йўқ, менимча.

Фарзандларингиз орасида ота касбини танлаганлари борми?

Худо менга тўрт қиз, бир ўғил берган. Ўғлим менинг йўлимдан кетди, аниқроғи, шу йўлда илк қадамини қўйди. Юридик университетда ўқияпти, 5 йил деганда ўз кучи билан давлат гранти асосида қабул қилинди. Жуда ҳам хурсанд бўлдик. Илгари судьяликка ҳавасманд эди, лекин кейинчалик ҳайъатда бир неча йил менга ёрдамчи бўлиб ишлагач фикри ўзгарди. Адвокат бўламан, деб қатъий қарорга келган...

2022-07-06 14:59:55  |  1397 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация