Конституциявий ислоҳот: давлат шахс ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирмоқда



 
  Расм манбаси : Aniq.uz

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Лойиҳада амалдаги Конституциянинг 64 моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш, шунингдек 16 нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим моддалар) киритиш таклиф этилган. Масала долзарблиги боис таклиф этилаётган мазкур нормаларнинг кўлами, мазмун ва моҳияти мамлакатимизнинг барча ОАВларида кенг ёритилмоқда ва жамоатчилик орасида қизғин муҳокама қилиняпти. Конституцияга киритилаётган ушбу ўзгартишлар, шак-шубҳасиз, биз адвокатларни ҳам бефарқ қолдирмайди.

Лекин биз лойиҳада назарда тутилган барча ўзгаришларга эмас, балки бевосита адвокатлик ва адвокатура соҳасига оид, шунингдек, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор айрим ҳуқуқий нормаларга эътиборни қаратмоқчимиз.

 Маълумки, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашга оид миллий ҳуқуқий нормаларнинг аксарияти жиноят судлов қонунчилиги билан тартибга солинган бўлиб, улар амалиётда татбиқ этиб келинмоқда. Хусусан, Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган “Ушлаб туришга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга ёки озодликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суд қарор қабул қилмагунича 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар ушлаб туриш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак”лиги ҳақидаги ҳуқуқий норма Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг “Ушлаб туриш муддати” деб номланган 226-моддасида ўз ифодасини топганлигини қайд этиш лозим. “Шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асослари унга тушунарли тилда тушунтириш керак”лиги ҳақидаги ҳуқуқий норма эса ЎзР ЖПКнинг 46-моддаси (Айбланувчининг ҳуқуқлари) ҳамда 48-модда (Гумон қилинувчининг ҳуқуқлари)ларида ўз аксини топган.

Бундан ташқари, Конституциянинг 25-моддасига киритилиши таклиф қилинаётган “Ҳеч ким шартномавий мажбуриятларни бажара олмаганлигига асосланиб жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас”лиги ҳақидаги норма жиноят судлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган янги ҳуқуқий норма бўлиб, у шартномавий муносабатлар тарафлари бўладиган тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилишини кафолатлашга қаратилган.

Шунингдек, Конституциянинг 25-моддасида таклиф сифатида берилаётган “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриқонуний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас”лиги ЎзР ЖПКнинг 17-моддасида (Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш) белгиланган. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Конституциянинг 25-моддасига киритилиши таклиф этилаётган ушбу норма халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларида, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенцияда ҳам белгилаб қўйилган.

Конституциянинг 25-моддасида “Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий, илмий ва бошқа тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас. Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонун билан тақиқланмаган ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайдиган ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши мумкин эмас”лиги ҳақида шахснинг ажралмас ва узвий ҳуқуқ эркинликларини кафолатловчи янги норма белгиланиши назарда тутилган.

Конституциянинг 26-моддасига киритилиши таклиф қилинаётган “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Қонунни қўллаш жараёнида юзага келадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин”лиги ҳақидаги норма ЎзР ЖПК 23-моддаси (Айбсизлик презумпцияси)да ифода этилган бўлиб, фақат унда “исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиш мумкин”лиги белгиланмаганлигини таъкидлаш лозим. Конституциявий қонун лойиҳасининг 26-моддасида таклиф сифатида берилаётган юқорида баён қилинган “Айбсизлик презумцияси” ҳуқуқий нормасига конституциявий мақом берилиши, шак-шубҳасиз, жиноят судлов жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг қонуний ҳуқуқларини кафолатлаш, уларнинг ишларини тўғри ва адолатли олиб бориш, қонуний қарорлар қабул қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Лекин ЖПКда белгиланган ва Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса” жумласи бизнинг назаримизда амалиётда деярли қўлланилмаётган декларатив характердаги норма бўлиб қолмоқда. Чунки дастлабки тергов органлари ва суд жиноят ишини юритишда камдан-кам ҳоллардагина бу нормани амалиётга татбиқ этишади, чунки бизда одил судловни амалга оширишда айблов йўналиши устунлиги ҳанузгача сақланиб қолган. Кези келганда таъкидлаб ўтиш жоизки, 2000-йилларда Ўзбекистонга келиб-кетган суд мустақиллиги ва адвокатлар бўйича халқаро экспертлар айнан ЎзР ЖПК 23-моддасида белгиланган “Агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса” сингари ҳуқуқий норма айбдорликка оид барча шубҳаларни гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилинишини тўлиқ амалга оширилишига изн бермайди, деган хавотирли фикрларни билдирган эдилар.

Бундан ташқари, Конституция 261 ва 262-моддалари билан тўлдирилиб, қуйидаги нормалар киритилиши таклиф этилмоқда:

Ҳар бир шахс адвокат ёрдамидан ўз танловига кўра ҳамда жиноят процессининг ҳар қандай босқичида фойдаланиш, шахс ушлаб турилганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, ўзига қарши кўрсатма берган гувоҳлар билан юзлаштирилиш, ўз фойдасига кўрсатма бераётган гувоҳларнинг чақиртирилиши ҳуқуқига эга.

Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ҳуқуқбузарликлардан ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишдан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга одил судловдан фойдалана олишини ва етказилган зарар компенсация қилинишини таъминлайди.

Ҳар бир шахс давлат органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким айни бир ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Ҳеч бир шахс содир этилган пайтда ҳуқуқбузарлик деб топилмаган қилмиш учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Қилмиш учун жазони истисно этадиган ёки енгиллаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга.

Жавобгарликни белгилайдиган ёки оғирлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.

Ҳеч бир инсон расмий равишда эълон қилинмаган қонунга асосан ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Юқорида қайд қилинган Конституциявий нормаларнинг мазмун моҳияти ЎзР ЖПКнинг 49-моддаси (Ҳимоячи), 951-моддаси (Далилларнинг мақбул эмаслиги), ЎзР ФКнинг 990-моддаси (Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик), ЎзР ЖКнинг 8-моддаси (Одиллик принципи) ва 13-моддасида (Қонуннинг вақт бўйича амал қилиши) у ёки бу шаклда ўз ифодасини топган бўлса-да, улар Конституциянинг икки моддасида умумлаштирилган ҳолда қисқа, лўнда, аниқ ва тушунарли тарзда баён қилинмоқда. Ушбу нормаларнинг конституциявий қонунда белгиланиши уларнинг амалиётда янада тўғри қўлланишини кафолатлайди.

Умуман, амалдаги кодексларда белгиланган нормаларнинг конституциявий нормаларга кўчирилаётгани инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси давлат томонидан кучайтирилаётганлигидан далолат беради. Масалан, ЎзР ФК 990-моддасида “Давлат органлари, фуқаролар, ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар суднинг қарори асосида қопланиши лозим”лиги белгиланган бўлса, Конституциявий нормада “Ҳар бир шахс давлат органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга”лиги кафолатланмоқда.

Маълумки, ЎзР ЖК 8-моддасида “Ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас”лиги белгиланган. Таклиф этилаётган конституциявий нормада эса “Ҳеч ким айни бир ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас” деб кўрсатилган. Ушбу қиёслашдан кўриниб турибдики, айнан битта қилмиш учун икки марта жавобгарликнинг келиб чиқмаслиги нафақат жиноят содир қилган шахсларга, шу билан бирга маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилганларга ҳам тааллуқли бўлмоқда.

Амалдаги Конституциянинг 116-моддасида “Айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади” деб кўрсатилган. Унинг янги таҳририни қуйидагича баён этиш таклиф қилинмоқда:

Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилади.

Терговнинг ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақил ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Конституциянинг юқорида баён қилинган амалдаги нормаси билан киритилаётган янги норманинг қиёсий таҳлили қуйидаги ҳолатларни намоён этади.

Амалдаги қонунчиликка биноан адвокат ёллашга маблағи бўлмаган фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш кафолати фақат жиноят ишлари бўйича назарда тутилган. Лекин фуқаролик, маъмурий, иқтисодий, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини судда кўришда юридик ёрдамга муҳтож бўлган, лекин адвокатнинг бу ёрдами учун ҳақ тўлашга имконияти бўлмаган фуқароларга давлат маблағи ҳисобидан адвокат қатнашиши белгиланмаган. Шу боис ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган, молиявий аҳволи ночор кўплаб фуқаролар юқорида қайд қилинган туркум ишларда адвокатдан бепул юридик ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлиб келмоқдалар. Шу боис Конституцияга киритилаётган ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқнинг кафолатланиши ва қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини адвокат ёрдамида ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиради. Албатта мазкур конституциявий нормани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида “Бепул юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида” қонун қабул қилиниши ва унда қандай туркумдаги (фуқаролик, маъмурий, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари) ва қайси тоифадаги фуқароларга давлат маблағлари ҳисобидан суднинг барча босқичларида адвокат қатнашиши тартиби белгиланиши лозим.

Шунингдек, Конституциянинг 116-моддасида “Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақил ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади” деб белгиланаётганлиги шубҳасиз адвокатура институти бир поғона кўтарилаётганлигидан далолат беради ва илк бор адвокатура тизимининг ўзини ўзи бошқарадиган корпоратив органи орқали мустақил фаолият юритиши конституциявий норма билан кафолатланмоқда. Ўйлаймизки, яқин келажакда “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинганда бу конституциявий нормаларга қатъий амал қилинади.

Бундан ташқари, Конституциянинг 116-моддасида “Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди” деб белгиланаётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Мазкур ҳуқуқий нормалар амалдаги “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси (Адвокатнинг мустақиллигини таъминлаш), 6-моддаси (Адвокатнинг дахлсизлиги), 7-моддаси (Адвокатлик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги) ва 8-моддасида (Адвокатлик фаолияти ҳимояланишини таъминлаш) белгилаб қўйилган. Лекин бундай кафолатларга конституциявий мақом берилиши ўз касбий вазифаларини амалга ошираётган адвокатлар фаолиятига аралашишнинг олдини олувчи янги самарали иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий механизмларнинг ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинишига туртки бўлади, деб ўйлаймиз.

Умуман олганда конституциявий ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни юқори даражага кўтариш, унинг халқаро андозаларга мувофиқ равишда миллий қонунчиликка имплементация қилинишини кучайтириш ва конституциявий нормаларда кафолатланган ҳуқуқий асосларни амалиётга жорий этишнинг таъсирчан механизмларини яратилишига олиб келади.

 

Баҳром САЛОМОВ,

юридик фанлар доктори, адвокат

 

2022-07-29 14:49:38  |  1540 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация