Ўзбекистон адвокатураси: истиқбол ҳақида ўйлар



 
  Расм манбаси : 

Юридик фанлар доктори, адвокат Баҳром Саломов “Advokat” журнали мухбирининг соҳадаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусидаги саволларига жавоб берди.

Баҳром ака, хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири лойиҳасида адвокатура институтининг мақоми етарлича аниқ белгиланган. Адвокатурага оид бандлар бошқа кўплаб ўзгаришлар қаторида умумхалқ референдумида қабул қилиниши эҳтимоли юқори ва шундай бўлади, деб умид қиламиз. Айтинг-чи, адвокатура мақомининг Асосий қонунда мустаҳкамланаётгани муносабати билан соҳада қандай ислоҳотларга эҳтиёж мавжуд, сизнингча?

Қабул қилиниши назарда тутилаётган Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясида адвокатура институтининг мазмун-моҳияти кенг маънода ва юқори даражада эътироф этилаётганлиги ҳамда илк бор (эътибор беринг) адвокат мақомининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётганлиги, шубҳасиз, мамлакатимиз адвокатлари учун тарихий воқеадир. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, адвокатура ва адвокатлик фаолияти амалдаги Конституциянинг фақат битта моддасида белгиланган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда алоҳида бир боб ҳамда 141 ва 142-моддалар адвокатура институтига бағишланмоқда.

2003 йилда мен Ўзбекистон Адвокатлар ассоциациясига раис бўлиб сайланганимдан сўнг Адлия вазирлиги ва адвокатлар томонидан Ўзбекистонда адвокатурани ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича таклиф бўлган, ҳатто вазирлик ҳузурида давлат идоралари вакиллари ҳамда адвокатлардан иборат таркибда Ўзбекистон Республикасида адвокатурани ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича комиссия тузилган эди. Концепциянинг бир неча вариантлари ишлаб чиқилди ҳам. Аммо иш аро йўлда қолиб кетди. Орада ўтган 20 йил давр мобайнида Адлия вазирлиги ва адвокатлар ҳамжамияти томонидан яна бир нечта концепция ишлаб чиқилди, лекин шу пайтгача биронта варианти маъқулланган эмас. Чунки уларда адвокатура тизими яқин 20-30 ёки 50 йил ичида қандай ривожланиши, қайси босқичда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ва умуман адвокатура тизими нодавлат (ноҳукумат)ми ёки йўқлиги, нотижорат бўладиган бўлса – адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси қандай тартибга солиниши, адвокатнинг процессуал мақомини кучайтиришга қаратилган қандай нормалар қабул қилиниши лозимлиги бўйича якдил фикр (консенсус) йўқ эди.

Бугунги кунда мамлакатимизда бошланган конституциявий ислоҳот, яъни Бош қомусимизга киритилаётган адвокатурага оид ўзгаришлар соҳани тартибга солувчи амалдаги иккита қонун ўрнига ягона ва яхлит қонун қабул қилишни тақазо этади. Бунақа эҳтиёж кўпдан бери мавжудлигини ҳамкасбларимиз яхши билишади. Бинобарин, янгиланаётган Конституциянинг руҳиятидан, залворидан ва мезонларидан келиб чиқиб, унга мос равишда адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида ҳаволаки нормалардан холи, тўғридан-тўғри амал қилувчи янги қонун қабул қилиниши шарт.

Адвокатура ва адвокатлик фаолиятини тартибга солувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлигига икки йил бўлди. Лекин шу пайтгача уни белгиланган тартибда Олий Мажлис қонунчилик палатасида расман кўриб чиқиш бошлангани йўқ. Билишимча, мазкур қонун лойиҳасига адвокатлар ҳамжамиятининг жиддий эътирозлари бор.

Энди юқоридаги саволга қайтадиган бўлсак, ислоҳотларни (адвокатуранинг институционал ва функционал асосларини ривожлантиришга оид таклиф ва мулоҳазаларнинг барчасига тўхталмасдан) айни пайтда ҳал қилиниши зарур бўлган “программа минумум”дан бошламоқ керак. Яъни, авваламбор адвокатура тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва уни бугунги кун талаби даражасида ривожлантириш учун қуйидаги ислоҳотлар амалга оширилиши зарур, деб ҳисоблайман.

Адвокатура тизимига ёшларни жалб қилиш мақсадида адвокатлик мақомига эга бўлиш учун юридик соҳа бўйича икки йил иш стажига эга бўлиш лозимлиги тўғрисидаги қонунчилигимизда белгиланган талаб бекор қилинмоқда. Лекин яқинда олийгоҳни битирган, етарли иш тажрибасига эга бўлмаган 22-24 ёшли йигит-қизлар адвокатлик мақомини олганидан кейин қайси даромад ҳисобига кун кўради? Ахир юридик ёрдамга муҳтож инсон тақдирини дуч келган адвокатга топширмаслигини, таниш-билишлари орқали тажрибали, билимдон ва инсофли мутахассис қидиришини барчамиз яхши биламиз. Ёш ва тажрибасиз адвокат билан шартнома тузишга уни кўндира олмаймиз-ку. Қолаверса, касбий кўникмаларни ўзлаштириш учун ёш мутахассисга муайян вақт керак бўлади. Камида 2 йил. Шогирд мақомида юрган ёш адвокат, ёнига мижоз келмаса ва давлат бюджетидан маош олиб турмаса, тизимда қолиши қийин.

Амалдаги Конституциямизда ҳам, янги Конституция лойиҳасида ҳам адвокатура томонидан жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатилиши кафолатланган. Шундай экан, 2 йиллик стажга эга бўлиш талаби бекор қилинадиган бўлса, адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдам сифатини таъминлаш мақсадида ёшларга қуйидаги шароитлар яратилиши керак:

1. Институтни битириб, бир йил ичида адвокатлик мақомини олган шахсларга бир ёки икки йил давлат томонидан степендия тайинланиши;

2. Ҳар бир ёш адвокатга 1-2 йил мобайнида тажрибали адвокатни бириктириб, уни касбга тайёрлашни устоз-шогирд анъаналари асосида йўлга қўйиш;

3. Адвокат мақомини олган ёш адвокатда касбий кўникмалар шаклланишига кўмаклашиш учун уни қисқа муддатли курсларда бепул ўқитиш.

Бугунги кунда адвокатурада фаолият юритувчи 4600 дан ортиқ адвокатнинг 52 фоизи 50 ёшдан ошган адвокатлар, 30 ёшгача бўлган адвокатлар сони эса атиги 51 нафарни ташкил қилади. Бироқ агар ёш адвокатларга юқорида санаб ўтганим имкониятларни яратиб бера олсак, адвокатура тизими қисқа муддатда ёшаришига ишончим комил.

Адвокатларнинг малакасини ошириш тизими ҳам такомилга муҳтожлиги сир эмас. Турли учрашувларда адвокатлардан шунга доир турли эътирозларни эшитамиз. Бу борада қандай тизимли ислоҳотлар амалга оширилиши лозим деб ҳисоблайсиз?

Миллий қонунчилигимизда адвокат уч йилда бир марта малакасини ошириши шартлиги белгиланган. Бу – соҳага оид халқаро мезонлардан келиб чиқиб белгиланган талаб. Бизда адвокатларнинг малакасини ошириш билан кўп йиллардан бери Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази (ЮМОМ) шуғулланиб келмоқда. У ерда адвокатлар учун қулай шароитлар яратилган. ЮМОМ томонидан адвокатларни ўқитиш уч йўналишда, яъни анъанавий (офлайн), масофавий (онлайн) ва платформа шаклида амалга оширилмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, ЮМОМда 2020 йилда 700 нафар, 2021 йилда 800 нафар ва 2022 йилда 1000 нафар адвокат малака оширган. Демак, уч йил ичида атиги 2500 та. Ҳолбуки, республикамизда бугун 4600 дан ортиқ адвокат фаолият кўрсатади. Жорий йилда адвокатликка талабгарларга юридик соҳа бўйича икки йиллик иш стажига эга бўлиш ҳақидаги талаб бекор қилинмоқда. Шунингдек, адвокатура институтининг янги конституциявий мақоми белгиланаётганлиги боис соҳанинг жозибадорлиги ошиб, яқин бир неча йилда адвокатлар сони 6000 тадан ошиши кутилмоқда.

Қонунчилигимизда белгиланган адвокат ҳар уч йилда малакасини ошириши лозимлиги ҳақидаги талабнинг ижросини амалда таъминлаш учун ҳар йили камида 2000 нафар адвокат ўқитилиши зарур.

Юқорида қайд қилинган рақамлардан кўриниб турибдики, қонуннинг бу талабини бажариш учун бугунги кунда ЮМОМда ҳар йили ўқитиладиган 1000 та адвокатга қўшимча равишда яна 1000 нафар адвокатнинг малакасини ошириш керак бўлади.

Мен ўзим ҳам яқинда ЮМОМда малака оширдим... Охирги марта 2017 йилда у ерда малака ошириш курсида ўқиган эканман. Гуруҳимиздаги ҳамкасблардан сўраб-суриштирдим: баъзилари мунтазам уч йилда бир марта ўқишини айтган бўлса, айримлари 5-7 йил аввал ўқиган экан. Ҳатто сўнгги бор 11 йил олдин малака оширганлар ҳам чиқди. Мен малака ошириш курсларининг йўналишлари, дарслар мавзулари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг тажрибаси ёки ўқитиш услубига баҳо бермоқчи эмасман. Бу алоҳида мавзу. Лекин шу нарса аёнки, ЮМОМда бугунги кунда йилига 2000 адвокатнинг малакасини ошириш имконияти мавжуд эмас, бу фактдан кўз юмиб бўлмайди.

Хўш, нима қилиш керак?

Республика Адвокатлар палатаси ҳузурида малака ошириш билан шуғулланувчи махсус ўқув муассасасини (уни ҳозирча шартли ном билан Адвокатлар Олий мактаби деб атаб турамиз) ташкил этиш, у ерда дастлаб онлайн ва офлайн шаклда икки ҳафта ёки 72 соатлик курсларда ўқитишни йўлга қўйиш зарур.

Тингловчиларнинг хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, улар ихтисослашган йўналишлар (жиноят-маъмурий, иқтисодий-фуқаролик) бўйича дарс жадваллари шакллантирилиши керак.

Ҳамкасбларимиз орасида Адвокатлар Олий мактаби (АОМ)да дарс бериш учун салоҳияти ва тажрибаси етарли бўлган адвокатлар бор, деб ўйлайман. Қолаверса, таълим жараёнига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини, судьяларни ва олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларини ҳам жалб қилиш мумкин. Мактабнинг техник таъминотига келсак, Адвокатлар палатаси аудитория сифатида фойдаланиш учун хоналар ажратиб бериш имкониятига эга деб ўйлайман. Шунингдек, Адвокатлар Олий мактабини молиялаштириш хусусида ҳам ўз мулоҳазаларим бор. 2021 йилда малакасини оширган 700 адвокатнинг ҳар бири ЮМОМга тахминан 1 500 000 сўм тўлаган, демак, бир йилда адвокатлар бунинг учун жами бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Бир йилда 1000 нафар адвокатнинг малакасини оширишдан келадиган 1 млрд 500 млн сум маблағ билан Адвокатлар Олий мактабини дастлаб молиялаштириш мумкин деб ўйлайман. Бундан ташқари, адвокатура тизимининг моддий аҳволини яхшилаш учун Туркия ва Озарбайжон давлатлари тажрибасидан унумли фойдаланса бўлади. Ушбу мамлакатларда судларга мурожаат қилиш чоғида, давлат божига қўшимча равишда ҳужжатлар хатжилдига почта маркасини ёпиштириш талаб қилинади ва марка сотувидан тушадиган маблағ адвокатлар ҳамжамиятини молиялаштиришга йўналтирилади. Шунингдек, Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Адвокатлар Олий мактабини халқаро стандартларга мослаштириш учун халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилиш мумкин. Бундай масалаларда кўпроқ хориж тажрибасини ўрганиш ва ўзимизга мос келадиганини олишимиз зарур, Американи қайтадан кашф қилишга ҳожат йўқ.

АОМда малака оширганлик тўғрисидаги сертификат ЮМОМ берадиган сертификат билан бир хил юридик кучга эга бўлиши лозим.

Умуман олганда, АОМ билан ЮМОМ ўртасида адвокатларнинг малакасини ошириш бўйича соғлом рақобат бўлиши ва талабгор адвокатларга малака ошириш учун муқобил вариант сифатида ихтиёрий равишда танлаш имконияти яратилиши керак. Словения давлатида шундай тажриба мавжуд.

Бундан ташқари, АОМда дастлаб юридик стажга эга бўлмаган, соҳага энди кириб келадиган адвокатликка талабгорлар ёшларни стажировка ўрнига қисқа муддатли курсларда ўқитиб, малака дастурлари бўйича тайёрлаш ва ундан кейин малака имтиҳони топширишларига рухсат бериш керак.

Шунингдек адвокатлик тузилмаларида стажировка ўташ амалиётидан аста-секин воз кечиш лозим. Адвокатлик амалиётидан маълумки, касбий кўникмага эга бўлган тажрибали адвокат, агар стажёр адвокат ўзининг яқин кишиси бўлмаса, унга касб сирларини ўргатишдан манфаатдор эмас. Чунки амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига кўра, стажировка ўтаётган адвокат стажёрига адвокатлик тузилмалари томонидан муайян миқдорда ҳақ тўланиши лозим. Лекин аксарият адвокатлик тузилмаларида стажёрни сақлаш учун моддий имконият мавжуд эмас ёки адвокатлар стажёр олишга майл билдиравермайди. Боз устига стажёрлик вазифасига доир шартларни кўпчилик адвокатларнинг ўзлари ҳам билмайди. Адвокат мақомини олиш учун стажировка ўташ даврига расмиятчилик деб юзаки қарашади. Адвокатлик сирларини ўрганаман деб, виждонан стажировка ўтайдиганлар озчиликни ташкил қилади. Лекин уларнинг аксарияти орттирган касбий кўникмаларига кўра адвокат ёрдамчиси мақомидаги шахслар билан деярли бир хил деб баҳолаш мумкин (Айрим хорижий давлатларда адвокат стажёри чекланган доирада адвокатга хос процессуал ваколатларини бажариши мумкин.). Шу боис адвокат стажёри институтини тугатиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Балки муқобил вариант сифатида уч ойлик стажировка ўрнига АОМда уч ой ўқитишни ташкил қилиш маъқулроқдир.

Ўтган 4-5 йил ичида адвокатлардан малака имтиҳонларини олувчи ва улар устидан тушадиган шикоятларни кўриб чиқувчи малака комиссиялари фаолиятида қатор ижобий ўзгаришлар бўлди. Бироқ аксар адвокатлар фикрига қараганда, бу комиссияларнинг ишлаш механизми ҳануз талаб даражасида эмас. Сиз нима деб ўйлайсиз, адвокатура ва алалоқибат одил судлов тизими ривожи учун бу борада нималар қилиш керак?

Малака комиссияларнинг фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, уларнинг фаолият принципларини ҳисобга олмаганда, адвокатларга бериладиган интизомий жазо турлари, малака комиссиялари таркибини шакллантириш тартиби, Олий малака комиссияси томонидан кўрсатилиши лозим бўлган услубий ёрдам, интизомий амалиёт ва малака имтиҳонларини қабул қилиш амалиёти устидан мониторинг олиб бориш, таҳлил қилиш, тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари мамлакатимизда адвокатура институтини такомиллаштиришга қаратилган бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Малака комиссиялари таркибини шакллантириш дастлаб адлия идоралари ваколатида бўлган бўлса, кейинчалик Адвокатлар палатаси тизимига ўтказилди. Малака комиссияси аъзолари аввал тенг миқдорда адлия ва адвокатура ходимларидан ташкил топган бўлса, ҳозирда уларнинг аксарияти адвокатлардан ташкил топган. Буни, албатта, ижобий қадам деб биламан. Адвокатлар ҳамжамияти босқичма-босқич адвокатлардан малака имтиҳонларини қабул қиладиган ва адвокатлар устидан тушадиган шикоятларни кўриб чиқадиган бўлди.

Аммо адвокатларга мақом берадиган (ёки тиклайдиган) ва уни бекор қиладиган ҳужжатни қабул қилишда ҳуқуқий асос берадиган ташкилот бўлмиш малака комиссияси аслида қандай бўлиши керак? Бу хусусда қуйидагиларни таклиф қилган бўлур эдим.

1. Малака комиссияси аъзолари жойлардаги адвокатлик тузилмаларининг умумий мажлисида 2-3 йил муддатга сайланиши керак.

2. Малака комиссияси аъзолари, шу жумладан масъул котиби қисқа муддатли курсларда ўқитилиши ва уларга бажарилган ишларининг ҳажмига қараб ойлик маош белгиланиши шарт. Чунки аксар вилоятлардаги комиссиялар тузган мажлис баённомалари ва бошқа ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, комиссияларда интизомий таъсир чораси қўлланишига сабаб бўлган ҳаракат ёки бошқа шахсларнинг хатти-ҳаракати нимада намоён бўлганлиги ҳақида аниқ ва батафсил ифодалаш тажрибаси мавжуд эмас. Бу камчиликдан бир ёки икки малака комиссиялари истисно бўлиши мумкин. Мажлис баённомаси билан танишган киши жазога сазовор бўлган адвокатнинг қилмиши нимадан иборат эканлигини тушуниб етмайди. Бундан ташқари, малака комиссияларинг баъзи аъзоларини ташқи таъсирдан холи ва ички ишончи мустаҳкам, салоҳияти юқори дейиш қийин.

Шунингдек, адвокатнинг касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лиценциясининг амал қилишини муайян муддатга тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш билан боғлиқ интизомий жазони қўллаш механизми жуда чалкаш ва тушунарсиз. Малака комиссиялари тўғрисидаги низомда адвокат лицензиясининг амал қилиш муддатини тўхтатиб қўйиш ҳақидаги малака комиссияси қарори тегишли адлия бошқармаларига юборилиши, адлия идораси эса маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиши белгиланган бўлса, адвокат лицензиясининг амал қилишини тугатиш механизми бундан ҳам мураккаб: бунда комиссия қарори Олий малака комиссияси орқали Адлия вазирлигига юборилиши, вазирлик эса, ўз навбатида, тегишли ҳудудий адлия идорасига йўллаши ва бу идора маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиши лозим.

3. Интизомий таъсир чораси сифатида адвокатлик лицензиясининг амал қилишини маълум муддатга (6 ойгача) тўхтатиб қўйиш амалиётидан воз кечиш вақти келди деб ўйлайман. Чунки лицензияси тўхтатилган адвокатнинг ўз фаолиятини давом эттирмаётганлигини назорат қилиш имконияти мавжуд эмас. Масалан, бир адвокатга нисбатан бундай жазо қўлланилган бўлса, ушбу давр мобайнида у фуқаролик ёки иқтисодий судларга ишончнома билан вакил сифатида қатнашиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, адвокат сўрови орқали тегишли ҳужжатларни олиш, ариза ва шикоятлар ёзиб бериш билан боғлиқ адвокатлик фаолиятини давом эттириши мумкин. Бу каби ҳолатларда адвокатнинг лицензиясини тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ қўлланилган интизомий жазо ижросини назорат қилиш имконияти йўқ ёки бунақа механизм ишлаб чиқилмаган. Бундан ташқари, лицензияси тўхтатиб қўйилган адвокат юритувидаги ишларнинг тўхталиши у билан шартнома тузган мижозлар манфаатлариига салбий таъсир кўрсатади ва улар бошқа адвокат ёллашга мажбур бўладилар. Бу эса уларнинг сарсон-саргардон бўлишларига олиб келади ва аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқаради. Шу боис интизомий таъсир чораси сифатида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ўрнига “жарима” жазосини белгилаш ва жаримадан тушадиган маблағларни малака комиссиялари фаолиятини такомиллаштиришга йўналтириш мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Шунингдек, интизомий таъсир чораси турларини кўпайтириш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги фармонида адвокатларга малака даражаси беришни жорий қилиш белгиланган эди. Ўйлайманки, фармоннинг бу талаби келажакда амалга оширилади. Адвокатларга қўлланиладиган интизомий таъсир чораси самарасини кучайтириш ва Адвокатлар касб этикаси қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш механизми сифатида малака даражасини пасайтириш интизомий жазосини жорий қилиш лозим.

Маълумки, бугунги кунда интизомий жазо сифатида адвокатлик лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш маъмурий судлар орқали амалга оширилади. Айнан ушбу тартибда лицензияни тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш амалиётда муаайян қийинчиликларни келтириб чиқараётганлиги ҳам сир эмас. Адвокатлар палатаси ва малака комиссиялар учун бошоғриқ бўлиб келаётган ушбу масалага қандай қарайсиз?

“Бошоғриқ” деган сўз бу ўринда ростдан ҳам жуда мос тушади. Бу ҳақда журнал ва газетамизда кўплаб таҳлилий-танқидий мақолалар, интервьюлар бердик, мулоқотлар ва маърузаларда тушунтирдик., лекин сира ўзгариш бўлмаяпти. Чунки мутасадди ташкилотларда “Адвокатлик фаолияти лицензиялаштирилган фаолият турига киритилган, демак лицензияни бекор қилиш, яъни муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бекор қилиш суд томонидан амалга оширилиши лозим”, деган тушунча мавжуд, назаримда.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоизки, 2019 йилгача адвокатлик лицензиясини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш малака комиссиялари қарори билан амалга оширилар ва уларнинг қарори узил-кесил ҳисобланар эди. Агар адвокат комиссия қароридан норози бўлса, унинг устидан судга мурожаат қилиши мумкин эди. Бу нормал ҳолат бўлиб, ҳозиргидек оворагарчиликка сабаб бўлмасди. Масалан, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда адвокатлик мақомини тугатиш ҳақидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Бизда эса бунинг тескариси. Лицензияни бекор қилиш ёки унинг амал қилишини маълум муддатга тўхтатиб қўйиш учун Адвокатлар палатаси – адлия идорасига, у эса ўз навбатида маъмурий судга мурожаат қилиши керак. (Маълумот учун, адвокатларнинг лицензиясини тўхтатиб қўйиш бўйича судларга 2021 йилда 44 та, 2022 йилда 63 та ариза киритилган). Бундай тартиб малака комиссияларининг обрўйига путур етказиб, интизомий таъсир чорасини қўллаш орқали адвокатлар ҳамжамиятини нопок, виждонсиз ёки касб этикаси қоидаларини қўпол равишда бузадиган адвокатлардан тозалаш ёки улар устидан самарали назорат ўрнатишга тўсқинлик қилади. Дейлик, бир адвокатнинг лицензиясини бекор қилишга асос бор. Яъни, у мижозини алдаб, ишни ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб ундан катта миқдорда пул олиб, еб кетган. Бу масалани малака комиссияси кўриб чиқиб, адвокатнинг лицензиясини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин уни суд кўриб чиқиб, якуний қарор чиқаргунича ўрта ҳисобда уч ой вақт сарфланаяпти. Бу даврда адвокат фаолиятини давом этдириб, яна юридик ёрдам кўрсатиш бўйича бир нечта шахслар билан шартнома тузиши ва фирибгарликни давом эттириш мумкин. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, адвокат лицензиясининг амал қилиш муддатини 6 ойга тўхтатиб қўйиш ҳақидаги малака комиссияси қарорини кўриб чиққан суд аксар ҳолларда ушбу муддатни 3 ёки 2 ойгача қисқартириш ҳақида қарор қабул қилмоқда. Энди шу ўринда бир савол туғилади. Ушбу ишни кўриб чиқадиган судья Адвокат касб этикаси қоидаларини малака комиссияси аъзоларидан кўра яхшироқ талқин қилаяптими ёки бўлмаса ушбу қарорни қабул қиладиган судья (агар у илгари адвокат бўлиб ишламаган бўлса) адвокатлик фаолиятининг нозиқ жиҳатларини, мижоз билан адвокат муносабатларининг ўзига хос хусусиятларини комиссияда ишлайдиган камида 5-10 йиллик тажрибасига эга адвокатлардан яхши тушуниб, вазиятга адолатли баҳо бера оладими? Менимча, йўқ.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Интизомий жазо чораси сифатида лицензияси уч ойга тўхтатилган адвокат ўз фаолиятини шу муддатга тўхтатиб қўйдими ёки давом эттираяптими, уни қандай назорат қилиш, текшириш ёки мониторинг қилиш мумкин? Айтайлик, ҳозир адвокатлик ордерини бериш рақамлаштирилганлиги сабабли ордер беришни электрон тарзда тақиқлаб қўйиш имкони бордир. Лекин у ордер расмийлаштирмасдан туриб ҳам (ариза шикоятлар ёзиб бериш, маслаҳатлар бериш орқали ва ҳкз.) фаолиятнинг бошқа турлари билан шуғулланиши мумкин.

Шунингдек, устидан шикоят тушган адвокат малака комиссиясига ёки судга келишни пайсалга солиб, ўзига нисбатан интизомий таъсир чорасини қўллаш мумкин бўлган муддатни ўтказиб юборишга ҳаракат қилиши тенденцияга айланмоқдаки, бу ҳам амалдаги механизмнинг қусурларидан биридир.

Статистик маълумотларга кўра Ўзбекистонда ўрта ҳисобда 8500 нафар аҳолига битта адвокат тўғри келади. Бу кўрсатгич ривожланган давлатлар тугул ҳатто Россия Федерацияси ва Қозоғистон билан солиштирганда ҳам анча кам. Мамлакатимизнинг айрим туманларида бир-икки нафар адвокат ишлайди, умуман адвокат йўқ туманлар ҳам бор. Мантиқ бўйича, эҳтиёж ёки талаб ортган жойда таклиф ҳам ортиши керак. Лекин негадир бунақаси кузатилмаяпти. Шундай экан, Ўзбекистонда адвокатлар сони ростдан ҳам камми?

Авваламбор, мен бундай ҳисоблаш мезонларини тўғри деб ўйламайман ва қуйида бунинг сабабларини тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Биринчидан, ривожланган давлатларнинг аксариятида судья, прокурор ва детектив касбидан ташқари, бошқа барча юристлар қоида тариқасида адвокат деб номланади. Шунингдек, уларда риэлтер хизматлари, айрим нотариал хизматлар, медиаторлик, солиқ маслаҳатчиси, консалтинг хизматлари ва айрим тоифадаги юрисконсультлик хизматларини кўрсатиш билан шуғулланаётганлар ҳам адвокат деб номланади. Бу эса ўз-ўзидан адвокат деб номланадиган шахслар кўрсаткичи ошишига сабаб бўлади. Бизда эса улар турлича номланади ва адвокатлик фаолияти сифатида тан олинмайди.

Иккинчидан, АҚШ ва Европа давлатларида адвокатлик тижорат фаолияти ҳисобланади. Қолаверса, халқнинг фаровонлиги, ҳуқуқий онги юқорилиги, энг муҳими қонун (ҳуқуқ) устуворлиги сабабли (адвокатлик касбига кириш учун қўйилган талаблар жуда қатъийлигига қарамай) адвокатура жозибадор соҳага, адвокатлик эса жамиятда нуфузли касбга айланган.

Учинчидан, мазкур мамлакатларнинг аксариятида параллел равишда давлат адвокатураси ҳам фаолият юритиб, ижтимоий жиҳатдан кам таъминланганларга юридик ёрдам кўрсатади, бундай адвокатлар давлат ёки турли ижтимоий жамғармалар орқали моддий рағбатлантирилади.

Юқорида қайд қилинган омилларнинг барчаси адвокатура тизимини кучайтирувчи фактор бўлиб хизмат қилади ва адвокатлик касбига бўлган талабнинг юқори бўлишига олиб келади.

Бизда эса адвокатура нотижорат ҳисобланганлиги ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлиги етарли эмаслиги боис адвокатура институти ҳуқуқ устувор бўлган давлатлар даражасида тараққий этмаган.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган 4600 нафарга яқин адвокат аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш учун етарлими, деган саволга келсак, шуни айтиш лозимки, адвокатларимиз иш юкламаси кўплигидан нолиётгани йўқ, деб ўйлайман. Адвокатура бинолари олдида нотариусни кутиб тургандек, юридик ёрдам олиш учун навбат кутиб турганларни ҳам кўрмаймиз. Чунки адвокатлик амалиётининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фаолият кўрсатаётган адвокатларнинг нари борса учдан бир қисми доимий иш билан банд бўлиб, яхши ёки ўртача даромад олаётган бўлса (уларнинг ҳам аксарияти бизнесга хизмат кўрсатувчи адвокатлар), қолганлари давлат муассасаларида ишлаётган ходимларга нисбатан кам даромад олади. Доимий иш йўқлиги туфайли кўпчилик адвокатлар давлат ҳисобидан ишларда қатнашишга харакат қилишади. Айни ҳолат бугунги кунда “чўнтак адвокатлари”нинг пайдо бўлишига сабаб бўладиган омиллардан биридир. Кейинги йилларда ёш кадрларнинг адвокатура тизимини тарк этиб, давлат ташкилотларига ишга ўтиб кетиши тенденцияси, назаримда, ўсиб бормоқда. Қолаверса, фуқароларнинг одил судловга ишончи юқори эмаслиги, ишларнинг адвокат кўмагида қонуний ҳал этилишига ишончсизлик, шунингдек ҳуқуқий нигилизм, аҳоли турмуш даражасининг пастлиги сингари омиллар ҳам адвокатларга мурожаат қилиш даражаси пастлигига сабаб бўлади. Бундан ташқари, кейинги йилларда жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган юридик ёрдамнинг бир қисми айрим давлат муассасалари (адлия идоралари, халқ қабулхоналари), ҳукумат томонидан ташкил этилаётган нодавлат ташкилотлар томонидан ҳам амалга оширилмоқда. Шунингдек, бугунги кунда ижтимоий тармоқлардан ҳам турли ҳуқуқий ахборот олиш имконияти мавжуд. Буларнинг барчаси адвокат ёрдамига бўлган эҳтиёжнинг кескин ошиб бораётганлигини кўрсатмайди.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, мамлакатимизда аҳоли сонининг адвокатлар салмоғига нисбати бошқа давлатлар билан таққослаганда анча пастлигига қайғурмаса ҳам бўлади, деб ҳисоблайман. Бу адвокатура соҳасидаги ўта долзарб муаммо эмас. Ҳар ҳолда, энг аввало ҳал қилиш лозим бўлган масала деб ўйламайман.

Янги Конституцияда акс этган адвокатура институтининг институционал ва функционал вазифалари амалга оширилиши келажакда Адвокатура кодекси яратилишига, парламентда алоҳида адвокатлар комиссияси фаолият юритишига ва Адвокатлар академияси ташкил этилишига олиб келади, деб умид қиламан.

Умуман олганда, Ўзбекистонда қабул қилинажак янги Конституцияда белгиланган адвокатура ва адвокат мақомининг тамал тоши бўлмиш принциплар ҳамда давлат томонидан адвокатлик фаолиятига берилаётган кафолатлар ижросини таъминлаш одил судловнинг таркибий қисми бўлган адвокатура тизимига ҳам катта масъулият юклайди. Шу боис адвокатлар ўз ҳамжамияти атрофида қаттиқроқ жипслашиб, касбий манфаатлар қонун доирасида мукаммал белгиланишига эришиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришлари лозим. Чунки бирлик ва ҳамжиҳатликда гап кўп...

Ойбек МЎМИНОВ суҳбатлашди.

PS. Ҳурматли адвокатлар! Таҳририят мазкур интервью мавзуси ва унда тилга олинган масалаларга доир фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни кутиб қолади.

2023-04-11 14:08:05  |  1529 |   0  | 

3 изоҳлар

Май 05, 2024  23:40

1.DIlshodbek Shomurodov

Albatta, bugungi kunda advokatura advokat kabi so'zlarni eshitganda odamlarda qanday fikr yoki fikrlar paydo bo'lishi hec kimga sir emas. Bahrom akani keltirib o'tgan firklari advokaturaning bitta bosqichi uchun emas barcha qismlarini qamrab oladi advokat stajoridan tortib intizomiy jazo tartibigacha. Advokatlar oliy maktabi esa nazdimda advokaturaning istiqbolli kelajagi uchun yaxshi tirgak bo'lar edi. Bunga qo'shimcha tarzda yuristlar malaka oshirish markaziga ham raqobatchi ham davlat mablag'lariga qarab qolmaydigan yangi oliy maktab hisoblanar edi.

Баҳром Саломов Ўзбекистон адвокатураси учун улкан меҳнати сингган инсон. Юқоридаги интервьюдаги фикрларнинг аксарияти билан ҳамфикрман десам муболаға бўлмайди. Айнан Ўзбекистонда адвокатурани такомиллаштириш Концепциясини охирги варианти халқаро экспертлар томонидан олқишланган, адвокатуранинг халқаро стандартларига мос келадиган ва Ўзбекистонда адвокатура ва адвокатлик фаолияти тарихи ва келажагини михлайдиган етук ҳужжат сифатида тайёрлаган эдик. Афсуски қайсидир сабабларга кўра (?) бу нодир ҳужжатлар қайсидир идораларнинг тортмаси ёки жавонида қолиб кетмоқда. Айнан шу масала юзасидан мен "Президентга мурожаат" портали орқали ўз фикрларимни билдирган эдим.. Адвокатлик фаолиятига ёш кадрларни жадлб қилиш масласи нафақат адвокатуранинг муаммоси, балким бу давлат миқёсидаги стратегик масала сифатида ечимини топиши керак. Чунончи, ҳозирда давлат томонидан тадбиркорлик фаолиятига нисбатан салмоқли кўмак, имтиёзлар ва давлат маблағларидан субсидиялар ажратилиши оқибатида юртимизда тадбиркорлик фаолияти сезиларли даражада такомиллашиб бормоқда. Буни чет эл давлатлари, қўшни давлатлар раҳбарлари ҳам ўз ўрнида эътироф этишмоқда.! Демак, адвокатлик фаолиятида ёш ҳуқуқшуносларга муносиб жойларини топиб олишлари учун давлат томонидан қўллаб қувватлаш (буни Б.Саломов давлат стипендиялари деб атаган бўлса мен бошқача тарзда таклиф киритмоқчиман) учун давлат томонидан икки ёки уч йиллик субсидиялар ажратиш уларни адвокатлик фаолиятига киришиб кетишлари учун жуда муҳим кўмак бўлади ва охир оқибат малака ва тажриба оширилиши натижасида давлат учун етук кадрлар базаси яратилади. Айнан Президентимиз яқинда Сингапур давлатига бориб келдилар ва бу давлатдаги ижобий ўзгаришларни гувоҳи сифатида тараққиётимизда бу давлатнинг амалиётлари қўлланиш бошланди. Бизга сир эмас, Сигапур оёққа туриш жараёнида суд ҳуқуқ тизимига нисбатан люстрация эълон қилиб, мамлакатдаги адвокатлардан судьялар корпуси ташкил этип, коррупцияга қарши қақшатқич зарба берган эди.. Ҳозирда бу давлатда коррупцияга қарши кураш дунё давлатлари рейтингида иккинчи ўринда баҳолангани бежиз эмас. Бизни келажагимиз учун ҳам етук ва ёш ватанпарвар кадрлар, адвокатлар корпусини ёшартириш билан бирга давлатнинг кадрлар заҳирасини ижобий тўлдиради ва албатта суд ҳуқуқ тизимидаги ўзгартишларда ўзини ижобий ҳосиласини беради. Кўп йиллик фаолият юритувчи (шу жумладан халқаро миқёсда) ва фақат адвокатурани болалигидан орзу қилган адвокат сифатида шуни таъкидлайманки, агар биз чинакамига суд мустақиллиги ва қонун устиворлигига холис эришмоқчи эканмиз, авваламбор амалиётдаги совет ҳуқуқи асоратларидан ва совет ҳуқуқи кадрларидан ҳоли бўлишимиз керак. Бунинг учун суд ва прокуратура тизимида люстрация ўтказиш лозим бўлади. Балким бу ҳозирда долзарб эмасдир (ўзбекчилик нуқтаи назаридан), лекин вақти келиб шунга етиб келамиз албатта. Интервбюдаги Баҳромжонни малака комиссиясига ваколатларни кенгайтириш таклифларига салбий муносабатларим бор. Бу комиссияни авваламбор иккига ажратиш лозим, бу биринчидан,чинакам малака комиссияси ва иккинчидан, интизомий комиссия бўлгани маъқул. Икки комиссияни бир бирига аралаштириб бўлмайди. Чунончи, биринчиси адвокатларнинг малка даражасини назорат қилса, иккинчиси уларнинг одоби ва интизомини назорат қилиши лозим. Шу ўринда адвокатлик фаолияти лицензияси муаммоси ҳозирда кучда экан, уни вақтинча тўхтатиш ва бекор қилиш масаласи суд ихтиёрида бўлгани маъқул. Биз Ўзбекистонда чинакам мустақил ва одил суд тизимини ташкил этишга интилар эканмиз, биринчи навбатда судни ва уни фаолиятини, судьяни ҳурмат қилиш ва уни чиқарган қарорларига итоат этиш маданиятига эришишимиз даркор. Адвокатни малка даражасини текширувчи судга ёки судьяга нисбатан аввалдан писанда (биладими?, билмайдими?тажрибаси борми? савиясичи? каби саволлар билан) ли муносабатда бўладиган бўлсак, биз судга нисбатан одобсилигимиз ва ҳурматсизлигимизги намойиш этамиз. Шунинг учун қандай бўлишидан қатъий назар у судлигича қолсин ва биз унга ҳурмат билан қараб, ундан адолат кутишга мажбурмиз! Малака ошириш масаласида мен Б.Саломов фикрларига тўлиқ қўшиламан. Чунончи, малака ошириш мобайнида ўзгариб бораётган қонун амалиёти, тажрибалар алмашинуви, устозлар билан мулоқотлар фақат ижобий натижа беради. Албатта Адвокатлар палатаси қошида ҳам малака ошириш марказини юритилиши, бу муассасаларда ўзаро рақобатни ташкил қилади ва тажрибали адвокатларни малака ошириш орқали устоз ва шогирд тажрибасини амалга сингдиришга кўмаклашади. Адвокатлар сони ва аҳоли сонига мутаносиблиги масаласида Б.Саломов ажойиб далилларни келтирганки, баъзи бир саёз фикрли сиёсатчиларга, ажабмас дарс бўлса...? Дунёда ҳуқуқ соҳаси амалиёти асосан тўрт оқимга бўлиниши (Англо -саксон, Юнон- рум, Ислом шариати ёки "Фикҳ" ва Тибет қонунчилиги) бу маслада давлатнинг ички миллий ва этник хусусиятларини инобатга, эътиборга олишни тақозо этади. Масалан ҳозирда ғарбдан кўчирма қилинаётган гендер тенглиги масаласи ҳам шулар жумласидандир. Бу борада чуқур илмий изланишларни давлатнинг, миллатнинг ички удумлари, одатларига нисбатан мужассамлиги ҳолатларини ўрганмасдан..."овозалар" орқали яхши кўриниш учун баллар йиғиш, мени фикримча, бу сафсата обрў (дяшевый авторитет) дегани эмасми?(!). Давлатнинг юқори органларида етук юрист кадрлар етишмовчилиги ҳам худди шундай муаммолар келтириб чиқаради...Бу масалада алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Б.Саломовни манабу сўзларига тасаннолар айтиб олқишламай иложим йўқ,!!!, ихтибос, "Янги Конституцияда акс этган адвокатура институтининг институционал ва функционал вазифалари амалга оширилиши келажакда Адвокатура кодекси яратилишига, парламентда алоҳида адвокатлар комиссияси фаолият юритишига ва Адвокатлар академияси ташкил этилишига олиб келади, деб умид қиламан." Янги Ўзбекистонимизнинг янги Конституциясида адвокатларга нисбатан алоҳида эътибор қаратилиши бу ижобий ва бу ҳуқуқий ислоҳотлар учун "Фарзин" билан юриш ҳисобланади. Адвокатура келажаги масаласида Президентимиз томонларидан, ҳеч бўлмаганда, уларни етакчи вакилларини қабул қилиш ва улар билан сўҳбат ўтказиш албатта суд ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга ўзини ижобий натижасини беради деган умиддаман албатта. Бир давлат президентидан нимага эришмадингиз деганда, адвокатлар фикрини эшитмадим, чунки... деган экан...

Апрел 13, 2023  07:50

3.Temurov Mironshox

Baxrom Salomovning yuqorida keltirib utgan taklif va muloxazalarini amalga oshirilishi advokatura institutini yanada rivojlanishiga va fuqarolarimizga professional yuridik erdam kursatilishiga zamin yaratadi hamda fuqarolarning huquq va erkinliklarini himoya qilish va sud-huquq tizimini takomillashtirish davrida muxim bosqich bulib xizmat qiladi deb hisoblayman.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация