Нотўғри ҳукм чиқарган судья жазоланди...



achchiq haqiqat

Нотўғри ҳукм чиқарган судья жазоланди...

У ноқонуний тарзда фуқарога озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган эди...

“Жиноят ишини биринчи инстанция судида кўрган жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси О.Набиев, судланувчи Р.1нинг жиноий ҳаракатини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан тўғри квалификация қилган бир вақтда, унга шу модда билан ЖКнинг 50-моддасига зид равишда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ оғир жазо тайинлаб, хатоликка йўл қўйган”, — дейилади Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди апелляция инстанцияси чиқарган хусусий ажримда.

Мазкур ҳужжатда ушбу ҳолатга, жумладан, қуйидагича баҳо берилган:

“... Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 50-моддасида эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмаслиги назарда тутилган.

Судланувчи Р.га жазо тайинлаш вақтда у пенсия ёшида бўлган.

Шунингдек, биринчи босқич суди қонун ва Пленум талабларига риоя қилмасдан, суд ҳукмининг тавсиф қисмида Р.га нисбатан нима учун мажбурий қўшимча муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаганлигини асослантирмасдан, судланувчи Р.га муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони тайинламасдан, нотўғри тўхтамга келган.

Бундан кўринадики, жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси О.Набиев қонун ва Пленум талабларига зид равишда судланувчи Р.га нисбатан нотўғри ҳукм чиқарган”.

Яъни, маълум бўлишича, бир туманда жиноят ишлари бўйича судга раислик қилиб келаётган судья Отабек Набиев ЖКга кўра озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши мумкин бўлмаган тоифадаги шахсга нисбатан 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Бу совуқ хабарни ўқир эканмиз, беихтиёр кўнглимиздан “Ишқилиб, судья бу хатони савияси етишмагани туфайли қилган бўлсин-да” деб юборамиз. Зеро, билмаганни ўрганиб олиш мумкин (хоҳиш бўлса, албатта). Аммо... агар бу ерда қасд ёки қандайдир ташқи босим таъсири аралашган бўлса, уни тузатиш осон кечмаслиги аниқ...

Нима бўлганда ҳам, Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди мазкур жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиб, биринчи инс­танция судининг ноқонуний ҳукмини бекор қилган ва Р.га 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида — 86.120.000 сўм жарима жазоси тайинлаган. ЖКнинг 62-моддасига асосан Р.нинг 2018 йил 5 сентябрдан 2018 йил 25 октябрга қадар қамоқда ўтирган кунини жарима жазосидан чегириб, энг кам ойлик иш ҳақининг 475 баравари миқдорида — 81.814.000 сўм жарима жазосини қолдирган.

Ўқувчимизни бу ­вазиятда кўпроқ судьяга нима жазо кўрилгани қизиқтираётган бўлса ажаб эмас. Ахир унинг хатоси қандайдир майда-чуйда эмас, бир фуқаронинг салкам икки ой озодликдан маҳрум бўлиб, қамоқда ўтиришига сабаб бўлган хато-да... (Худо кўрсатмасин, агар адвокат ва тегишли органлар пухта ишлаб, хатони ўз вақтида кўрсата олмаганида ёки апелляция инстанцияси уни тузатмаганида фуқаро ноқонуний тарзда нақд 3 йил озодликдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин эди).

Хуллас, апелляция инстанцияси “... Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси О.Набиев томонидан амалдаги қонунчилик талаблари жиддий бузилишига йўл қўйилганлигини инобатга олиб ва келгусида бу каби қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида ҳамда амалдаги қонунлар, Пленум қарорларидаги раҳбарий тушунтиришлар бир хилда бажарилишини таъминлаш мақсадида ушбу ажрим нусхасини Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг раҳбариятига тегишли чора-тадбирлар белгилаш учун юборишни лозим деб топади”.

Таҳририятимизнинг бу борада кўрилган чора ҳақида Сирдарё вилоят судидан маълумот олишга уриниши эса осон кечмади. Бизнинг телефон орқали берган сўровимизга жавобан, аввалига, “бугун, эрта” қабилида муносабат билдирилган бўлса, орадан бир ҳафта ўтиб, ёзма мурожаат қилишимизни талаб этишди. Нима ҳам деймиз, 2018 йилнинг 10 январь куни ёзма сўровнома тайёрлаб, ўша куннинг ўзида факс орқали бердик ва хатнинг қабул қилинганлиги бўйича суд девонхонасидан аниқлик киритиб олдик. Шунингдек, ҳар эҳтимолга қарши, хатнинг аслини ҳам почта орқали юбордик. Аммо... деярли ҳар куни телефон орқали сўраб турганимизга қарамасдан, Қонунда кўзда тутилган 7 кунлик2 муддат ўтиб кетса ҳамки жавоб бўлмади...

Шу боис, расмий жавобдан умидимизни узиб, журнални босмахонага топширишни ортиқ кечиктирмаслик мақсадида, саволимизга норасмий манба орқали аниқлик киритиб олдик. Унинг маълум қилишича, “Жиноят ишлари буйича Сирдарё вилоят суди Малака ҳайъати мажлисининг 2018 йил 2 ноябрь кунидаги қарорига асосан ЖИБ Ховос тумани судининг раиси Отабек Набиевга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган...”

Бу жазонинг судья томонидан йўл қўйилган хатога қанчалик мувофиқ ёки номувофиқ эканлигини эса муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Яъни бу борада хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола...

“Advokat” журнали таҳририяти.

1 Судланувчининг шаън ва қадр-қимматига таъсир қилмаслик учун исм-шарифини ошкор қилмаяпмиз — Таҳририят.

2 Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни 351-моддасига кўра.

2019-02-05 10:07:08  |  1969 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация