Қонунни бузиш пойтахтдан бошланадими?
“Бирон идорадаги муаммолар ҳақида гап кетса, унинг қуйи бўғинларини зўр бериб танқид қилишга ўрганиб қолганмиз. Аммо аслида ҳамиша ҳам шундай эмас, “балиқ бошидан” бўладиган ҳоллар ҳам кўп учраб турибди, – дейди Қарши шаҳридаги “Protsessual kafolat” адвокатлик бюроси адвокати Сафар Каттабоев.
Адвокатнинг мазкур муаммога бағишланган туркум мақолаларидан бирини аввал эътиборингизга ҳавола этган эдик. Қуйидаги мақола ўша мавзуни давом эттиради...
ВАЗИРЛИКНИНГ ХОҲИШИ СУД ҚАРОРИДАН УСТУН ТУРСА...
(Иккинчи мақола)
Қоғозда тикланган ҳуқуқлар
Конституциямизнинг 114-моддасида “Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир” деб белгилаб қўйилган ва буни изоҳлаб ўтиришга ҳожат ҳам йўқ деб ўйлайман. Аммо, минг афсуски, бу талабни (демак, Конституцияни) назар-писанд қилмайдиган соҳа ва раҳбарлар ҳамон бор десам ишонишингиз қийин бўлса керак. Агар ўшанақа раҳбарлар айнан пойтахтда ўтирганини айтсам-чи?..
Келинг, Сизни қийнаб ўтирмасдан, аниқ мисолга ўта қолай. Мисол ҳам шундай мисолки, нақ ички ишлар вазиригача бориб тақалади. Масала тушунарли бўлиши учун эса ҳикояни сал узоқдан бошлашимга тўғри келади...
...2012 йилда Нишон туман ИИБ терговчиси капитан Жўраев Убайдулло ва унинг қариндош-уруғлари (жами 11 киши) Жиноят кодексининг 228-моддаси билан, яъни “қалбаки паспорт олган ва ундан фойдаланган” дея жиноий жавобгарликка тортилиб, судланди. Яъни, Ўзбекистонда туғилиб-ўсган, аммо собиқ СССР ҳукумати қарори билан Тожикистонга кўчирилган ва у ёқдаги талотўпдан сўнг яна ватанларига қайтиб келган бу инсонлар Ўзбекистоннинг фуқаролик паспортини ноқонуний олганликда ва ундан фойдаланганликда айбланган. Тўғрироғи, айни ўша пайтда авж олган кампаниянинг қурбони бўлишган...
Кўпчиликнинг хабари бўлса керак, кейинчалик бундай айбловларнинг барчаси бекор қилиниб, жиноят ишлари ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилди, оқлов ҳукмлари чиқарилди. Жумладан, Жўраев Убайдулло ва унинг қариндош-уруғларига нисбатан очилган жиноят иши ҳам Қашқадарё вилояти прокуратурасининг 2017 йил 19 августдаги қарори билан юқоридаги асосга кўра тугатилиб, айбланганлар айбсиз деб топилди.
Албатта, оқланиш яхши. Аммо... унинг орқасида навбатдаги масалалар ҳам борки, кейинги пайтда ана шу ўринда анча-мунча муаммолар учраб турибди. Зеро, ноҳақ жазоланганларга етказилган мулкий, моддий, маънавий зарарларнинг давлат томонидан қоплаб берилиши ҳамиша ҳам осон кечаётгани йўқ. Жумладан, ўша айблов туфайли ишидан айрилганларни қайтадан ўз жойига тиклаш ҳам. Улар орасида эса бизнинг бугунги қаҳрамонимиз У.Жўраев ҳам бор...
Ҳа, прокуратура қарори билан айбсиз деб топилиб, барча ҳуқуқлари тикланиши ҳақидаги қарорни қўлига олган У.Жўраев, жумладан, ноҳақ йўқотган ишига қайтиш учун, мана, икки йилдирки, таъбир жоиз бўлса, чинакам жангни бошидан кечирмоқда...
Прокуратура айтади ҳам, қайтади ҳам...
Вилоят прокуратураси терговчисининг 2017 йил 19 августдаги У.Жўраевнинг ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ қарори ижросини таъминлашни прокуратура ИИБ зиммасига юклаган бўлса-да, натижа бўлавермади. Ваҳоланки, алоҳида топшириқларсиз ҳам бундай қарорлар ижроси қонунга кўра барча идоралар учун мажбурий ҳисобланади.
Шундан сўнг Қарши шаҳар маъмурий суди ҳам 2018 йилнинг 18 апрелида ИИБга вилоят прокуратураси терговчисининг қарори ижросини таъминлаш тўғрисида ижро варақаси юборди. Яна ўзгариш йўқ.
Фасл алмашгач, аниқроғи, 2018 йилнинг 3 июлида Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими томонидан вилоят ИИБга жиддий огоҳлантириш хати юборилди (Уни ўқиган У.Жўраев анча умидланган бўлса ажаб эмас): “Мазкур ижро ҳужжатини ижросини 3 (уч) кунлик ихтиёрий муддат ичида таъминланмаган тақдирингизда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 148-моддаси ҳамда 232-моддаси билан жиноий жавобгарликга тортилишингиз ҳақида огоҳлантирамиз”1
Бироқ, мана, орадан 3 кун эмас, 3 ой эмас, 2 йилу 3 ойдан ошиқ вақт ўтаяпти ҳамки, ҳали-ҳамон бу топшириқлар бажарилмади. Шунингдек, вилоят ИИБдан бунинг учун биров жавобгарликка тортилмаганини эса эслатиб ўтирмасак ҳам ўқувчи ўзи билиб турган бўлса керак (Аслида бу моддада 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўрсатилган)... Ахир вилоят ИИБ бошлиғи устидан жиноят иши очиш биз ўрганган (ёзилмаган) тартиб-тамойилларга мос эмас-да!.. Шу маънода, прокуратурага ҳам осон тутмаймиз... Ҳамма қатори бу идора ҳам айтганидан қайтишга мажбур баъзан... Ҳа, гоҳида ёзилмаган қонун-қоидалар ёзилган қонунлардан устун туради бизда...
Ўхшамаган баҳона
Вилоят ИИБ раҳбарияти аввалига У.Жўраевнинг ишдан тўғри бўшатилганини даъво қилиб олди. Сабаби, у 2004 йилда таржимаи ҳолини ёзганида Тожикистондан кўчиб келган қариндошларини кўрсатмаган экан. Буни Бошқарма 2011 йилда ўтказилган хизмат текширувида аниқлаган эмиш.
Кўрсатилаётган бу сабаб ходимни ишга тикламаслик учун қилдан ахтарилаётган қийиқ экани очиқ-равшан кўриниб турарди. Ваҳоланки, У.Жўраев 2004 йилда ёзган маълумотномасида кўрсатмаган қариндошларини кейинги йилларда кўрсатган. Қолаверса, уларнинг орасида биронта судлангани бўлмаган (буни вилоят ИИБ ҳам тан олади). Шу боис ҳам кейинги йилларда у ўз фаолиятини бемалол давом эттириб келган. Зеро, ўша вақтдаги тартиб-қоидага кўра ходим бундай камчиликлари учун бир йилдан кейин жазоланиши мумкин эмас эди. “Сабаб” сифатида кўрсатилаётан ҳолатда эса аллақачон 7 йил ўтиб қўйган. Қолаверса, унинг ишдан бўшатилишига ҳам бу хато эмас, балки устидан жиноят иши қўзғатилиши асос бўлганини эслатиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Шундай экан, тарихдаги хато қандай қилиб ходимнинг ишга тикланишига қарши сабаб қилиб кўрсатилиши мумкин?
У.Жўраевнинг адвокати сифатида шахсан ўзим вилоят ИИБ раҳбариятига буни тушунтиришга ҳаракат қилдим, аммо фойдаси бўлмади, улар ўз сўзларида қатъий туриб олдилар. Шундан сўнг У.Жўраев билан ИИБ раҳбар ходимларининг бундай ғайриқонуний ҳаракатлари устидан маъмурий ишлар бўйича Қарши шаҳар судига шикоят билан мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Суд бизнинг шикоятимизни асосли деб топиб, қаноатлантирди ва 2018 йилнинг 4 декабрида бу ҳақда қарор чиқазиб, вилоят ИИБ бошлиғига У.Жўраевни аввалги ишига ёки унга тенглаштрилган бошқа ишга тиклашни юклади...
Ҳикоямизнинг давомини яна муаммо билан бошлашга мажбурмиз – ҳуқуқ-тартибот учун масъул бўлган бир идоранинг вилоят миқёсидаги раҳбари мазкур суд қарори ижросини таъминлаш ўрнига маъмурий ишлар бўйича вилоят судига кассация шикояти берди. Вилоят суди ҳам биринчи инстанция судининг қарорини тўғри ва қонуний деб топгач эса, яна ютқазган бошлиқ бу сафар суд инстанциялари бўйлаб шикоятни давом эттириб ўтирмади. Эҳтимол суднинг ҳақлигига ишончи комил бўлгандир, эҳтимол ўз идорасининг “юқори”си қўллаб турганида суднинг қарори ҳеч қандай аҳамият эга эмас деб қаттиқ ишонгандир, буниси бизга қоронғу. Маълуми шуки, вилоят ИИБ энди “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 155-бандини рўкач қилишга ўтди:
“... ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ёхуд асоссиз бўшатилганлиги тан олинган ҳолларда, шунингдек ғайриқонуний равишда хизматдан бўшатилган деб топилган шахсларни хизматга тиклаш суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори ёхуд Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг қарори асосида амалга оширилади.
Тикланиши лозим бўлган шахсларни шахсий таркиб рўйхатига киритиш ва лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири қарори билан амалга оширилади”.
Бу моддани ўқиган одамга бир қарашда вилоят ИИБ ҳақдек туюлади. Аммо аслида қонун ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги тан олинган ҳолларда шахсларни хизматга тиклаш учун суднинг хизматга тиклаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори асос бўлади демоқда. Суднинг кучга кирган қарорини муҳокама қилиш учун ички ишлар органига асло изн бераётгани йўқ. Фақат мазкур банднинг иккинчи қисмида ходим ишга қандай асосларга кўра тикланиши кераклиги айтилмоқда холос. Демак, вилоят ИИБ ижро ҳужжатини бажариш учун суд қарорини Ички ишлар вазирлигига тақдим қилиши, вазирлик эса белгиланган тартибда уни расмийлаштириши керак эди. Афсуски, вилоят ИИБ аввалбошдан суд қарори ижросини таъминлашдан ўзбошимчалик билан бош тортиб (шундай дейишга ҳаққимиз бор, чунки юқорида кўрганимиз меъёрга кўра бошқарма бундай ваколатга эга эмас), куракда турмайдиган баҳоналарни рўкач қилиб келди. Бу “ўйин” иш бермагачгина қонунни рўкач қилиб, ўз ҳаракатсизликлари сабабини “юқори”га ҳавола қила бошладилар...
Вазирнинг оғзаки топшириғи борми?
Масала вазирликка дахлдор эканини билгач, майли-да, кеч бўлса ҳам масала ҳал бўладиган манзил топилибди-ку дерсиз... Ҳа, биз ҳам аввалига шундай хаёлга борган эдик. Аммо У.Жўраев Республика Ички ишлар вазирлигига ариза билан бир неча марта борганига, ҳатто вазирнинг шахсий қабулида ҳам бўлганига қарамасдан, ҳалигача “кўриб чиқамиз”дан бошқа гап йўқ. Аксинча, у бундай ходимларни суднинг қарори бўлишидан қатъий назар ишга тикламаслик ҳақида ички ишлар вазирининг оғзаки топшириғи борлиги ҳақида гап топиб келди... Ишонгинг келмайди, киши... Бироқ, ҳатто Қашқадарё вилояти прокуратурасининг 2019 йил 10 июнда Республика ИИВнинг ходимлар масаласи бўйича ўринбосарига суд қарорлари билан ишга тикланиши лозим бўлган У.Жўраев ва бошқаларни (жами 7 нафар собиқ ходим) ишга тиклашни сўраб ёзган мурожаати ҳам жўяли натижа бермагач, “юқори”да ростдан ҳам нимадир бормикин дея шубҳалана бошлайсан...
Вазирлик суд қарорларини нотўғри деб ҳисоблайди...
Гап прокуратуранинг мурожаати ҳақида кетар экан, шу ўринда ҳикоямизга яна бир жабрдийдани ҳам қўшиб олишимизга тўғри келади. Зеро, мурожаатда кўрсатилган еттита ходим ичида мен билан ҳуқуқий ёрдам учун шартнома тузган яна бир собиқ ходим, Шаҳрисабз туман ИИБ жиноят-қидирув тезкор вакили лейтенант Улуғбек Эргашев ҳам бор эди. Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2019 йил 26 мартдаги ҳал қилув қарорида У.Эргашевнинг дарҳол ишга тикланиши кўрсатилган бўлса-да, суднинг “дарҳол” деган амри фақат қоғозда қолиб кетмоқда ва, мана, 6 ой бўлаяптики, У.Эргашев ҳамон ишсиз.
Хуллас, вилоят прокуратурасининг жорий йил 10 июндаги хатига жавобан Республика ИИВ Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари шу йилнинг 30 июлида жавоб йўллаган. Мазкур жавобнинг юқорида саналган қаҳрамонларимизга дахлдор қисмига эътиборингизни қаратадиган бўлсам, вазирлик У.Жўраев ва У.Эргашевларни ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарорларини нотўғри деб ҳисоблашини (?) билдирган. Шунинг учун У.Жўраевнинг иши бўйича Республика Олий судига назорат тартибида шикоят, У.Эргашевнинг иши бўйича эса фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига кассация шикояти берилганлигини маълум қилган. Гўё ИИВнинг “суд қарорларини нотўғри деб ҳисоблаши” ёки Олий судга ёзилган шикоят суднинг қарори ижросини тўхтатиб туришга қонуний асос бўладигандек... Наҳотки Ички ишлар вазирлиги ўзининг “ҳисоблаши” ва хоҳиш-истагини учинчи ҳокимият бўлган суднинг Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарган ҳал қилув қароридан устун деб билса?.. Мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот учун масъул идораларнинг пойтахтдаги маъмуриятида қонунга ҳурмат шу бўлса, қуйидагилардан нимани кутиш мумкин?.. Умуман, нуфузли идоралардаги шундай қараш ва муносабат билан ҳуқуқий-демократик жамият қуришимиз, мамлакат иқтисоди учун хориждан йирик сармояларни жалб қила олишимиз мумкинми?..
Шу ўринда маълумот учун айтадиган бўлсак, У.Эргашевнинг иши бўйича берилган кассация шикоятини ҳам вилоят суди рад қилди ва ходимни ишга тиклашни талаб қилди. Аммо вилоят ИИБ бу фуқаронинг масаласи бўйича ҳам “биз нима қилайлик, пойтахтдаги катталаримиз нима деса шу-да” дейишдан нарига ўтмаяпти.
“Пастга юмалатиш” ўйини
Шу ўринда пойтахтдан келган яна бир “жавоб” ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўтиш ўринли деб ўйлайман. Зеро, У.Жўраевнинг уни ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарори ижро этилмаётганидан норози бўлиб Республика Бош прокуратурасига ёзган нечанчидир аризасига (устма-уст ариза беравериб, ҳисобдан ҳам адашдик) Бошқарма бошлиғи ўринбосари, адлия маслаҳатчиси А.Сайдалиев 2019 йил 10 июлда ёзган жавобда масала “ҳал қилиш учун Мажбурий ижро бюросига юборилгани” кўрсатилган. Демак, пойтахтдаги бу бошқарма ҳам ушбу суд қарори нега шунча вақтдан бери ижро қилинмаяпти дея ҳужжатларни чақириб олиб, ўзлари қатъий бир чора кўришни истамаган кўринади. Аксинча, келган шикоятни орқасига тепиб, яна пастга юмалатган, холос. Масалага масъулият қай даражада бўлганини эса ҳатто у ижро учун қайси Мажбурий ижро бюросига юборилгани кўрсатилмаганидан ҳам тушуниб олаверасиз (Керак бўлса ўзлари қидириб топиб олади дегандир-да)...
Прокуратура энди ички ишлар томонда!
Ҳа, аслида Республика прокуратураси масалани “пастга юмалатса” ҳам суд қарори ижроси тарафдори бўлиб турса яхши эди бир тарафдан. Аммо... 30 сентябрь куни Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғининг У.Жўраев иши бўйича назорат тартибида ёзган шикоятини видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқар экан, суд мажлисида Республика прокуратураси вакили, яъни прокурор ички ишлар бошқармаси шикоятини қаноатлантиришни сўради. Ваҳоланки, прокуратура органлари икки йилдан ошиқ вақтдан буён У.Жўраевни ишга тиклаш ҳақидаги суд қарори ижросини таъминлашни ИИБдан талаб қилиб келаётган эди...
Шаҳар ва вилоят маъмурий судлари “адашган”дими?..
Ҳарҳолда Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ажрими шунга далолат қилмоқда. Зеро, Пойтахтдаги суд “бу ишни маъмурий суд эмас, фуқаролик суди кўриб чиқиши керак эди” деган важ билан Қашқадарё вилоят ИИБнинг (судда улардан вакил қатнашмади, бу беписандликми, натижани аввалдан билишданми, ёки бошқа узрли сабаби борми, буниси бизга қоронғу) шикоятини қаноатлантирди. Асосларни сўраганимизда эса “ажримнинг тўлиқ матнини юборамиз, ўқиб оласизлар” дея гапни қисқа қилишди.
Албатта юқори суд инстанциясининг бундай қарори У.Жўраевнинг ишга тикланиш ҳуқуқини рад этмайди. Шунчаки, бу ҳуқуқнинг тикланмаётгани устидан қилинган шикоят маъмурий судда эмас, фуқаролик судида кўриб чиқилиши керак деган хулоса берилмоқда. Энг ёмони, яна пойтахтдаги тартиб-қоидалар пастдагиларга тўғри келмаяпти. Ваҳоланки, юқорида кўриб чиққанимиздек, Қарши шаҳар ва вилоят маъмурий судлари бу ишни ўзларига доир деб топган ва кўриб чиққан, шунга ишонган фуқаро эса салкам бир йилдан, аниқроғи, 2018 йилнинг 4 декабридан буён уларнинг қарорларини кўтариб идоралар эшикларида сарсон юрган эди... Энди эса фуқаролик суди орқали ҳаммасини қайтадан бошлашига тўғри келади...
Хуллас... Ҳа, майли, қолган гаплар кейинги мақолага захира бўлиб турақолсин...
1. Хатдан олинган иқтибос матнини айнан келтирдик.
Сафар КАТТАБОЕВ,
Қарши шаҳридаги “Protsessual kafolat” адвокатлик бюроси адвокати
6 изоҳлар
1.фарух
ишка тикланмокчиман
2.Эргашев Улуғбек
Аввало “Адвокат” журналига рахмат бизга ухшаганларга хам эътибор бергани учун. Мен 5 ойдан ошиқ тухмат билан қамоқда ўтирдим, кейин оқландим. Энди ишга тиклашмайди, менга маърифат дарсида конспект юритмаган экансан деб бахона қилишди. Мени қамоқга олган терговчи устимдан ҳукм чиқарган судья хеч нарса бўлмагандай аввалги ишларида ишлаб юришибди. Лекин мен қонуний оқланган бўлсамда ишга тиклашмаяпти лекин айримларни ишга тиклашаяпти ёки тил топа олмаяпманми? Қонуннинг кучи бизга ухшаган камбағалларга етар экан, мансабдор, пойтахтдаги тоғаларга заррача таъсири йўқ экан.Бошқа ишга ишлай десам Ички ишлар вазирлиги Академиясини тугатганман.Кутишдан бошқа иложим йўқ,эхтимол ИИВга инсоф бериб қолар.
3.Убайдулло Жураев
Мен ушбу мақола “қаҳрамони” Жўраев Убайдулломан. Аввало “Адвокат” журналига рахмат қўрқмасдан мақолани бергани учун, чунки бошқа газета ва журналлар хали ишлаш ниятимиз бор деб босишмади. Икки йилдан бери бормаган жойим ёзмаган аризам қолмади. Чарчаб кетдим. Яна оворагарчиликлар бошидан бошланади шекилли. Ўзбекистонда кўп гапириладиган қонун устиворлиги қачонлардир бўлармикин ёки бизга ухшаган камбағаллар устидан кулиш давом этаверадими? Шахсан мен ишончимни йўқотдим. Тошкентдаги катталар ўзаро келишиб ўйин қилишаверар экан-да. Ахир милиция Академиясини битирган бўлсам милицияда то капитан унвонигача ишласам-да бирданига сохта паспорт олганликда айбланиб судлансам. Бизда ҳали хохлаган одамга хохлаган айбни қўйдира оладиган идоралар бор экан, уларга кўрсаткич бўлса бўлди экан. Уларга хеч ким чора хам кўрмайди, одамларнинг тақдирини пойтахтдагилар билан келишиб бемалол синдиришаверади. Зора ушбу мақоланинг ёрдами тегса.
4.Юлдашев Ёкубжон "Himoya ostida"АБ адвокати
Менинг фикрим:-"суд ва бошка органларни хужжатларни ижросини назорати судларга бериш ва ижро интизоми юзасидан хукукий таьсир чораларини судга утказиш керак.Ижросини эмас балки ижронинг назоратини ва бажармаганлиги учун иш кузгатиш механизмини йулга куйиш керак.Иш кузгатишни бузилган холатга караб интизомий,маьмурий,жиноий иш кузгатиш керак буларга янгилик кириш шарт эмас кодексларда нормалар мавжуд.
5.Адвокат Усмонхон Салохиддинов
Ҳамкасбим Ёқубжон Йўлдошев, Сиз ҳақсиз, фикрингизга 100% қўшиламан суд обрўсини кўтариш ва қонун устиворлигини таъминлаш ечими, калити айнан шу муаммо.
6.Юлдашев Ёкубжон "Himoya ostida"АБ адвокати
Холат шундай давом этишига хукукни устиворлиги йуклигидан. 1-чидан Ижро органлари Конунга тенг булган ва хамма учун бажариш мажбур булган судларнинг карорларини умуман тан олишмайди бунга сабаб,бажармаган учун жавобгарликка тортиш механизми умуман ишламайди еки умуман амалда ишламаган ва у хам бир ижро этиш орган кулида.Узлари ижро этади ва узлари шу ижро этмаганлик учун назорат олиб боришади.Занжир боши хам охири хам узларида.Узларини хукукдан устун куйиш давом этаркан бизда одил судлов уз мавкейини тиклай олмайди.Хукукий давлатларда мен судга бераман десанг конун олдида куркиш хисси юзида ва узида пайдо булади.Мазкур холатда эса хеч ким хиссиёларга берилмаган хам.
Изоҳ қолдириш