Адвокатура муаммолари ва соҳадаги янгиликлар юзасидан фикр алмашув



 
  Расм манбаси : 

Ислоҳотлар даврида жойларда адвокатлар билан мунтазам мулоқотлар ташкил қилиб, улар билан соҳадаги аҳвол, ўзгаришлар, суд-ҳуқуқ идоралари фаолияти билан боғлиқ ҳал этилган ва янги пайдо бўлаётган муаммолар, қолаверса, жорий этилаётган янги қонун-қоидалар ҳақида фикрлашиш жуда муҳим. Зеро, бу ислоҳотларнинг самарасини баҳолаш баробарида соҳа ривожи учун зарур кейинги қадамларни белгилаб олиш имконини беради.

Жорий йилнинг 28 январь куни Республика Адвокатлар палатасининг Услубий маслаҳат кенгаши раиси, “Аdvokat” журнали таҳрир ҳайъати раҳбари, адвокат, ю.ф.д Баҳром Саломов ҳамда “Аdvokat” журнали бош муҳаррири Ойбек Мўминов Жиззах шаҳрида бўлиб, вилоят адвокатлари билан учрашув ўтказишди.

Учрашувни Палатанинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Умурзоқов очиб, адвокат Баҳром Саломовга сўз берди.

Баҳром Саломов мамлакатимиз адвокатурасининг ўтмиши ва бугуни, ўзгаришлар, хусусан, сўнгги 4-5 йилдан бери олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида ўз фикрларини билдирди, соҳани ривожлантириш учун қабул қилинган қонун ҳужжатларини санаб ўтиб, уларнинг долзарблигини қайд этаркан, ислоҳотлар тўғри йўналишда давом этаётганини урғулади. Айни чоғда у Ўзбекистонда адвокатура институтини чинакам ҳуқуқий-демократик давлатга хос даражага етказишга тўсиқ бўлаётган омиллар, адвокатлар корпорациясининг ўз муаммолари, соҳанинг давлат ва жамият билан муносабатларига алоҳида тўхталиб, муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари юзасидан ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

– Адвокатура қонун бўйича мустақил, ўзини ўзи бошқарувчи соҳа. Адвокатнинг жамиятдаги ўрни, қадр-қиммати ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ролига доир қатор муаммолар ечими аввало ўзимизга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Агар ҳар биримиз фаол бўлсак, ўз устимизда ишлашни бир дақиқа ҳам тўхтатмасак ва касбий маҳоратимизни ошириб борсак, касб вазифаларимизни виждонан бажарсак, корпоратив бирлигимизни мустаҳкамласак, ўйлайманки, кўплаб муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади, – деди, жумладан, маърузачи.

Баҳром Саломов ўз нутқида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон фармонининг мазмун-моҳияти, хусусан, Прокурорлар корпусини ташкил қилишдан кўзланган мақсад ва кутилаётган натижалар ҳақида сўзлаб берди.

“Аdvokat” журнали бош муҳаррири Ойбек Мўминов эса таҳририятнинг журнални том маънода соҳа минбарига айлантириш режасидан гап очиб, адвокатларни фаол ҳамкорликка чорлади.

– Бугунги кунда сўз эркинлиги шарофати билан, “тегиб бўлмас” мавзу қолмаган ҳисоб. Шундан фойдаланиб, биз журналимизни соҳадаги ҳақиқий ҳолатни акс эттирувчи кўзгу бўла оладиган нашр даражасига кўтаришни мақсад қилганмиз. Аммо бунинг учун сиз – адвокатларнинг кўмагингизга муҳтожмиз. Зеро, адвокатура институти олдидаги муаммоларни сизлардан яхшироқ ҳеч ким билмайди. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, қонунчилик ва амалиёт билан боғлиқ ва, умуман, адвокатлар учун долзарб бўлган ҳар қандай масалаларни ёритишга тайёрмиз, – деди О.Мўминов.

Шундан сўнг адвокатлар учрашувда тилга олинган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилишди, шунингдек соҳани ривожлантириш ва қонунчиликни такомиллаштиришга доир ўз таклифлари, мулоҳазаларини билдиришди.

Учрашув якунида Жиззах вилояти адлия бошқармаси масъул ходими “Yuridik yordam” ахборот тизимидан тўғри фойдаланиш бўйича адвокатларга тушунтиришлар берди.

Ўз мухбиримиз.

2023-02-07 07:07:45  |  977 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация