РАҚАМЛАР ҚУЙИ СУДНИНГ ЛАЁҚАТСИЗЛИГИНИ КЎРСАТМОҚДА!..
Сайтимиздан Олий суднинг 2020 йил давомидаги жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти ҳақида ахборотни ўқир эканман, бир рақам менинг эътиборимни тортди: Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан бир йил давомида назорат тартибида кўрилган ишларда 969 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 385 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилибди. Зеро, бу рақамлар бир томондан судлов ҳайъатининг иш кўлами самарадорлигини англатса-да, иккинчи томондан қуйи суд тизимининг етарли лаёқатга эга эмаслигини тасдиқлайди. Ваҳоланки, агар қуйи судларда холислик, беғаразлик, қонунийлик ва адолат (одиллик) барқарор бўлмас экан, бундан фақат оғир ва ачинарли аҳволнигина кутиш мумкин...
Тўғри, тан олишимиз керак, умуман олганда суд тизимида олдинга силжиш бор, кечагидан бугун дурустроқ деса ҳам бўлаверади. Лекин мамлакатимизнинг шиддат билан ўсаётган ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш учун бу етарли эмас. Айниқса сиёсий ўзгаришлар жадаллашиб бораётган ва дунё ҳамжамиятининг Ўзбекистонга эътибори ортиб бораётган бир даврда адолат ва қонунийликни жиддий шакллантириш лозим.
Айни пайтдаги суд тизимидаги ўзгаришлар жараёнида мени суюнтираётган нарса юқори малакали ва ўз виждонини асраётган, ўз фикрига эга судьялар сафи жамланаётганидир. Аммо, ачинарлиси, бу судьялар аксарият ҳолда уюшган жиноятчилик ва таниш-билишчилик таъсирига тушган, эски дунёқарашдаги, “юқори”га тобеъ раҳбарлар қўлида қолиб кетмоқдалар. Яна бир салбий анъана — бу судлар ва судьяларнинг прокуратурадан, амалдорлардан холи бўла олмаётганидир!
Шу маънода яқинда Республика Олий суди раисининг ўринбосари лавозимига Икром Тўхтамуратович Муслимовнинг тайинланганидан жуда хурсанд бўлдим. Чунки Икромжон тажрибали ва билимли ҳуқуқшунос. Кўп йиллик тажрибаси асосида Олий суднинг собиқ таркибидаги унсурларни, қусур ва камчиликларни жуда яхши билади. Қолаверса, жиноят ишларини кўришдаги кейинги пайтда кўзга ташланаётган ижобий силжишлар ҳам И.Муслимов фаолияти билан боғлиқ бўлса ажабмас.
Бир вақтлар тажрибали судя Раҳимжон ака Обидовга: “Фарзандларимиз, набираларимиз ва келажак авлодимизга ҳақиқий суд ҳокимияти қарор топган ҳуқуқий давлат қолдиришни ўйлашимиз керак энди”, — деганимда у киши мени тўлиқ маъқуллаб: “Инсон дунёга бир марта келиб, қайси соҳада бўлмасин ўқимишли бўлиб, етук даражага эришганида ўзига “Ватан ва унинг мустақиллиги, фаровонлиги учун нима қилдим?” деган саволни бериб кўриши ва бунга қониқарли жавоб топа олиши керак, Сиз ҳақсиз”, — деган эдилар.
Мен бир умр шу ҳуқуқ соҳасига хизмат қилиб келаётган бир мутахассис сифатида келажакда қуйи судларнинг қарорларига шикоят бериш учун эҳтиёж қолмаслигини жуда умид қиламан! Бу орзуларимиз қачон ва қай даражада амалга ошишини эса вақт кўрсатади. Лекин, биринчи навбатда, суддан ҳам аввал судьянинг мутлақ мустақиллигига эришишимиз керак. Суд ҳокимиятининг мазмун-моҳияти ҳам шунда аслида!
Яна бир гап, мен суд тизимида ижобий ўзгаришларнинг секинлиги ва судьяларнинг ҳамон прокурор билан “ўртоқ” бўлиб қолаётганидан келиб чиқиб, балки суд ва прокуратура тизимида люстрация ўтказиш вақти келганмикин деган тўхтамга ҳам бориб турган эдим ўзи.
Шундай бўлса-да, суд тизимида И.Муслимов ва унга ўхшаш судьялар борлиги ҳали суднинг келажагига бутунлай ноумид бўлмасликка ҳам ундайди.
Нима бўлганда ҳам вақт — олий ҳакам!
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш