АДВОКАТ СЎРОҚ ҚИЛИНИШИ МУМКИН ЭМАС! Аммо амалиётда шундай ҳолат сақланиб қолмоқда ва қонунлардаги номутаносиблик бунга изн бераяпти...



 
  Расм манбаси : dslawyer.com.ua

Ўзбекистонда тергов органлари томонидан жиноят ишлари доирасида адвокатларни ўз вазифаларини бажаришлари натижасида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилиб, терговга жалб қилиниши ҳолатлари учраб турибди ва, ўз навбатида, уларнинг бундай кўрсатувлари далил деб инобатга олинмоқда. Бу эса, табиийки, малакали ва профессионал юридик ёрдам кўрсатилишига ўзининг салбий таъсирини ўтказувчи омиллардан биридир!

Ўзбекистон Республикаси “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси 2-қисмига мувофиқ, адвокатдан ва унинг ёрдамчисидан ва стажёридан адвокатлик сири предмети ҳисобланган ҳолатлар тўғрисида бирон-бир тушунтириш ёки кўрсатувлар беришни талаб қилиш, шунингдек улар ҳақида тезкор-қидирув фаолиятида, жиноят ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ва бошқа ишларни юритишда фойдаланиш учун бирон-бир материал тақдим этишни талаб қилиш ман этилади.

Бироқ, ушбу қоида амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 115-моддасида тўлиқ акс этмаган. Яъни, мазкур моддада “жиноят иши юзасидан ўз вазифаларини бажаришлари натижасида ўзларига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида — ҳимоячини, шунингдек жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакилини” гувоҳ ва жабрланувчи тариқасида сўроқ қилиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Яъни бу меъёр адвокатнинг:

Биринчидан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячиси сифатида қатнашган жиноят иши бўйича ўз вазифаларини бажариши натижасида ўзига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги;

Иккинчидан, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили сифатида адвокат қатнашган жиноят иши бўйича ўз вазифаларини бажариши натижасида ўзига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслигини билдиради.

Бироқ, амалда адвокат яна бошқа бир қатор ҳолатларда ҳам ўз вазифаларини бажариши натижасида (жараёнида) маълумотларга эга бўладики, жаҳон амалиётига ва оддий мантиққа кўра адвокат бу ҳолатлар тўғрисида ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас.

Яъни бу:

- гувоҳнинг адвокати сифатида жиноят иши бўйича ўз вазифаларини бажариши натижасида;

- иқтисодий, фуқаролик, маъмурий ишлар юзасидан ўз вазифаларини бажариши натижасида;

-юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида юридик маслаҳат бериши жараёнида;

-ҳар қандай юридик ёрдам кўрсатиши натижасида маълум бўлган ҳолатлардир.

Қолаверса, юридик ёрдам кўрсатилиши муносабат билан ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида нафақат адвокат, балки адвокат ёрдамчиси, адвокат стажёри ёки адвокатлик тузилмасининг бошқа ходимлари ҳам сўроқ қилиниши мумкин эмас.

Умуман, юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахс билан мулоқот давомида муайян ишнинг айрим ҳолатлари адвокатга, адвокат стажёри, адвокат ёрдамчиси ёки адвокатлик тузилмасининг бошқа ходимига маълум бўлиб қолиши табиий. Шу боис ҳам бу ҳолда, юридик ёрдам кўрсатиш бўйича шартнома тузилган-тузилмаганлигидан қатъий назар, уларни гувоҳ сифатида сўроқ қилишга эришиш адвокатнинг дахлсизлиги, фаолиятига аралашиш бўлади ва, ўз-ўзидан, адвокатлик фаолиятининг мустақиллиги принципини бузади. Демаки, уларнинг гувоҳлик кўрсатувлари ҳам мақбул далил бўла олмайди.

Хориж тажрибасини кузатганимизда ҳам бу қоидани кўришимиз мумкин. Хусусан, Германия, Россия Федерацияси, Грузия, Қозоғистон, Белоруссия, Қирғизистон каби давлатларнинг жиноят процессуал қонунчилигида адвокатнинг юридик ёрдам кўрсатиш натижасида маълум бўлган ҳолатлар юзасидан сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги акс этган.

Масалан, Грузия Жиноят-процессуал кодексининг 50-моддасига кўра адвокатни иш бўйича мажбуриятларини бажариши муносабати билан маълум бўлган ҳолатлар ҳақида ҳамда юридик ёрдам кўрсатиши муносабат билан унга маълум бўлган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас. Шунингдек, ҳимояни олгунга қадар шахсга юридик ёрдам кўрсатган адвокат ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилинмайди.

Бундан ташқари, Белоруссия Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 60-моддасига мувофиқ, адвокат, унинг стажёри, ёрдамчиси, адвокатлик тузилмасининг бошқа ходимлари  – юридик ёрдам кўрсатиш муносабати билан уларга маълум бўлиб қолган қандайдир маълумотларни олиш учун гувоҳ сифатида сўроқ қилинмайди. Шунингдек, ишга алоқадор маълумотларга эга бўлган адвокат, гувоҳнинг адвокати, ҳимоячи, вакил (адвокат)ни гувоҳ сифатида сўроқ қилиш мумкин эмас.

Шулардан ҳам кўринадики, адвокат, адвокат ёрдамчиси, адвокат стажёри ва адвокатлик тузилмасининг бошқа ходимлари юридик ёрдам сўраб келган шахслар билан ўрнатилган мулоқотларда ҳамда юридик ёрдам кўрсатишлари билан боғлиқ ҳолатларда ўзларига маълум бўлган ҳолатлар ҳақида гувоҳлик кўрсатувлари олиниши мумкин эмаслиги қонунан қатъий чеклаб қўйилиши бизда ҳам аллақачон замон талабига айланиб улгурган. Шундагина адвокат фаолиятига асоссиз аралашув амалиётига чек қўйилиши мумкин.

Абдумалик АБДУЛЛАЕВ, адвокат

Дилкашбек ҲАЙДАРОВ, адвокат

2020-04-25 19:26:19  |  3849 |   0  | 

3 изоҳлар

Феврал 19, 2021  11:35

1.Сарвар

Ўша сўроқ қилаётганлар ҳам ўз ўрнида давлат фойдаси қолаверса ўзининг ьўғридан тўғри вазифаси бўлмиш жиноятларни олдини олиш ва уларни иссиқ изидан очиш учун ҳаракат қилмоқдалар. авваламбор ҳаммамиз тинч ва осуда юртда яшашни истаймиз шундай экан тинчлигимизни ва осойишталигимизни таьминлаб бераётганларга ҳалақит бермайлик, зеро уларнинг мақсадлари юртни ҳимоя қилиш айримларга ўхшаб содир қилган жиноятини енгиллаштиришни ўйлаб унинг чўнтагига назар солиш эмас. инсонийлик нуқтаи назари билан кенгроқ фикр қилайлик дўстлар. зеро ҳодим адвокатга бераётган саволининг тагида инсон, жамият ва давлат манфаатлари ётибди. ўзининг заррача манфаати йўқ. эьтибор бериб, мени тўғри тушуниб изоҳимни ўқиганингиз учун ташаккур!

Апрел 27, 2020  16:39

2.Бахтиёржон Муродов

Жуда ҳам асосли ва ўз навбатида долзарб аҳамиятга эга бўлган масала кўтарилган! Муаллиф барака топсин!

Бу айниқса махфийлаштирилган жиноят ишларида анча авж олди.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация