Қийноқларга доир шикоятлар кескин ошиб кетган...



 
  Расм манбаси : inform.kz

Омбудсманга 2018 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётганларга ва маҳкумларга нисбатан ноқонуний таъсир чораларини қўллашлари билан боғлиқ 101 та шикоят келиб тушган ва бу кўрсаткич 2​017 йилги ҳолатдан 4,2 баравар кўпдир (420%).

Бу маълумотларни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлисидаги ҳисоботида қайд этган. Kun.uz унинг ҳисоботидан айрим иқтибосларни келтирган бўлиб, шундан маълум бўлишича, шикоятларнинг 78 тасида таъсир кўрсатиш шакллари ва усуллари, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатларни қўллаган аниқ шахслар кўрсатилган. Бир-бирига боғлиқ бўлмаган турли шахслар томонидан келиб тушган бундай шикоятларнинг энг катта қисми, яъни 29 фоизида Тошкент вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан ана шундай таъсир кўрсатилгани маълум қилинган. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 21 фоизни, Қашқадарё вилоятида 12 фоизни, Жиззах вилоятида 8 фоизни ва Самарқанд вилоятида 6 фоизни ташкил этган. Жазони ижро этиш муассасалари маъмуриятларининг бу борадаги ҳиссаси эса 12 фоизга тўғри келган.

Ваҳоланки, «Ички ишлар органлари тўғрисида»​ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг «Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципи»​ деб номланган 8-моддасига мувофиқ «қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт»​.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг «Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш»​ деб номланган 17-моддасига ва «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш»​ деб номланган 18-моддасига мувофиқ «... терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шарт. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас»​.

Шунга қарамасдан қийноқлар давом этаётган экан, демак унга қарши курашишнинг таъсирчанроқ чораларини кўриш лозим эди. Сенат томонидан маъқулланган янги қонун билан Омбудсманга берилаётган янги ҳуқуқлар яқин келажакда ўзининг ижобий натижасини беришига умид қиламиз. Айни пайтда эса бу борада адвокатларнинг ҳам мазкур имкониятдан самарали фойдаланишлари муҳим аҳамиятга эга. Ёки сиз бошқачароқ фикрдамисиз? Унда бу ҳақда бизга ёзинг...

2019-03-03 21:22:27  |  2558 |   0  | 

1 изоҳлар

Март 04, 2019  12:16

1.Наргиза Азизова

Жуда тугри фикрингиз. Бугунги кунда ушланган шахсларни кийнокка солиш холатлари купайса купйяптики камайгани йук. Шахсан мен иштирок этаетган ишда ИИБ кидирув булим ходимлари ва тергов булим ходимлари ушланган 5нафар йигитларни содир этмаган жиноятни буйнига олишни мажбурлаб, уларни кийнаб рухий тасир остида буйнига куйишган. Судда судья жаноблари йигитларнинг важини эшитишни хам хохламасдан санкция берган. Судья нима сабабдан санкция бераётган вактда айбдорми йукми каби холатларга аниклик киритмайди? ? Адвокатнинг илтимосномасини хам бир тийинга олмайди. Ушбу холатларга тезрок чек куйилса албатта максадга мувофик буларди



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация