Маҳкумларни қийноқларга солишнинг олдини олиш: Омбудсман қандай функцияларга эга бўлди?



 
  Расм манбаси : mulkdor.com

Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм жорий этилмоқда

“Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Сенатда маъқуллангани тўғрисида хабар берган эдик.

Мазкур қонун билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонунга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят-ижроия кодексларга тегишли ўзгартиришлар кирити​лади.

Янги нормалар билан Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм жорий этилмоқда, яъни қийноқларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш белгиланган. Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноқларга солишнинг олдини олиш чораларини кўради.

Вакил ушбу йўналишда қатор функцияларни амалга ошириши, жумладан:

қамоқдаги шахсларнинг сони ҳақида ахборот олиши;

улар билан муомалада бўлиш шароитларини ўрганиши;

суҳбатлар ўтказиши;

ҳужжатлар билан танишиши;

зарур ҳолларда қамоқдаги шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш талаби билан чиқиши;

масъуллардан қамоқдаги шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар олиши;

аниқланган ғайриқонуний ҳаракатларга чек қўйиш юзасидан тезкор чоралар кўриши;

қийноқларга солишнинг олдини олишга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиши мумкин.

Таъкидланишича, ушбу нормага кўра, омбудсман нафақат қамоқда сақлаш жойларида, балки шахслар турган ва ўз ихтиёри бўйича чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда, масалан психиатрия, наркология ва шу каби бошқа муассасаларда ҳам қийноқларга солишнинг олдини олиш чораларини кўради.

Қонунда мазкур вазифаларни амалга оширишнинг ташкилий жиҳатлари ҳам аниқ ёритилган бўлиб, унга мувофиқ Вакил томонидан эксперт гуруҳи тузилади.

Эксперт гуруҳи нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқшунослик, тиббиёт, психология, педагогика ва бошқа йўналишларда профессионал билим ва тажрибага эга вакиллари орасидан тузилади.

Шунингдек, қонунда нафақат Вакилнинг ўзи, балки унинг махсус йўлланмаси билан эксперт гуруҳи аъзолари ва омбудсман Котибияти вакиллари ҳам қамоқда сақлаш жойларига монеликсиз кириш ҳуқуқи назарда тутилган.

2019-03-01 18:53:52  |  2132 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация