Тараққиёт қонунга ҳурматдан бошланади



 
  Расм манбаси : Colourbox

Ҳуқуқий саводхонлик... ҳуқуқий онг... ҳуқуқий маданият... қонун устувор жамият... Нега бу тушунчалар яна кун тартибига чиқди? Ундан ҳам аввалроқ аниқлаб олишимиз лозим бўлгани: бу тушунчалар нимани англатади?

Чуқур назарий изоҳларни чеккага суриб, оддий мисол орқали тушунтиришга уриниб кўраман.

Сиз маълум бир манзилга бормоқчисиз, аммо қандай боришни билмайсиз. Биладиганлардан сўрайсиз, маълумот берадилар. Бу шунчаки маълумот олиш босқичи, аммо ҳали билим эмас – ҳуқуқий маълумот.

Маълумотингиз билимга айланиши учун сиз ўша маълумот асосида манзилни топиб боришингиз керак. Бир марта борсангиз, кейин эсдан чиқармайсиз ва доим топиб кела оласиз – ҳуқуқий билим, саводхонлик.

Сўнг сиз манзилга боришнинг қулайроқ усулларини излай бошлайсиз, харитани оласиз, таҳлил қиласиз, йўналишларни ўрганасиз. Мана бу йўлдан юриш мумкин эмас, тақиқланган, буниси очиқ экан, шу йўлдан борсам, яқинроғ-у, аммо йўл ҳаракати қоидаларини бузар эканман дейсиз. Бузсангиз, қандай жавобгарликка дучор бўлишингизни ҳам биласиз ва жавобгарликни ҳис қилиб, қинғир йўлни танламайсиз. Яъни сиз билимдан онгли равишда фойдалана бошлайсиз – бу ҳуқуқий онг.

Фақат жавобгарликдан қўрқиб эмас, тақиқланган йўлдан юриш ёмонлигини тушуниб ўша йўлдан юрмаслигингиз, қоидалар сизнинг ва омманинг фойдасига ишлашини англаб, уларни ҳурмат қилишингиз, қонунларни ҳурмат қилганингиз туфайли уларни бузмаслигингиз – ҳуқуқий маданиятдир.

Ҳуқуқий маданият бўлмаса, биз фақат қонунларни ўргатиш ёки жавобгарлик билан қўрқитиш орқали ҳуқуқий нигилизмга барҳам бера олмаймиз, қонун устуворлигига эриша олмаймиз, демак, тараққий эта олмаймиз.

Шу сабабли ҳам юксак ҳуқуқий маданият миллий ғоя даражасига кўтариляпти.

Куни кеча қабул қилинган президент фармонининг мазмуни, мақсади ва аҳамияти ана шунда аслида.

Биз собиқ бош прокурорлари қонунни бузгани учун судланаётган, хавфсизлик генераллари золимлиги учун 16 йилга қамалган, ички ишлар ходимлари аёлларни ечинтирган жамиятда яшаяпмиз.

Ҳайдовчилари йўл қоидаларига фақат камерадан қўрқиб риоя қиладиган, фуқаролари пул бермасанг ҳеч қаерда ишинг битмайди деб ишонадиган (афсуски, асоссиз эмас), қонунлар турганда қасам билан ҳалол ишлаш мумкин деб ўйлайдиган жамиятга айландик. Аслида қасамни бузмаслик учун ҳам ҳуқуқий онг ва маданият бўлиши керак.

Биз ўз ҳуқуқий маданиятимиз даражасини танқидий баҳолаб, муаммоларимиз сабаби аслида шу ерда эканини англашимиз керак.

Президент фармонига 88 бандлик йўл харитаси илова қилинган: барча соҳаларда ҳуқуқий маданиятни яхшилаш устида сўз боради. Чунки баландпарвоз шиорлар-у нутқлар эмас, реал муаммолар устида қилинган реал ишлар билан вазиятни ўзгартириш мумкин.

“Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш дастури” бор эди, энди янги чора-тадбирларга не ҳожат дейишингиз мумкин. Ҳа, бор эди. Аммо 1997 йилда қабул қилинган дастур маънан эскиргани ҳам майли, аниқ вазифалар қўйилмагани, амалга ошириш механизмлари белгиланмагани билан оддий атрибутга айланиб қолган эди.

Оддий мисол: ҳуқуқ дарсларига боқинг. Мактабларда икки курс ҳуқуқий дарслар ўтилади: “Давлат ва ҳуқуқ асослари” ҳамда “Конституциявий ҳуқуқ асослари”. Лицей-коллежларда эса “ҳуқуқшунослик” деган курс ҳам бор. Лекин қай биримиз паспортни вақтида олмасак, жарима тўлашимиз мумкинлигини мактабда ўрганганмиз? Ёки солиқ тўламаслик жиноят эканини ўқитувчилармиз айтишганми?

Бизга Конституция неча бобдан иборатлиги, парламент нималиги, у ерда нечта одам ўтиришини ўргатишарди. Конституция кунига шеър ёдлардик, қўшиқ айтардик. Бироқ конституцион ҳуқуқларимиз бузилса, қаерга мурожаат қилишни билмас эдик.

Яъни кундалик ҳаётимизга, турмушимизга, тақдиримизга дахл қилувчи ҳуқуқларимиздан амалда фойдаланишни ўргатишмади.

Эндиликда фармон билан мактабларда ҳуқуқ дарслари учун янги авлод дарсликларини яратиш ва ҳуқуқий таълим дастурини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйиляпти.

Қонунлар ишлаганда самара беради. Бошқа томондан эса уларга риоя этилса, риоя этилиши талаб қилинса, ишлайди. Бу билан ҳамма ҳуқуқшунос бўлсин, барча қонунларни ёд билиб талаб қилиб юрсин, дейилмаяпти.

Ҳамма, аввало, ўз соҳасидаги қонунларга риоя этсин, қонунни айланиб ўтиш деган нарсани умуман хаёлидан чиқариб ташласин дейиляпти. Бу – ички маданият, бу – инсон ривожланишнинг қайси босқичида турганини кўрсатувчи мезон.

Инсоният қотиллик жиноят эканини билганида, бир илдамлади. Бировнинг мулки ва ўз мулки деган фарқни англаганида, яна ўсди. Солиқ тўлаш нима учун кераклигини билиб, тараққиётни тезлаштирди ва ҳоказо.

Қонунлар, тартиблар охир-оқибат ўзи ва келажаги учун фойдали эканини англаган ҳар бир босқичда у маданий ривожланиш пиллапояларидан кўтарилаверди.

Амалдорми, оддий ходимми – ким бўлишидан қатъи назар, қонунга ҳурмат руҳига эга бўлмаса, у замонавий дунё кишиси эмас, ўрмон қоидалари билан яшовчи ибтидоий одамдир.

Қонуни устувор давлатгина ривожланади. Американи бирлаштирган – “Америка орзуси” ва демократия ғояси, Буюк Британияни жипслаштирган – анъаналар, Хитой халқини ягона миллат қилган – тарихий илдизлари, Сингапурни ривожлантирган – коррупцияга тоқатсизлик ғояси ва ҳоказо.

Ўзбекистон халқини “қонун устувор давлат қуриш” ғояси бирлаштира олмайдими?

Бирлаштиради, агар биз шуни истасак.

Шаҳноза Тўрахўжаева,

блогер

Kun.uz

Муаллифнинг бошқа мақолалари:

Ҳокимларга ҳуқуқ – тадбиркорга имконият: Президент фармонига шарҳ

2019-01-11 13:43:30  |  2710 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация