Кадрлар масаласи, “чўнтак адвокатлари” ва ҳоказо. Видеоселекторда адвокатура ҳақида нима гаплар бўлди?



 
  Расм манбаси : Президентнинг матбуот хизмати

Кеча, 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузурида ўтказилган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида суд-ҳуқуқ тизими, хусусан, унинг муҳим таркибий қисми бўлмиш адвокатура соҳасига доир муаммолар ҳам кўриб чиқилди.

Адвокатура муаммолари тилга олинар экан, аввало кадрлар танқислиги ва сифати масаласига эътибор қаратилган. Мамлакатимизда бугунги кунда 4 минг атрофида адвокат фаолият юритиши, яъни аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 8,5 минг кишига ўртача 1 та адвокат тўғри келиши, уларнинг ҳам 43 фоизи (1 минг 733 нафари) Тошкент шаҳрида иш олиб бориши, Самарқанд, Андижон, Термиз, Нукус, Миришкор, Зафаробод, Узун каби 20 та туманда бирорта ҳам адвокатлик фирмаси рўйхатдан ўтмагани таъкидланган.

Йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев муаммо ечими сифатида адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йил юридик стаж талаб этишни бекор қилиш, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш, шунингдек, юридик олий ўқув юртларида “адвокатлик фаолияти” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш лозимлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, Адвокатлар палатаси томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар пакетида (Президент қарори, Концепция ва йўл харитаси) номзодлардан 2 йиллик юридик стаж талабини бекор қилган ҳолда 3 ой адвокатлик тузилмасида стажировка ўтаж талабини сақлаб қолиш ва мазкур тартибни 2020 йил 1 сентябрдан жорий этиш таклиф қилинган эди.

Йиғилишда таъкидланишича, интеграция ва инвестиция жараёнлари ривожланаётган шароитда халқаро ҳуқуқни чуқур эгаллаган адвокатларга эҳтиёж кўпаймоқда.

Шу боис, билимли ёш адвокатларни танлов орқали етакчи хорижий юридик компанияларда стажировка ўташини ташкил этиш учун давлат грантларини кенгайтириш хусусида кўрсатма берилган.

Кўрилган яна бир масала соҳанинг оғриқли нуқталаридан бири — “чўнтак адвокатлари”га дахлдор. Давлат томонидан тақдим этилган адвокатларни танлашнинг очиқ-ошкора тартиби йўқлиги боис айрим терговчилар ўзига таниш адвокатларни чақириб, айбланувчига таъсир ўтказиш ҳоллари учраб туради. Селекторда ълон қилинишича, Тошкент шаҳрида ўтган йили давлат томонидан адвокатларга 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, ушбу маблағнинг тенг ярми 20 та адвокатлик фирмасига берилган (ҳолбуки пойтахтда 746 та фирма мавжуд).

Шу сабабли тегишли вазирликларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга тушириш топшириғи берилди. Бу дастлаб пойтахтда эксперимент тариқасида жорий этилади.

Ёдингизда бўлса, инсон омилини истисно этувчи бундай автоматлаштирилган тизимни яратиш бир неча йилдан бери кун тартибида бўлиб, юқорида тилга олинган Дастур доирасида Палата томонидан ишлаб чиқилган Йўл харитаси билан, 2021 йил январгача бу борада тегишли қонун ҳужжатини қабул қилиш белгиланган эди.

Шунингдек, видеоселекторда ўта оғир жиноятда айбланаётган шахсларнинг иши бўйича, ундан ташқари, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган ҳолатларда ҳам адвокат иштирокини мажбурий этиб белгилаб қўйиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Расмий хабарларга кўра, йиғилишда адвокатлик фаолияти жозибадорлигини ошириш, бу касб эгаларининг ҳимояси ва кафолатини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиб, муҳокамага олиб чиқиш тўғрисида кўрсатма берилган. Бу бўйича тегишли чора-тадбирларга Президент қарори ва Йўл харитаси лойиҳаларида кенг ўрин берилганини ҳисобга олсак, видеоселекторда берилган топшириқлардан сўнг ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши тезлашишидан умид қилиш мумкин.

2020-07-01 10:23:43  |  1517 |   0  | 

5 изоҳлар

Июль 16, 2020  16:37

1.Наргиза Азизова

Судьялар мустакл эмас. Суд иши бошланишидан токи тугагунга кадар суд жараенини кандай кечаетганини хисоботини терговни олиб борган органга масалан МВД,прокуратура,ДХХ терговчиларига берганидан кейин у ёгини тушуниб олаверинг. Айникса прокурорнинг айтгани айтган дегани деган Адвокатларнинг мехнатини бирон бир судья руёбга чикармайди. Камдан кам холатларда амалга ошиши мумкин. Гуёки адвокат улар учун оддий бир шахс.

Июль 03, 2020  16:18

2.Шуҳрат

Мустқаил тергов органи ҳеч қандай муаммони ҳал қилмайди. Россияда прокуратурадан ҳам устун турадиган Тергов қўмитаси тузилди. Энг катта қонунбузилишлар айнан шу тузилмада, Адвокатларни писанд қилишмайди, Фақат ФСБдан бироз чўчишади. Сизларга шу керакми?

Июль 02, 2020  08:49

3.Ойбек Рахимов

Адвокатлар жадвали булади, шунга амал килинса булди муаммо йукку. Бу муаммо азалдан бор эди афсуски маьруза матни палатамиз томонидан тайёрланган, узлари ечадиган муаммони ечими хам узларининг кулидадир. Нега шу пайтгача муаммони ечмаганлар, манфаатдорлик бор дейишдан йирокман, маьсулиятсизлик бор деб хисоблайман... Муаммони Президент маьрузасигача кутармасдан тузиладиган катьий жадвалга риоя этиш акс холда жавобгарлик белгилансин ишонинг бунда давлат маблаги сарфланиши самарали ва мухокамаларсиз булади...

Тайерланган хужжатлар пакетини албатта кайтадан куриб чикиш лощим ЖПКнинг адвокатфаолиятига оид дискримацион нормаларига бархам берилиши шарт

Судьялар чинакам маьнода мустакил булмас экан,адвокат касбининг нуфузи булмайди.Мустакил тергов органини тузиш масаласи хам оркага ташланмокда.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация