ҚИЙНОҚЛАР МУАММОСИ ЯНА КАДРЛАРГА “АҒДАРИЛДИ”...



 
  Расм манбаси : Бош прокуратура матбуот хизмати

Аммо тизимда “натижа” ва “режа” учун ишлаш кайфияти сақланиб турган бир пайтда фақат кадрларни айблайвериш қанчалик ўринли?

29 май куни ўтказилган брифингда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова кўрилаётган шунча чора-тадбирларга қарамай, тергов органлари томонидан гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан қийноқ қўллаш давом этаётганини ижрочиларнинг касбий тайёргарлиги, профессионализмидаги муаммолар билан боғлади.

“Ҳар қанча назорат механизмлари кучайтирилганига ва жазо муқаррарлиги таъминланганига қарамай, бу каби жиноятларга қўл уриш давом этаётгани одамнинг ўзига боғлиқ. Биз зўр қонунларни қабул қиляпмиз. Лекин ҳаммаси ҳам ишлаяптими? Йўқ. Бу – умумий ва ҳуқуқий маданиятга боғлиқ.

Қандайдир вақтда сиз ва биз тарбияни эсдан чиқардик. Профессионализм нуқтаи назаридан мутахассисларни издан чиқариб юбордик. Пулнинг орқасидан югурдик, машинали бўлайлик деб югурдик. Бир-биримиз билан мулоқотга киришишни эсдан чиқардик”, дейди Светлана Ортиқова.

Эътиборлиси, Ортиқова ушбу позициясида собитликни сақлаб келмоқда. Зеро, ўтган йилнинг охирида, Кун.uz нашрига берган интервьюсида ҳам айни мавзуда тўхталиб, муаммони фақат субъектив сабаблар билан изоҳлаган, жумладан, ҳозирги авлодни тузатиб бўлмаслигини ва қийноқсиз тергов қиладиган мутахассисларни қарийб бешикдан бошлаб тарбиялаш кераклигини таъкидлаганди.

Тўғри, тергов идораларида ишловчи кадрларни рисоладагидек деб бўлмайди. Чунончи, қийноқ қўллашга мойиллиги фош бўлган ходимларнинг ўтмиши ўрганилганда улар носоғлом муҳитда улғайгани, болалигида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани каби фактлар ошкор бўлишини Светлана Ортиқова ўтган йилги интервьюсида эътироф этганди.

Аммо юқори мартабали, тажрибали мулозимнинг мазкур хулосаларига сал чуқурроқ эътибор қаратадиган бўлсак, аслида шу эътирофнинг ўзи муаммонинг илдизи кадрлар доирасидан чиқиб, бутун тизимнинг қусурига айланганига далолат қилмайдими? Ахир ўша тузатиб бўлмайдиган, қийнаб тергов қилишдан тўхтамайдиган кадрларнинг бу тизимга келиб тўпланиб қолиши тасодифий эмасдир? Ёки терговдек энг нозик вазифани уларга бемалол ишониб топширилгани-чи? Тизимнинг ўзи шуни истамаганида шунақа бўлиши мумкинмиди?

Шу ўринда эса савол туғилади: ўзи бу соҳада кадрлар танлови қандай мезонларга асосланади? Наҳотки ходимларнинг ўтмиши уларнинг муштумзўрлиги маълум бўлганидан кейин, фақат статистика учунгина ўрганилса? Тергов идораларига ишга қабул қилиш жараёнидаги оғир “танлов”лар орасида оддий психологик “чиғириқ” ҳам кўзда тутилса бўлмасмиди (Ҳар ҳолда ўша чиғириқнинг ўзи муштумзўрларга мўлжалланган бўлмаса керак...)?

Жамоатчилик орасида юрадиган яна бир мулоҳаза эса тизимда қийноқларни (сиртдан) рағбатлантирувчи омиллар ҳам мавжудлигига бориб тақалади. Албатта, тергов бўлими раҳбарларининг ўзлари ходимларига айбланувчи ва гумонланувчини исканжага солишни маслаҳат беради деган гапга ишониш қийин. Бироқ “вазият тақазоси”га кўра билиб-билмай қийноқларга “юқори”дан йўл очиб берилишини инкор қилиш қийин, назаримизда. Бу ўринда гап терговчилардан тезроқ натижа (результат) талаб қилиш ёки, бошқача айтганда, “режа” тизими ҳақида бораётганини англаб тургандирсиз, албатта. Зеро, айни ҳолатлар яқин ўтмишимизда бўлганлигини, нафақат бўлган, балки кенг илдиз отганини ҳуқуқ-тартибот идоралари мутасаддиларининг ўзлари кейинги йилларда кўп тилга олишди. Аммо Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизими бу қусуридан фориғ бўлганми?.. Ушбу саволга Светлана Ортиқованинг эътирофидан келиб чиқиб ёндашсак, кадрлар муаммоси фақат зўравон терговчиларнигина эмас, уларнинг раҳбарларини ҳам ўз ичига олиши табиий. Демак, ўз-ўзидан, ҳолат жуда ўзгармаган бўлиб чиқади.

Шу ўринда қайноқ бир мисолни ҳам эслаб ўтсак ножоиз бўлмас. Воқеалар кетма-кетлиги асосида бир нечта хабар билан ёритганимиздек, Наманган вилоятининг Поп тумани ИИБ мутасаддилари адвокатнинг ўз ҳимоясидаги шахс билан кўришишига тўсқинлик қилган. Адвокат ўз ҳуқуқини талаб қилаверганида эса вилоят тергов бошқармасидан қўнғироқ қилишиб, “жиноят очилай деб турибди, халал бермай туринг” дея очиқча илтимос ҳам қилишади. Ана шу гапнинг тергов органи мансабдори томонидан тап тортмасдан, худди табиийдек айтилишининг ўзи биз юқорида тилга олган “натижа”га ишлаш кўникмасининг ёрқин мисоли эмасми? Қолаверса, вилоят ИИБ масъулларидан бири воқеа тафсилотлари билан қизиқаётган “Advokat” журнали мухбирига “терговчилар билан адвокат ўртасида арзимас тушунмовчилик бўлган”ини тушунтирмоқчи бўлар экан, бу гапларни шов-шув қилиб ўтиришга ҳожат йўқлигини, терговчилар нима қилган бўлса жиноятни очиш учун қилганини, уларга ҳам осон эмаслигини таъкидлайди. Демак, тизимда шундай кайфият бор — жиноятни очиш бирламчи, ҳамма қонун-қоида шунга хизмат қилиши ёки “четга чиқиб туриши” керак. Жумладан, гумон қилинувчи ёки айбланувчиларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқи, адвокатнинг касбий бурчлари ҳам. Энг ёмони — бу ишларни улар нотўғри деб билмайдилар (Мазкур мисолимизда адвокат ва айбланувчининг отаси тергов давомида қийноқлар бўлгани аломати борлиги боис тиббий экспертиза тайинлашларини сўраб март ойи бошида ёзган шикоятларига ҳамон жавоб олмаганлигига қараганда қуйи прокуратура идоралари мутасаддилари ҳам қийноқлар масаласини жиддий санамайдиган кўринади...).

Хўш, ҳамон давом этаётган бундай кайфият учун ҳам фақат терговчи кадрларнигина айблаш ўринлими?

Қолаверса, жамиятимизнинг ҳануз даволанмаган яна бир эски дарди бор — терговга тортилган ҳар қандай шахсга, ҳатто ҳали у бор-йўғи гумонланувчи бўлса ҳам, худди жиноятчидек қарашади (у бечоранинг тергов олиб борилаётган иш бўйича айбсизлиги маълум бўлиб қолса ҳам муаммо йўқ, “маъмурий қилиб ўтқазиб қўйиш" усули қўлланади, “қўлларида”ги ҳимоясиз фуқарога маъмурий қоидабузарлик ёпиштириш эса ўз ишининг усталарига чўт эмас). Айбланувчини-ку суд қарорини, айби исботланишини ҳам кутмасдан ОАВ орқали ёмонотлиққа чиқариб қўйишади. Ҳуқуқий давлатлар учун муқаддас бўлган айбсизлик презумпцияси бировнинг хаёлига келмайди...

Хўш, ҳуқуқий савияси шу даражада бўлган, тўғрироғи, шу даражага олиб келинган муассасанинг терговчилари қийнамасдан сўроқ қила оладими?

Хуллас, шундай жиддий саволлар қаршимизда турганида қийноқлар масаласида асосий айбни фақат кадрларнинг ўзига юклаш инсофдан бўлармикин? Жавобгарликни бутун тизим, ҳатто жамият бўлишиши керак эмасми?

Сиз нима дейсиз, азиз ўқувчи? Тажрибада пишган ҳурматли адвокатларнинг фикри қандай бу борада? Муносабатларингизни кутамиз!

2020-06-01 05:23:12  |  2463 |   0  | 

6 изоҳлар

Июнь 02, 2020  01:39

1.Sitora Bazarova7

Surxandaryo viloyati I nazoratga olishlarngizni iltimos qilardim chunki xama prakratura Dan norozi dxx ga vakolatni berishini talab qilib borishyapti

Июнь 02, 2020  01:35

2.Sitora Bazarova

Men bosh prakrorlik lavozimiga sizni taklif qilgan bolar edim agar xaqiqatdan shu gaplarni yurakdan aytayotgan bolsanggiz prakratura surxandaryo daxam togri ishlamaydi tergovni olib bormasdan turib deloni yopadi kiyin tergovga chaqirdim slarni desa xodim auditlarda yoq Deb Javob beradi toga jiyan qarindoshlik avjida Baxtiyor qurbonov Maktabgacha Talim Bolim bugaltir togasi boladi xamma kamchilik va kamomatlarini jinoyatlarni yoshirib bor narsalarni yoq bolmagan Deb ja

Июнь 02, 2020  01:13

3.Sitora Bazarova

Men bosh prakrorlik lavozimiga sizni taklif qilgan bolar edim agar xaqiqatdan shu gaplarni yurakdan aytayotgan bolsanggiz prakratura surxandaryo daxam togri ishlamaydi tergovni olib bormasdan turib deloni yopadi kiyin tergovga chaqirdim slarni desa xodim auditlarda yoq Deb Javob beradi toga jiyan qarindoshlik avjida Baxtiyor qurbonov Maktabgacha Talim Bolim bugaltir togasi boladi xamma kamchilik va kamomatlarini jinoyatlarni yoshirib bor narsalarni yoq bolmagan Deb Javob beradi agar kinda Kim tergovchimi boshqa xodim unga qarshi chiqsa. Uni ishdan boshatishgan tushadi chunki u viloyat Prakror ozin bosaridan nimaga vil prakrorni ozi Javob bermayapti 2 yildan buyon murojatimga 1 xil mazmunli xat kelyapti togri ishlamiyapti prakratura

Июнь 02, 2020  00:25

4.TAHRIRIYAT

Hurmatli Sevara, info@advokatnews.uz manziliga xabar yuborsangiz bepul advokat maslahati olib berishga harakat qilamiz.

Июнь 01, 2020  22:52

5.Севара

Ман онам билан кийнокдамиз.карантин пайтида пулимиз йук.ман ресторанда идиш ювардим ишим епилган.онам пенсионер 400000 пенсия.укам бор хотини ва 3 та угли бор.укам онамни уради ман аралашсам мани уради.келиним уйдан хайдавуради.укам онамни ва мани еб ичганингга рузгор киласан дийди.хуллас ахволимиз огир ошкора этолмиман яна дуппослиди укам.онам огир касал болганла сикилвуриб ман эса емон тамом болганман.КЕЛИНИМНИ ОЛЛОХ ЖАЗОСИНИ БЕРАДИ.ман турмушим болмаган фарзандим йук.тугмагансан деб хакорат килади

Жуда тугри фикр,хадеб кадрларни айблайвермасдан,бутун бир тизимни тубдан ислох килиш зарур.Бош прокурорга кадрларни еппасига кайта навбатдан ташкари аттестациядан утказишга нима халакит беради.Ишга кабул килиш жараенини шаффоф килиш лозим.Ходимларни танлов асосида ишга кабул килиш керак.Сир эмаски,йиллар давомида оддий инсонларнинг фарзандлари бу тизимга якинлашиб билмас эди.Давлат рахбарининг узи вилоят ва туман прокурори лавозимининг канча га сотилаетганлигини айтдиларку,шундай бир вактда бошка лавозимлар сотилмаганлигига ким кафолат беради.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация