Андижон прокурори туман ҳокимининг фермерлар ерини олиб қўйиш қарорига протест келтирди
“Абдуқаҳҳор ворислари”, “Шерзодбек олтин даласи”, "Жўрабек” фермер хўжаликларининг ерларини олиб қўйиш тўғрисидаги туман ҳокими қарори қонунга хилоф, деб топилган
Андижон вилояти прокуратураси Андижон тумани ҳокимининг “Абдуқаҳҳор ворислари”, “Шерзодбек олтин даласи”, "Жўрабек” фермер хўжаликлари ерларини олиб қўйиш тўғрисида қарорини ноқонуний деб топиб, протест келтирди. Бу ҳақда “Озодлик” хабар бермоқда.
Айтилишича, бу фермер хўжаликларига тегишли ерлар, уларнинг раҳбарларини огоҳлантирмасдан, суднинг ҳал қилувчи қарори чиқарилмасдан туман ҳокимининг 23 январдаги 43-Қ- сонли қарори билан давлат захирасига қайтарилган.
Вилоят прокуратураси фермер хўжаликларига юборган хатларда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддаси 10-банди ҳамда “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси 9-бандига кўра, ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкинлиги ва қонун талабларига зид бўлгани сабабли туман ҳокимининг юқоридаги қарорига протест келтирилганлиги билдирилади.
“Абдуқаҳҳор ворислари”, “Шерзодбек олтин даласи”, "Жўрабек” фермер хўжаликларига қарашли ерлар 2019 йил 9 январда қабул қилинган "Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарорини рўкач қилиб олиб қўйилган. Аммо қонунга хилоф олиб қўйилгани билан бирга, ҳукумат қарорига терс ўлароқ, нисбатан қолоқ фермер хўжаликларига қўшиб берилаётгани таъкидланмоқда.
Туман Фермерлар кенгаши мутахассисига кўра, вилоят прокуратурасининг протести асосида бу иш маъмурий судда кўриб чиқилади. Унинг сўзларига кўра, туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг 43-сонли қарори билан 50 дан ортиқ фермернинг ери олиб қўйилган. Лекин кўплаб фермерлар ерини қайтариб олишга кўзи етмаётгани боис юқори идораларга шикоят қилмаяпти.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш