“Президент қарори эмас, Президент фармони бўлиши керак!”



 
  Расм манбаси : https://www.9001545.ru/

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан тайёрланган соҳага доир Президент қарори лойиҳаси 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари муҳокамаси порталига қўйилган эди. Аммо дастлабки кунларда ушбу муҳокамаларда адвокатлар фаоллиги сезилмади. Шу боис кечаги мақоламизда бу ҳақда эслатишга мажбур ҳам бўлдик. Бугун эса, ҳартугул, нафақат Порталда, шунингдек бизнинг сайтимизда ҳам фикр-мулоҳазар оқими пайдо бўлганига гувоҳ бўлаяпмиз. Қуйида холис бир мутахассис — “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси юридик бошқармаси бошлиғи М.Ниязметовнинг кечаги мақоламизга изоҳ сифатида қолдирган таклифларини жузъий таҳрир  билан эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.

— “Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мазкур ҳужжат лойиҳаси билан танишиб чиқдим. Аммо, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принциплари ва жамият ҳаёти, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида адвокатура институти самарадорлигини оширишга, яъни умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ва бекор қилишга қаратилганлиги боис бундай ҳужжат Президент қарори эмас, балки Президент фармони сифатида қабул қилиниши керак, — дейди муаллиф, жумладан.

Шу ўринда қайд этиб ўтишимиз керакки, бундай таклиф норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида бошқа бир фуқаро — Ж.Нематов томонидан қолдирилган таклифда ҳам айтилган бўлиб, унда “... ҳужжатни юқоридаги таклифларни инобатга олиб қайта ишлагач, Президент фармони даражасида қабул қилиш керак. Шунда адвокатлик институтига керакли эътибор ва нуфуз берилган бўлади”, дейилади.

Бизнинг муаллифимиз М.Ниязметов эса ўз мулоҳаларида давом эттирар экан, “лойиҳа преамбуласини танқидий таҳрир қилиб, такрорланган ва иккинчи даражадаги масалаларни чиқариб ташлаш”ни ҳам таклиф қилади.

Шунингдек, бу ҳуқуқшуноснинг фикрича, ҳужжат лойиҳасида саналган муаммоларнинг 5-бандидан кейин “Адвокатура тузилмалари фаолиятининг асосий принциплари, қонунийлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик, ошкоралик, очиқлик ва шаффофлик, адвокат ахлоқи тамойиллари, шу жумладан, ҳуқуқбузарликлар профлактикасидаги иштироки билан боғлиқ инистуционал нормалар ишлаб чиқилмаганлиги” тўғрисидаги янги банд ҳам қўшилиши керак.

Ҳужжат лойиҳасида соҳага доир муаммолар санаб ўтилганидан сўнг ушбу ҳужжатнинг мақсади қуйидагича баён этилади:

“Қайд этилган муаммоларни бартараф этиш ҳамда ижтимоий йўналтирилган инновацион ривожланишнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими орқали ҳимоялаш самарадорлигини кучайтириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш...”

Таклиф муаллифи эса лойиҳанинг ана шу қисмидаги “вазифаларни” сўзидан олдин “шу жумладан, “Инсон манфаатлари-ҳамма нарсадан устун” деган тамойил ва “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояларнинг, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг реал ҳимоя қилинишини таъминлаш орқали ҳаётга амалий тадбиқ этилишига қаратилган” сўзларини ҳам қўшиш тарафдори.

Шунингдек, М.Ниязметов мазкур ҳужжатга “чет элнинг илғор ҳуқуқий нормалари ва тажрибалари ва адвокатура соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳам киритиш”ни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

2020-04-14 00:48:45  |  2796 |   0  | 

6 изоҳлар

Ноябрь 01, 2020  17:28

1.ҚАРШИЕВ ЖАМШИД, ЮРИСТ

Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори лойиҳалигича қолиб кетди ку буни Ўзбекистон дейдилар

Апрел 19, 2020  14:09

2.Абдуманнон Батиров

Ўзбекистон Республикасида Адвокатура институтини ривожлантириш Концепцияси бўйича тайёрланган лойихани 2 банди а кичик бандида 2020 йил 1 сентябрдан, адвокат бўлишни истаган шахслар учун адвокатлик тузилмаларида мажбурий уч ойлик стажировка муддати сақланган ҳолда юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш тўғрисидаги талаб бекор қилиниши кўрсатилган, Ушбу лойихани 4 бандида эса адвокатлик касбининг обрўсини ошириш ҳамда судлов иш юритувининг айблов тарафга оғишини истисно этишни, қонунларга қатъий риоя қилишни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини ҳамда суд процессида тортишув тамойилини таъминловчи замонавий ва хақиқатдан мустақил бўлган, хар томонлама касбий ва хаётий тажрибага эга бўлган судьялик корпусини шакллантириш мақсадида, 2025 йил 1 январдан судьяликка номзодларга қўйиладиган мажбурий талаблардан бири бўлиб адвокат сифатида икки йилдан кам бўлмаган иш стажининг мавжуд бўлиши белгилансин деб кўрсатилган. Агарда адвокат бўлиш имконияти ёшларимизга берилар экан, судьялик лавозимига эса Судьялар тўғрисидаги Қонунга кўра 35 ёшдан кичик бўлмаслик кўрсатилган экан, менимча адвокатурада 2 йиллик иш стажига кам бўлмаган иш стажига эга шахслар деб кўрсатиш эмас, балки камида 5 йил адвокатура сохасида иш стажига эга бўлишлик кўрсатилиши керак. Мен бу холатни ўз тажрибамга суфянган ҳолда аайтмоқдаман. Чунки ҳақиқий судья бўлиб фуқароларни бузилган ёки низолашаетган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш истагида бўлган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси у юридик Олий маълумотга эга бўлса, адвокатура ўз билимини ошириш керак. Чунки адвокатурада фақатгина Қонун билан ишлаш эмас балки ҳар бир фуқаро билан ишлаб уни психикаси адвокат томонидан ўрганилади. Ушбу холатда адвокатдан судьяликкка ўтказишда 5 йилдан кам бўлмаган иш стажи кўрсатилиши керак. Кейин адвокатурага ўтишда 2020 йил 1 сентябрдан юқоридаги холат амалда бўлар экан, унда судьялик лавозимига ишлаш учун керак бўлган иш стажи холати хам шу пайтдан бўлса адолатлирок бўлади.

Апрел 14, 2020  20:09

3.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев

Яна битта таклиф. Жиноят иши бўйича эҳтиёт чораси сифатида Қамоққа олишда. Прокурорни аралашувини ЖПКдан чиқариш керак. Чунки эҳтиёт чорасини терговчи мустақил танлайди. Судда прокурор билан адвокат Суд олдида беғараз тарафлар бўлиб бемалол қатнашади. Жиноят ишида ҳам ёзув чизувлар анча камаяди. Прокурор ҳам терговчининг эҳтиёт чорасини танлаш бўйича судда мустақил равишда адвокатга ўҳшаб ўз фикрини беради.

Апрел 14, 2020  20:04

4.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев

мен М.Ниязметовни фикрига қўшиламан. Ҳақиқатан ҳам Президент Қарори эмас, Фармони бўлиш керак. Ишчи гуруҳи аъзолари Шунга эътибор беринглар. Илтимос.

Апрел 14, 2020  09:34

5.Шерзод Тугалов

Амалиётда тергов органи томонидан адвокат томонидан киритилган илтимосномани, хеч кандай асосларсиз, келтирилган важларга бахо бермасдан рад килиш холатлари жуда куп учрамокда. Мана шу холатда илтимоснома рад этилган такдирда, терговчининг карори устидан судга шикоят килиш хукукини киритиш лозим. Шунингдек адвокатга уз ташаббуси билан, пуллик асосда булса хар кандай экспертизани тайинлаш ва утказиш хукуки берилиши лозим, куп холларда экспертизалар тулик утказилмасдан, факат тергов органи томонидан куйилган ва унинг позициясига мос саволларга хулоса берилиб, мазкур холатга химоя томонидан эътироз билдирилсада,,кайта экспертиза утказилмасдан келмокда, Бу эса айнан экспертиза хулосасига асосланиб, фукарога ноконуний айблов эълон килиниб, уни токи иш судда курилгунга кадар сарсон-саргардон булишига сабаб булмокда. Шунингдек адвокатлик суровига жавоб бериш муддатини 5 кунлик муддат этиб белгиланилиши лозим, амалиётда берилган суровномага 15 кунлик муддатда жавоб берилиши рукач килиниб, маълумот олишда кийинчиликлар юзага келмокда.

Апрел 14, 2020  07:59

6.Ойбек Рахимов

Юкоридаги таклифлар юзасидан кушимча сифатида адвокат илтимосномаси прокурор протестига тенглаштирилиши ва албатта тергов ва судда амалдаги конун ва коидаларга мос келгани сабаб каноатлантирилиши талабини кушиш лозим, киритилган илтимосномалар каноатлантирилмасдан колдирилиши конун бузилишига тенглаштириш шарт...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация