Ўқитувчининг мақоми алоҳида қонун билан белгилаб берилади



 
  Расм манбаси : Qalampir.uz

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан «Ўқитувчи мақоми тўғрисида» қонун лойиҳасини ишлаб чиқилди ва уни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «Ўқитувчи мақоми тўғрисида» қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш вазифаси қўйилган эди.

Қонун лойиҳаси ўқитувчиларнинг мақомини ва педагогик фаолият принципларини ҳамда ўқувчиларнинг малакасини ошириш бўйича тизимни белгилаб беради.

Ҳужжатда ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қиммати кафолатлари белгиланади. Хусусан, ўқитувчиларнинг иш ҳақидан қонунчиликда кўзда тутилмаган тўловларни, жумладан даврий нашрларга обуна бўлиш, асоссиз маошидан ушлаб қолиш тақиқланади.

Қонун лойиҳасига кўра, таълим муассасалари ўқитувчиларини мажбурий меҳнат, шаҳар ва туман ҳудудларини кўкаламлаштириш ва ободлаштириш ишларига, металлолом ва макулатура йиғишга, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ва шунга ўхшаш бошқа ишларга жалб этиш тақиқланади.

Ота-оналар ўқитувчининг профессиональ мажбуриятлари доирасига кирадиган масалаларга асоссиз аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Қонун лойиҳасида ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва индивидуал педагогик фаолиятга доир ҳуқуқларини белгилаб бериш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги «Ўқитувчи мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш учун барчани, жумладан, малакали педагогларни муҳокамага чорлайди. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 2018 йилнинг 15 ноябрига қадар давом этади.

2018-11-04 15:23:39  |  2539 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация