Тергов жараёни видеоконференцалоқа тартибида ҳам ўтказилиши мумкин
Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига киритилган тузатишлар натижасида ана шундай имконият яратилди
Гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар ва айбланувчилар иштирокидаги тергов ҳаракатлари – сўроқ, шахсларни ва нарсаларни таниб олиш, юзлаштириш энди техник воситалардан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин. Бунинг учун кўрсатилган шахслар улар турган жойдаги ёки яшаш жойидаги вилоятнинг ёки туманнинг ёхуд шаҳарнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органига ёки судига чақирилади, деб ёзади Norma.
Жараёнда тергов ҳаракати иштирокчилари унинг бориши ва натижаларини тўғридан-тўғри трансляция орқали бевосита кузатиб боради. Бунда фойдаланиладиган техник воситалар ва ускуналар тасвир (ўлчами 1920×1080, секундига 50 та кадр) ва овоз сифати (частота диапазони 100 – 12 000 Гц), шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича (VPN ҳимояланган алоқа каналидан фойдаланган ҳолда) минимал талабларга жавоб бериши зарур.
Тергов ҳаракатларини бундай форматда ўтказиш тўғрисидаги қарор суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан ўз ташаббуси билан ёхуд жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра қабул қилинади. Бунинг учун қуйидагилар асос бўлади:
шахснинг жиноят ишини тергов қилаётган органга ёки тергов ҳаракати ўтказилаётган жойга соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра бевосита келиш имконияти бўлмаслиги;
жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш зарурати туғилиши;
кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари ўтказилиши;
тергов ҳаракатини ўтказиш қийинлашиши ёки ортиқча харажатлар келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида асосли сабаблар мавжудлиги.
Бундай тарзда ўтказилган тергов ҳаракати жараёни ва натижалари электрон ташувчиларга ёзилади ва қайд этилади. Баённома тузилади, унга видеоконференцалоқа материаллари қўшиб қўйилади. Бунда видео ёзувининг вақти ўтказилган тергов ҳаракатининг аниқ вақтига мос келиши, танаффуслар юзасидан изоҳ берилиши ҳамда улар видеоёзувда ва баённомада акс эттирилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 19 октябрдан жиноят ишлари бўйича очиқ суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга рухсат берилган. Шу тариқа, энди иш юритишнинг барча босқичларида мазкур технологиялардан фойдаланиш мумкин.
Шу жумладан бу озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлар ва жазони ўтаётганларга ҳам тааллуқли. Уларга ҳам ҳимояланган алоқа каналлари бўйича видеоконференция тизими орқали масофали видео-учрашув берилиши мумкин.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш