Ўзбекистонда ерга эгалик қилиш шакли ўзгарадими?



 
  Расм манбаси : uzlidep.uz

Йўл кенгайиши, кўпқаватли бинолар қурилиши важида уйларнинг, тадбиркорлик объектларининг бузилиши ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. Сўнгги вақтларда ОАВда ҳам бу мавзуга эътибор қаратилмоқдаки, қурилиш масаласидаги айрим ҳолатларда очиқ-ойдин қонун бузилиши кузатиляпти.

Аксарият эътирофига кўра, оддий аҳолининг «тинчи бузилиши»​, тадбиркорнинг «меҳнатига  куйиб қолиши»​га нима сабаб бўляпти? Бу ишларнинг ҳуқуқий асоси борми?

Ер кодексининг 16-моддасига кўра, ер давлат мулки – умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Таъкидланган истисно ҳолатлар шу кодекснинг 18-моддасида белгиланган, яъни юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилганда вужудга келади.

Дипломатия ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган халқаро ташкилотларнинг ер участкаларига мулк ҳуқуқи уларга ўзлари ваколатхона биноси сифатида фойдаланаётган иморат ёки иморатнинг қисмлари, шу жумладан ваколатхона бошлиғининг қароргоҳи улар жойлашган ер участкалари билан бирга, шунингдек мазкур ваколатхоналарнинг иморатларини қуриш учун ер участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилинганда вужудга келади.

Дипломатик корпуси ходимларининг, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган матбуот вакилларининг, фирмалар, компаниялар ва халқаро ташкилотлар доимий ваколатхоналари ходимларининг, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарда доимий асосда ишловчи шахсларнинг, шунингдек, республикада доимий истиқомат қилувчи ва яшаш учун гувоҳномаси бўлган шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи уларга уй-жой бинолари шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилинганда вужудга келади.

Қолган барча ҳолларда ердан қуйидаги кўринишларда фойдаланиш мумкин:

Доимий эгалик ҳуқуқи – ташкилотлар, муассасаларга қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ерлари учун берилади.

Ижара ҳуқуқи – фермер хўжаликларига берилади.

Мерос тариқасида ўтадиган умрбод эгалик ҳуқуқи – фақат Ўзбекистон фуқароларига деҳқон хўжалигини юритиш, шахсий турар жой ва жамоавий боғдорчилик учун берилади.

Доимий ёки вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи – Ўзбекистон фуқароларига, саноат, транспорт ва бошқа қишлоқ хўжалиги бўлмаган ташкилотларга, чет эл инвестицияси мавжуд бўлган муассасалар, халқаро ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга берилади.

Умуман олганда, Ўзбекистонда ердан фойдаланиш тартиби собиқ Совет давридан мерос қолган анъаналарга асосланган.

Ерга эгалик қилишнинг «советча»​ модели

Тарихий манбаларда келтирилишича, совет тузуми ўрнатилгунга қадар Ўзбекистон ҳудудида хусусий ер давлат ери билан бир қаторда мавжуд бўлган.

Янада узоқроққа назар ташланса, хонликлар ва амирликлар даврида амалдорлар ва ҳарбийлар  алоҳида хизматлари учун ҳукмдор томонидан танҳо (туҳфа сифатида бериладиган ва мерос тарзида ўтадиган)  ерлари билан тақдирланган. Совет тоталитар тузуми остида ўтган йигирманчи асрнинг 30-йилларида хусусий ерлари тортиб олинган ва ўзлари олис ҳудудларга «қулоқ»​ қилинганларнинг айрим қисми худди шу танҳо ерлари эгаларининг авлодлари эди.

Тарихчи Суннат Бердиевнинг далолат беришича, 1917 йилда дастлаб «Ер тўғрисидаги декрет»​ қабул қилинади, шунинг асосида барча ерлар давлат ихтиёрига ўтказилади ва деҳқонлар ижарачига айланди. 1929 йил охирида ҳукмрон коммунистик партия ерларни оммавий равишда жамоалаштириш ва қулоқ хўжаликларини тугатиш борасида муҳокамаларни бошлайди. 1930 йил январда эса бу тўғрисида расмий буйруқ ҳам чиққан, яъни ер ўртада, ҳамма баравар меҳнат қилади, бой ҳам, камбағал ҳам бўлмайди. Ҳаммага бирламчи эҳтиёжи учун маош тўланган.​

Ўша пайтлар ерларни жамоалаштириш (колхозлаштириш) жадал суръатларда кечди. 1929 йил январда 29 минг, 1930 йил январда 224 минг, атиги икки ойдан кейин эса яна 393 минг хўжалик советча колхозга бирлаштирилди. Бу жараён аҳолини қўрқитиш, таъқиб этиш билан бирга амалга оширилган. Зўрма-зўраки ўрнатилган колхоз режими ўтган асрнинг 90-йилларига қадар амал қилади.

Хориж тажрибаси

Ер участкаларига нисбатан мулк ҳуқуқи турли мамлакатларда, турлича чекловлар билан бўлса-да, белгиланган.

АҚШда ер участкаси шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши, олди-сотди, гаров ва бошқа шартномалар объекти бўлиши мумкин.

Россияда ер мулкдори ўзининг мулк ҳуқуқини қонунчиликка зид бўлмаган равишда амалга ошириши, белгиланган мақсадда фойдаланиши, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги каби шартлар ўрнатилган. Ер участкалари давлат томонидан белгиланган тартиб, шартлар ва мақсадларда хусусийлаштирилади (масалан, чет эллик шахсларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, чегара олди ҳудудларидаги ерлар хусусийлаштиришга берилмайди).

Хитой Халқ Республикасида эса ер давлат мулки ҳисобланади, у хусусийлаштирилмайди.

Туркияда ер айрим чекловлар билан хусусийлаштирилади. У олди-сотди, ҳадя, гаров каби шартномалар объекти бўлиши мумкин.

Тартиб ўзгарадими?

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси олиб бориладиган regulation.gov.uz сайтида Адлия вазирлиги томонидан «Қишлоқ хўжалигига ихтисослашмаган ер участкаларига хусусий мулк ҳуқуқини босқичма-босқич жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси тақдим этилган.

Қарор 2019 йил 1 июлдан кучга кириши режалаштирилган бўлиб, унга кўра:

юридик шахслар ва якка тадбиркорлар ўзларига тегишли бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини у жойлашган ер билан бирга хусусийлаштириши;

Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган, аммо Ўзбекистонда доимий истиқомат қилувчи шахслар яшаш учун ўзларига ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириши;

юридик шахслар, якка тадбиркорлар, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари давлат кўчмас мулк объектларига эгалик қилишлари мумкин бўлади.

Қарор муҳокамасида хусусийлаштириладиган ерга нисбатан ер солиғини бекор қилиш ва унга мулк солиғини жорий қилиш ҳақида фуқаролар томонидан таклиф билдирилган ва бу кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланган.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, бундай лойиҳа Ўзбекистон тарихида биринчи марта амалга оширилмоқда. Кўзланган асосий мақсад ерга хусусий эгаликни жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда рақобатни кучайтиришдир.

Шунингдек, 2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурида ҳозир амалда бўлган Ер кодексининг қайта кўриб чиқилиши ҳақида айтилганди. Янги таҳрирдаги Ер кодексидаги ўзгаришлар ҳам асосан ер участкаларига эгалик тартибини ўзгартиришга қаратилиши маълум қилинган.

Аслини олганда, бундан аввал ҳам ерга хусусий эгаликни жорий қилиш масаласида ҳаракатлар бўлган. 2006 йил 24 июлда «Юридик шахслар ва фуқароларнинг бинолари ҳамда иншоотлари билан банд бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида» Президент фармони (ПФ-3780-сон) чиққан.

Унга кўра, 2007 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар ўзларига қарашли иншоотлар жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш, 2008 йил 1 январдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш ва турар-жой биносига хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган эди. Фармон ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 147-сонли қарори ҳам чиққан. Бироқ, шу йўналишда кейинчалик ҳеч қандай амалий ҳаракат амалга оширилмаган.

Norma.uz порталида келтирилган маълумотларга кўра, ўшанда ерга эгаликка доир ислоҳотнинг амалга ошмаганига икки нарса сабаб бўлиши мумкин:

биринчидан, ерни хусусийлаштирган шахс, мулкдор, ундан фойдаланувчи, ижарачи – барчаси бир хил миқдордаги ер солиғини тўлайди. Демак, ерни сотиб олишдан ҳеч қандай иқтисодий манфаат мавжуд эмас;

иккинчидан, шахс ерни хусусийлаштирганлиги ёки қилмаганлигидан қатъий назар ер участкасининг давлат ва жамият манфаатлари йўлида олиб қўйилишидан кафолатланмаган.

Юқорида зикр этилган масалага қайтсак, қурилиш, бузилиш атрофида кўпайган машмашанинг илдизи қаерда?

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37-моддасига асосан ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилиши мумкин. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари деганда эса:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;

халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуриш бўйича бажариш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳоллар тушунилади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 97-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низомида баён этилган.

Албатта, худди шу низомда мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейингина ер участкасини олиб қўйишга рухсат берилиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълум қилишича, ер муносабатлари бўйича мурожаатлар келиб тушганда қўмита маҳаллий ҳокимликларга амалий ёрдам беришлари юзасидан мурожаат қилиши мумкин.

Бироқ иншоотни ростлаш учун кетадиган вақт ва меҳнат нуқтаи назаридан бу ҳолат тадбиркорлар учун ноқулайлик туғдириши, айниқса, инвесторларни иккилантириши амалиётда кузатилаётган ва ҳуқуқшунослар томонидан таъкидланаётган ҳолатдир.

Лойиҳаси муҳокама қилинаётган қарор 2006 йилдаги фармон билан, орадаги 12 йил вақтни инобатга олмаганда, албатта, деярли бир хил моҳиятга эга. Мазкур лойиҳанинг инвесторларга қулайлик яратиш, рақобат муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантиришда қанчалик роль ўйнашини эса вақт кўрсатади. ​

Саодат Абдураҳмонова

Kun.uz

2019-01-05 21:50:51  |  3299 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация