АҚШ прокуратураси Гулнора Каримовага қарши жиноят иши очди



 
  Расм манбаси : ria.ru

Собиқ президентнинг қизи 865 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланмоқда

Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова ва МТСнинг Ўзбекистондаги шуъба корхонаси – «Уздунробита» собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедов АҚШда пул ювиш ва 865 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланмоқда. Бу ҳақда РИА Новости маълумотига таяниб, Kun.uz хабар берган.

Нью-Йорк Жанубий округи прокуратураси Гулнора Каримова ва Россиядаги энг йирик телекоммуникация компанияси – «Мобильние ТелеСистеми» («МТС»)нинг Ўзбекистондаги шуъба корхонаси бўлмиш «Уздунробита» собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида 8 март куни эълон қилган.

Қайд этилишича, жиноий иш «хорижий коррупция амалиётлари тўғрисидаги қонун тарихида энг йирик ҳолат» юзасидан очилган.

Прокуратуранинг тахминича, Каримовага ҳаммаси бўлиб 865 миллион доллар тўлаб берилган.

Бош прокурор ёрдамчиси Брайн Бенчковскийнинг сўзларига кўра, Гулнора Каримова учта телекоммуникация компаниясидан 865 миллион доллар миқдорида пора олиш ва кейинчалик бу пораларни АҚШ молия тизими орқали ювиш учун ўз расмий мавқеидан фойдаланишда айбланмоқда.

МТС’дан ташқари, матнда Vimpelcom LTD (Билайн) ҳамда Telia Company AB (Telia) ҳақида сўз юритилган.

Россиянинг МТС мобил оператори АҚШнинг қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар комиссияси ва адлия вазирлиги билан Ўзбекистондаги собиқ шуъба корхонаси атрофидаги тергов юзасидан келишув тузди ва бу келишув доирасида 850 млн долларлик жарима тўлайди.

2015 йил баҳорида АҚШ адлия вазирлиги Нидерландия прокуратураси билан биргаликда Vimpelcom, МТС ва TeliaSonera компанияларининг Гулнора Каримова билан алоқаси борлиги таъкидланадиган Takilant компанияси билан битимлари юзасидан тергов бошлаган. Ўша йил августида АҚШ ҳукумати Европанинг 5 та давлатига ушбу иш бўйича бир млрд долларлик активларни музлатиб қўйиш илтимоси билан мурожаат қилган.

Тергов версиясига кўра, алоқа операторлари коррупциявий схема ёрдамида Гулнора Каримова билан боғлиқ тузилмаларга Ўзбекистон бозорига чиқиш, частоталар олиш ва бошқа битимларни амалга ошириш ҳуқуқи эвазига юзлаб миллион доллар ўтказишган. 2016 йилда Vimpelcom ушбу иш доирасида 795 млн доллар тўлаб берган.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова яқинда уй қамоғидан умумий тартибли колонияга ўтказилган эди.

2019-03-10 21:32:14  |  2069 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация