Ерга эгалик қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар: МЖтКда қандай ўзгаришлар бўлди?



 
  Расм манбаси : Advokat59.ru

Иккита янги модда қўшилди, битта модда бўйича санкциялар кучайтирилди

“Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартишлар киритилди. Қуйида янги киритилган ва ўзгартирилган моддаларни санаб ўтамиз:

1. Кодекснинг 60-моддаси (Табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш) диспозициясидан «худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш» деган сўзлар чиқариб ташланиб, алоҳида – иккинчи бандга айлантирилди.

Унинг санкция қисми эса биринчи қисм санкцияси билан бир хил: фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоқ.

Шунингдек, янги киритилган учинчи қисмга кўра, ушбу ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.

2. Кодекс “Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик” номли 60-1-модда билан тўлдирилди:

Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, –

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади‎.

3. 68-модда (Хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш)нинг икала қисмида ҳам кўрсатилган ҳуқуқбузарлик учун жарималар миқдори оширилди:

биринчи қисмида – фуқаролар учун ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача (ҳозирда ЭКИҲнинг 1/3 қисмидан 1 бараваригача), мансабдор шахслар учун 3 бараваридан 5 бараваригача (ҳозирда 1 бараваридан 3 бараваригача);

иккинчи қисм (ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда) санкциясида эса фуқаролар учун ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (ҳозирда 1 – 3 баравар), мансабдорлар учун 7 – 10 баравар (ҳозирда 3 – 7 баравар) жарима кўзда тутилган.

4. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этилиб, 68-1-рақамли янги моддада акс этди.

Бунинг учун фуқароларга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

5. 245-модданинг биринчи қисмига қўшимча киритилиб, “Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик” (60-1-модда) маъмурий судларда кўриладиган ҳуқуқбузарликлар сираси қўшилди.

6. 266-1-моддадаги қўшимчаларга мувофиқ, Ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик (68-1-модда) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг органларига тааллуқлидир.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар 5 майдан кучга киради.

2019-03-05 19:40:50  |  4265 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация