Гулнора Каримова уй қамоғидан умумий тартибли колонияга ўтказилди



 
  Расм манбаси : nur.kz

Каримова озодликдан чеклаш жазосини ўташ қоидаларини бузган, шунингдек етказилган зарарни қоплашдан бўйин товлаган. Энди у 5 йиллик жазонинг ўталмай қолган 4 йилу 5 ойини умумий тартибли колонияда ўтайди

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, бир қатор жиноятларда айбланиб 10 йил муддатга қамалган, сўнг ушбу жазо озодликдан чеклашга алмаштирилган Гулнора Каримова умумий тартибли колонияга ўтказилган. Бош прокуратура хабарига кўра, у озодликдан чеклаш жазосини тартиб-қоидаларини мунтазам равишда бузган.

Эслатиб ўтамиз, 1972 йилда туғилган Гулнора Исломовна Каримова дастлаб Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Бош прокуратура хабарида айтилишича, маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини инобатга олиб, суднинг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан бу жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Г.Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган.

Лекин маҳкума Г.Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган. Хусусан, 2018 йил 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетгани учун огоҳлантирилган.

Шунга қарамасдан, Г.Каримова ўзига тегишли хулоса қилмасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этгани, жумладан, мунтазам равишда алоқа воситалари ва Интернетдан фойдалангани, жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилгани айтилмоқда.

Г.Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

2019-03-06 12:21:59  |  2175 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация