Сохта муҳр ва фермернинг бўйнига “илинган” кредит машмашаси



 
  Расм манбаси : "Huquq" газетаси

«Туя кўрдингми – йўқ», деган иборадан хабардорсиз. Бироқ, қаҳрамонларимиз бу иборага бироз замонавий тус бермоқчи бўлишди. Аммо... Келинг, ҳаммасини бир бошидан ҳикоя қиламиз.

«Агробанк»нинг Қашқадарё вилоятидаги филиалларидан бирининг бошқарувчиси Ботир Иномов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳамда ушбу банкнинг кредитлаш бўлимида мутахассис бўлиб ишловчи Бобур Насимов ўзганинг ихтиёридаги пул маблағларини ўзлаштириш мақсадида бир гуруҳга бирлашадилар. Улар турли баҳоналар билан «Тошев Аҳмад Мусаевич» фермер хўжалиги раҳбари А.Тошевнинг ихтиёридаги хўжалик муҳрини олиб, ғараз ниятларда унинг имзо ва муҳрларини сохталаштирадилар. Жиноий гуруҳ фермер хўжалиги номига трактор сотиб олиш учун А.Тошевнинг номига 118 млн. 500 минг сўм кредит шартномасини расмийлаштиришади ва трактор сотиб олишади. Техникани келтириб, бошқа шахсга 125 млн. сўмга сотиб юборишади.

Мазкур банк филиали ходимлари ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, трактор сотувидан тушган 125 млн. сўм пул маблағларини олинган кредитни қоплашга йўналтирмасдан, 17 млн. 630 минг сўмини лотерея сотиб олишга, 63 млн. 756 минг сўмини бошқа мақсадларда олинган кредитни қоплашга ҳамда 11 млн. 963 минг сўм пул маблағларини эса бошқа бир шахснинг ўқиш шартномаси учун ўтказиб юборишади. Табиийки, тракторнинг эгаси бўлган фермер А.Тошев бундан бехабар қолаверди.

Оқибатда, тракторни етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган фермерга йўқ жойдан кредит ва унинг фоизидан жами 143 млн. 970 минг сўмлик қарз чиқариб беришади...

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Қарши туман бўлими томонидан Ботир Иномов ва Бобур Насимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ва суд натижаларига кўра, Б.Иномов ва Б.Насимовнинг юқорида қайд этилган жиноятлари ўз тасдиғини топди. Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг ҳукми билан уларга жазо тайинланди.

 

Шукур ХОЛИҚУЛОВ,

Бош прокуратура департаментининг Қарши туман бўлими бошлиғи

(“Ҳуқуқ” газетасидан олинди).

2018-10-08 17:18:36  |  1743 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация